13:31 / 06.03.2020
0
9995

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари бўйича қарор қабул қилиниши кутиляпти

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади

Фото: ЎзА

Вазирлар Маҳкамасининг “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Низом тасдиқланади.

Белгиланишича:

а) пахта тозалаш корхоналари ва пахта тайёрлаш масканларининг бино ва иншоотлари пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига баҳоланган қийматда 5 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан сотилади;

б) пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига пахта тозалаш корхоналари ва пахта тайёрлаш масканларининг бино ва иншоотларини сотиш 2 йил муддатдан кўп бўлмаган даврда модернизация қилиш шартларида амалга оширилади;

в) пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлов масканларининг мавжуд дастгоҳлари ва бошқа асосий воситаларини ижарага бериш:

модернизация қилиш давригача амалга оширилиши мумкин;

мулк солиғини инобатга олган ҳолда давлат мулкига белгиланган энг паст ставкаларда амалга оширилади.

«Ўзпахтасаноат» АЖга пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларига сотиш назарда тутилган пахта тозалаш заводлари ва тайёрлов масканларининг баҳолаш қийматидан қуйидаги чегирмаларни тақдим этиш масаласида пахта тозалаш заводларининг бошқарув органларида ташаббус билан чиқиш тавсия этилади:

бир йил мобайнида тўланганда — 50 фоиз миқдорида;

икки йил мобайнида тўланганда — 40 фоиз миқдорида;

уч йил мобайнида тўланганда — 30 фоиз миқдорида.

Бунда пахта тозалаш заводлари ва тайёрлов масканларининг чегирмаларни ҳисобга олган ҳолдаги баҳоси уларнинг баланс қийматидан паст бўлиши мумкин эмас.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластерларини ташкил этиш фақатгина алмашлаб экишни инобатга олган ҳолда жойлаштирилган пахта хом ашёсини жойлаштириш билан ўзаро боғлиқ ҳолда ташкил этилади.

Шу мақсадда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят хокимликлари ҳосил йилидан олдинги йилнинг 1 сентябридан кечиктирмай Вазирлар Маҳкамасига фермер хўжаликлари, бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, шунингдек пахта-тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари ва фермер хўжаликлари ўртасидаги шартнома муносабатларидан озод бўлган пахта майдонларининг миқдори ва жойлашуви бўйича таклифларни киритади.

Фермер хўжаликлари, бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, шунингдек пахта-тўқимачилик ишлаб чиқарувчилари ва фермер хўжаликлари ўртасидаги шартнома муносабатларидан озод бўлган пахта майдонлари деб қуйидагилар ҳисобланади:

пахта хом ашёсини мустақил етиштириш ёки фермерлардан контрактация шартномалари бўйича харид қилиш учун пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари (кластерлар)га олдинроқ ажратилмаган ёки бириктирилмаган ер майдонлари;

илгари ёки узоқ вақт қишлоқ хўжалиги экинларини етиштирилмаган қайта ўзлаштирилаётган ёки қайта тикланаётган ер майдонлари;

ердан фойдаланиш бўйича ижара шартномаси шартларини қўпол равишда тизимли бузиб келиш муносабати билан фермер хўжаликларидан қайтариб олинган ер майдонлари;

шартномаси шартларини қўпол равишда тизимли бузиб келиш муносабати билан пахта-тўқимачилик кластерларидан олиб қўйилган ёки пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларидан ажратилган фермер хўжаликлари ер майдонлари;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари таклифлари томонидан пахта ва тўқимачилик ишлаб чиқарувчиларига (кластерларга) ўтказилиши таклиф этилаётган давлат пахта-тўқимачилик кластерларига ажратилган ер майдонлари.

Фермер ва бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари билан шартномавий муносабатлардан, шунингдек, фермер ва пахта ва тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластерлари ўртасидаги шартномавий муносабатлардан озод бўлган ерлар ҳақидаги маълумотлар ҳосил йилидан олдинги йилнинг 15 сентябридан кечиктирмасдан оммавий, жумладан электрон ахборот воситаларида эълон қилиб борилади.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластерини ташкил этиш ҳуқуқини бериш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳокимлари ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги махсус ишчи гуруҳ таклифлари асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорини қабул қилиш орқали тақдим этилади.

Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластерини ташкил этиш ҳуқуқини олиш учун ариза берувчи ҳосил йилидан олдинги йилнинг 1 октябридан кечиктирмай Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимлигига ёзма ариза беради.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

иштирокчи-ташкилотчининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома;

талаб этиладиган ер майдонлари ҳажми ва ўрни, ўзи мустақил ёки фермерлар билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида пахта хом ашёсини етиштириш кесимида пахта майдонлари ҳажми ва жойлашуви, режалаштирилаётган ҳосилдорлик, пахта хом ашёсини бирламчи қайта ишлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмлари, янги иш ўринлари яратиш, шунингдек молиялаштириш манбалари назарда тутилган пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ва/ёки кластер фаолиятини ташкил этиш бизнес-режаси (камида уч йиллик);

пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва/ёки кластерни ташкил этиш учун зарур инфратузилмани жойлаштириш учун ер майдонларига эҳтиёж ва жойлаштириш манзили;

талабгорнинг хизмат кўрсатувчи банкидан охирги 12 ой фаолияти бўйича айланмаси тўғрисидаги ҳамда молиявий ҳолати бўйича баҳоланган маълумотнома;

талабгорнинг мавжуд пахта толасини қайта ишлаш ва тўқимачилик-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари объектлари, шунингдек (хоҳишга кўра) бошқа мулки тўғрисида маълумот.

Талабгорга пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва кластерни ташкил этиш ҳуқуқини беришнинг асосий мезонлари бўлиб:

талабгорда пахта толасини қайта ишлаш ва/ёки чуқур қайта ишлаш қувватларининг мавжудлиги;

пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ва/ёки кластер ташкил этиш учун бизнес-режа амалга ошириш учун етарли ҳажмда ўз ёки қарз молиявий маблағларнинг тасдиқланган манбалари, шунингдек пахта толасини чуқур қайта ишлаш қувватларининг (шу жумладан кооператив асосда) мавжудлиги, ернинг мелиоратив ва сифатини яхшилаш, пахта хом ашёси ҳосилдорлигини ошириш, замонавий сув ва ресурс тежайдиган технологияларни жорий етиш, пахта хомашёсини йиғиб-териб олишни механизациялаштириш даражасини ошириш ва бошқалар назарда тутилган чора-тадбирларнинг мавжудлиги;

тўқимачилик, асосан чуқур қайта ишлаш жараёнларидан олинган маҳсулотларни экспорт қилиш шартномаларининг мавжудлиги.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари ариза берилган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида аризага илова қилинган ҳужжатларни, жумладан талабгорни тақдимотга таклиф этиш орқали, ўрганиб, унинг белгиланган мезонларга мувофиқлиги ва кейинги босқичда қарор қабул қилиш учун ҳужжатларни қабул қилинганлиги ёки ҳужжатлардаги камчиликларни асослантирган ҳолда ёки унинг мезонларга жавоб бермаслиги тўғрисида талабгорга маълумот беради.

Талабгор ҳосил йилидан олдинги йилнинг 1 октябридан кечиктирмасдан ҳужжатлардаги камчиликларни бартараф этган ҳолда қайта топширишга ҳақли.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top