16:04 / 03.03.2020
0
10950

Унутилган мораторий: дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш ўтган йилга нисбатан 27 фоизга кўпайди

Фото: KUN.UZ

Атроф-муҳит, сув ва ҳаво ифлосланиши – урушлар, зўравонликлар, касалликлар, очарчилик ёки табиий офатлардан кўра кўпроқ одамларнинг умрига зомин бўлади. Шу хулосага келишган америкалик мутахассислар ўз ҳисоботларини Lancet тиббий журналида эълон қилишди, деб хабар бермоқда The Guardian нашри.

Мутахассисларнинг фикрича, ифлосланишдан ўлим сони чекиш сабаб юз берадиган ўлим миқдоридан бир ярим баробарга; ОИТС, сил ва безгакдан уч мартага; урушлар ҳамда зўравонликлардан 15 бараварга юқори.

Дунё бўйича 184 давлатдан бўлган 15 мингдан ортиқ олим инсониятга асосий таҳдидлар ҳақида сўз юритилган ҳужжатни имзолашди. «Инсониятга иккинчи огоҳлантириш» BioScience журналида эълон қилинган.

Биринчи «Инсониятга огоҳлантириш» 1992 йилда чиқарилган. Унга бутун жаҳон бўйлаб тахминан 1700 олим имзо чеккан. Ҳужжат Ердаги ҳаёт озон туйнукларининг пайдо бўлиши, сув ва ҳавонинг ифлосланиши, ўрмонларнинг кесилиши, тупроқнинг ориқланиши ҳамда одамларнинг атроф-муҳитга аралашуви оқибатлари туфайли йўқолиши ҳақида ҳикоя қилади. Янги ҳужжат «Огоҳлантириш» эълон қилинганига 25 йил тўлиши муносабати билан ўзига хос якунларни сарҳисоб қилди.

Шунга қарамай, ўсимлик дунёсидан фойдаланиш, яъни ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар кесиш билан боғлиқ бир қатор муаммолар мавжуд.

Маълумотларга кўра, 2019 йил давомида Ўзбекистон бўйича 2 778 маротаба дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари содир этилган.

Хўш, жисмоний ва юридик шахсларга давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга қачон рухсат этилади ва уларга қандай талаблар белгиланган?

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги «Табиатдан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги №255-сонли қарори билан жисмоний ва юридик шахсларга давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатномалар бериш тартиби белгилаб берилган.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан рухсатномаларни олиш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари ва Давлат экология қўмитаси органларига Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали сўровнома билан мурожаат этилади. Бунда сўровнома кўриб чиқилгани учун БҲМнинг 30 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга фақат санитария мақсадларида ҳамда бинолар, иншоотлар ва коммуникацияларни қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ ҳоллардагина йўл қўйилади.

Табиий омиллар ёки ўсимликлар зараркунандалари, касалликлари таъсирида шикастланган, қуриётган ёки қуриб қолган, шунингдек, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф солаётган дарахтлар ва буталарни кесиш учун рухсатнома тўловни амалга оширмасдан берилади.

Шуни қайд этиш жоизки, юридик ёки жисмоний шахснинг мулки бўлган ва улар томонидан ёғоч-тахта ва ҳосил олиш учун экилган дарахтлар ва буталарни (терак ва бошқа тез ўсувчи навлар, тут плантациялари, мевали дарахтлар ва буталар) кесишга рухсатнома талаб этилмайди.

Давлат экология қўмитаси органлари томонидан сўровнома келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида дарахтлар ва буталарнинг ҳолатини, яъни юқорида кўрсатиб ўтилган талабларга мувофиқлиги ўрганилади ва тегишлилиги бўйича ижобий хулоса берилади ёки рад этилади.

Ижобий хулоса берилган тақдирда аризачи дарахт ёки бутанинг ўлчами ва тоифасига қараб Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорларда тўловни амалга оширади ва туман (шаҳар) хокимликлари томонидан унга QR-код қўйилган рухсатнома тақдим этилади.

Ушбу соҳада қандай муаммолар мавжуд? Аҳолига сифатли давлат хизматларини кўрсатишда нималар тўсқинлик қилмоқда?

Президентнинг 2019 йил 30 октябрдаги фармони билан, 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиқланди. Шунингдек, мораторийнинг 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача амал қилиши ва бу давр мобайнида ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига рухсатнома бериш ман этилиши белгилаб берилди.

Мораторий қуйидагиларга тадбиқ этилмайди:

·       табиий омиллар ёки зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари таъсирида зарарланган, қуриб бораётган ёки қуриб қолган, шунингдек, фуқароларнинг хаёти ва соғлиғига, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф туғдирувчи дарахтлар ва буталарнинг санитар кесиш ва қирқишга;

·       ёғоч ва мевалар олиш учун ўстирилаётган дарахтлар ҳамда буталарни (терак ва тез ўсувчи бошқа навлар, тут плантациялари, мевали дарахтлар ва буталар) кесишга;

·       плантацияларда ўстиралаётган ва/ ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки ҳисобланган дарахтлар ҳамда буталарни кесишга.

Аслида, дарахтлар ва буталар кесилишига мораторий жорий этилишидан мақсад – бугунги кунда кенг кўламда қурилиш ишлари амалга оширилиши билан боғлиқ, десак муболаға бўлмайди. Айнан қурилиш ишлари амалга оширилаётган вақтда дарахтлар кўпроқ кесилиши ёки нобуд бўлиши кузатилмоқда. Ана шу дарахтлар кесилишининг олдини олиш, уларни сақлаб қолиш мақсадида ҳам мораторий жорий қилинган эди.

Бироқ, амалда ҳанузгача ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ҳолатлари учраб турибди. Бундай қонунбузарликлар ўтган йилга нисбатан 27 фоизга кўпайганини қандай изоҳлаш мумкин?

Тизимли муаммолардан яна бири – жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган аризаларни кўриб чиқиш муддатларининг қўпол равишда бузилиши, шунингдек, аризаларни кўриб чиқишда асоссиз рад этилиш ҳолатлари ҳисобланади.

Бунинг натижасида, республикамизда 2019 йил давомида ваколатли орган вакиллари томонидан рухсатнома бериш жараёнида 367та қонунбузилишга йўл қўйилгани аниқланиб, соҳа вакилларига нисбатан Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 19 та тақдимномалар киритилиб, давлат хизматлари кўрсатиш муддатларини бузган 26 нафар мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди.

Албатта, ушбу йўналишдаги давлат хизматлари кўрсатилиш сифатини яхшилаш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилишини таъминлаш билан бир қаторда, барча давлат органлари биргаликда тизимли ишлар олиб бориши, ёш авлодни табиатга муҳаббатли қилиб ўқитиш, тарбиялаш, аҳолининг барча қатламини мазкур соҳага кенгрок жалб этиш ҳамда табиатнинг бир бўлаги эканимизни ҳис этиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, атроф-муҳит, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни келажак авлодга бор таровати билан етказиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Мадина Маҳмудова,
Давлат хизматлари агентлиги маъсул ходими.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top