18:48 / 04.03.2020
0
8755

Халқаро конференция якунланди: Имом Мотуридий таълимоти бўйича анъанавий танлов ўтказиш таклиф қилинди

Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро конференция якунланди, дея хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати.

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро конференцияда йигирмага яқин давлатдан уламолар, исломшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари қатнашди.

Якуний ялпи йиғилишда қайд этилганидек, икки кун давомида асосий ва иккита шўъба мажлисларида қирқдан ортиқ маъруза тингланди.

Маърузаларда Имом Абу Мансур Мотуридий шахси ва ақидавий қарашлари, мотуридийликнинг мафкуравий асоси, мотуридия калом мактабига оид янги манбалар, ушбу таълимотнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида фикр билдирилди.

Жумладан, Покистон бош муфтийси, Карачи ислом университети президенти Муҳаммад Рафиъ Усмоний ўз маърузасида ҳозирги кунда интернет тармоғи орқали мотуридийлик таълимотига аёвсиз ҳужумлар уюштирилаётгани билимсизлик натижаси эканини қайд этди.

Малайзия ислом илмлари университети профессори Камолиддин Нуриддин Маржуний мотуридия таълимоти аҳли сунна ақидасини ҳимоя қилиш, унинг рақибларига раддия беришда улкан фазилатларни намоён этиб бораётгани, унинг таассубдан йироқлиги, мўътадиллиги, ислом ғояларини бағрикенглик тамойилига мос тушунтириши билан барчага ўрнак бўлиб келаётганини айтиб ўтди.

Анжуман якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида тавсиялар ишлаб чиқилди.

Хусусан, аллома асарлари библиографиясини яратиш, китобларни кўпроқ нашр этиш, уларда илгари сурилган ғоя ва қарашларни содда тилда ёшларга ўргатиш, махсус сайт яратиб, Имом Мотуридий илмий мероси ва мотуридия таълимоти ҳақида маълумот бериб бориш, кутубхона ташкил этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Анжуман қатнашчилари Ал-Азҳар университети талабалари ва тадқиқотчилари ўртасида Имом Мотуридий асарлари ва мотуридия таълимоти бўйича анъанавий танлов ўтказиш, танлов ғолибларининг Ўзбекистонга илмий-ижодий сафарларини уюштириш ташаббусини билдирди.

Ялпи йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.Қосимов, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб иштирок этди.

Эслатиб ўтамиз, кеча Шайх Аҳмад Таййибга “Самарқанд шаҳри фахрий фуқароси” унвони берилгани ҳақида хабар бергандик.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top