07:48 / 10.03.2020
0
11858

Мирзиёев Ўзбекистонда биотехнологияларни ривожлантиришга доир қарор имзолайди (батафсил)

Ўзбекистонда биотехнологияларни ривожлантириш ва био-хавфсизлик тизимини шакллантиришга доир комплекс чора-тадбирлар қабул қилинади

Фото: Shutterstock

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида биотехнологияларни ривожлантириш ва био-хавфсизлик тизимини шакллантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар биотехнологияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари деб ҳисобланади:

биотехнологияларни ривожлантириш учун зарур бўлган меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш ва биологик хавфсизликни, айниқса ген муҳандислиги фаолияти хавфсизлигини таъминлаш;

биотехнологик маҳсулотларни тадқиқ қилиш, жорий қилиш, ишлаб чиқариш ва сотиш учун инфратузилмани яратиш;

биотехнологиялар соҳасидаги устувор инновацион ва инвестицион лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш;

янги инновацион биотехнологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича илмий тадқиқотлар даражасини ошириш, уларнинг глобал илмий маконга интеграциялашувини таъминлаш;

биотехнологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва қўллашда биологик хавфсизликни таъминлаш;

янги биотехнологиялар, биоинформатика, биофармацевтика, биотиббиёт, фудомикс, метаболомикс, хемометрикс, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш каби соҳаларда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимининг барқарор ишлаши ва ривожланиши учун шароит яратиш;

биотехнологик маҳсулотларнинг янги бозорларини шакллантириш, шунингдек, биотехнологик маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаш бўйича меъёрий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш;

ички бозорда ва ишлаб чиқариш соҳаларида биотехнологик маҳсулотларнинг истеъмолини ва қўлланиш ҳажмини ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги биотехнологияларни ривожлантириш соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгиланади ва унга қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

биотехнологиялар соҳасининг давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини жорий этиш орқали барқарор ривожланишига кўмаклашиш;

биотехнологияларни ривожлантириш бўйича мақсадли илмий дастурларни амалга ошириш ва мувофиқлаштиришни таъминлаш;

биотехнологиялар соҳасида рақобатбардош, иқтисодий жиҳатдан самарали ечимлар, янги маҳсулотлар ва технологияларни яратишга йўналтирилган устувор илмий йўналишларни аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

тажриба-ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари, стартаплар, акселераторлар, бизнес-инкубаторлар ва технопаркларни ўз ичига олган тўлақонли биотехнология саноатининг инфратузилмасини яратишда кўмаклашиш;

биотехнологияларда инновацион лойиҳаларни шакллантириш ва амалга оширишга ёрдам бериш;

биотехнологияларни иқтисодиётнинг реал секторларига кенг миқёсда жорий этишга кўмаклашиш;

биотехнология усуллари ва воситалари билан мамлакатнинг тегишли ижтимоий-иқтисодий, энергетик, экологик ва бошқа муаммоларини ҳал этиш.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта таълим вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда "Ўзбекнефтгаз" АКнинг қуйидагиларни ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади:

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази ва Ўзбекистон Миллий университети қошида илмий-ўқув ва ишлаб чиқариш биотехнологик хаб;

ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот институтлари қошида биологик коллекциялар тармоғи - ўзак ҳужайралари банки, ДНК биобанки, ҳужайралар биобанки, биологик фаол моддалар кутубхонаси;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Иммунология ва инсон геномикаси институтида биотиббиёт технологиялари соҳасида илмий, инноватсион, ишлаб чиқариш ишларини ривожлантириш, тиббиёт ва ветеринариянинг ихтисослашган соҳаларига илғор технологияларни самарали жорий этишни қўллаб-қувватлаш учун Биотиббиёт технологиялари хизмати;

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази қошида кимё, биология, биотиббиёт, биотехнология соҳаларида яратилган улкан ҳажмли маълумотларни таҳлил қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича «Big Data» миллий лабораторияси;

Копенгаген университети билан ҳамкорликда замонавий «фудомикс» лабораторияси;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Микробиология институтида тупроқ ва сув ҳолатини мониторинг қилиш илмий лабораторияси;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази қошида Картахена протоколи қоидаларини амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи марказ.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги:

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Илғор технологиялар маркази қошида кимё, биология, биотиббиёт, биотехнология соҳаларида ҳосил бўлган катта ҳажмли маълумотларни таҳлил қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш учун «Big Data» миллий лабораториясини ташкил этади;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Миллий лабораториянинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шу жумладан кимё, биология, биотиббиёт, биотехнологияларда яратилган катта ҳажмли маълумотларни таҳлил қилиш учун буюртмалар портфелини шакллантириш чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Иммунология ва инсон геномикаси институти қошида юридик шахс ташкил этилмаган ҳолда Биотиббиёт технологиялари хизматини яратиш;

Фанлар академиясининг Микробиология институти қошида тупроқ ва сув ҳолатини мониторинг қилиш бўйича илмий лаборатория ташкил этиш;

а) Хизматнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

биотиббиёт тадқиқотлари ривожланишининг дунё миқёсидаги тамойилларини тизимли таҳлил қилиш, илғор технологиялар трансферини таъминлаш;

мамлакатда олиб борилаётган био-тиббий тадқиқотларнинг ҳозирги ҳолатини таҳлиллаш ва мониторинг қилиш, мамлакатда биотиббиётни ривожлантириш бўйича прогнозлар тузиш, форсайт тадқиқотларини ўтказиш, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига натижалари бўйича таклифлар киритиш;

биотиббий тадқиқотларнинг устувор йўналишларини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва илмий лойиҳаларга буюртмалар портфелини шакллантириш;

тиббиёт, фармацевтика ва ветеринария соҳаларига биотиббиёт технологияларини жорий этиш ва тижоратлаштириш;

ихтисослаштирилган биотиббиёт маҳсулотлари ва хизматларини стандартлаштириш, рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаштириш бўйича меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

б) Илмий лабораториянинг асосий вазифалари ва фаолияти қилиб қуйидагилар белгиланади:

тупроқ ва оқава сувлар ифлосланишини баҳолашнинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;

яроқсиз ерларни тиклаш технологияларини ва ифлосланишга қарши курашиш учун янги микроб биотехнологияларини ишлаб чиқиш;

минерал ва биологик препаратларнинг тупроқ микробиоценозига таъсирини доимий мониторинг олиб бориш;

тупроқ ва сув хавфсизлигини таҳлили хизматларини кўрсатиш, тупроқ унумдорлигини таҳлил қилиш;

тупроқшунослик, экология, қишлоқ хўжалиги биотехнологиялари йўналишларида кадрлар тайёрлаш ишларида иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясидаги Геномика ва биоинформатика марказида юридик шахс ташкил этмасдан, Картахена протоколи шартларини амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштириш маркази ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Мувофиқлаштириш марказининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қилиб қуйидагилар белгиланади:

биологик хавфсизлик, импорт/экспорт, генетик модификацияланган организмлар ва уларнинг асосида яратилган маҳсулотларни Ўзбекистонда синов ёки тижоратда фойдаланиш мақсадида атроф-муҳитга чиқариш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва илмий тадқиқотлар тўғрисидаги маълумотларни излаш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, шунингдек, халқаро ахборот тармоқлари маълумотлар базаларида кўрсатилган биологик хавфсизлик тўғрисидаги маълумотлар, миллий биологик хавфсизлик маълумотлари базасини яратиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши кўзда тутилган генетик модификацияланган организмлар ва улар асосида олинган маҳсулотларнинг хавфсизлиги бўйича илмий экспертиза ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишга рухсат берилган генетик модификацияланган организмларнинг Миллий реестрини ташкил этиш ва юритиш;

бошқа мамлакатларнинг ва халқаро ташкилотларнинг биологик хавфсизлик марказлари билан маълумотлар алмашиш.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Фанлар академиясининг қуйидаги таклифига розилик берилади:

Москва Давлат университетининг Тошкент филиалида биотехнологиялар факултетининг очилиши ва унга мамлакатнинг илмий-тадқиқот муассасаларини лаборатория ва тажрибавий ишлар учун бириктириш;

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб айрим олий ўқув юртларига биотехнологик мутахассисликлар учун қабул квоталарини қуйидаги миқдорларда ажратиш:

а) Бакалавриат таълими йўналишида:

Ўзбекистон Миллий университетида «Биотехнология», 50 та ўрин;

б) Магистратура таълими йўналишида:

Ўзбекистон Миллий университетида «Биотехнология», 10 та ўрин;

Ўзбекистон Миллий университетида «Геномика ва биоинформатика», 10 та ўрин;

Тошкент Давлат Техника университетида «Саноат биотехнологияси», 5 та ўрин;

Тошкент Фармацевтика институтида «Фармацевтик биотехнология», 10 та ўрин;

Тошкент Давлат Аграр университетида «Агробиотехнология», 10 та ўрин;

Урганч давлат университетида «Биотехнология», 5 та ўрин;

Қарши Давлат университетида «Агробиотехнология», 5 та ўрин;

ҳар йили камида 20 нафар ёш олимларнинг етакчи илмий марказлар ва университетларда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан биотехнология соҳасида чет элларда илмий малака оширишларини, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги "Эл-юрт умиди" жамғармаси маблағлари ҳисобидан энг камида 20 кишининг магистратурада ва PhD-докторантурада таҳсил олишларини молиялаштириш;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2020/2021 ўқув йили бошланишигача:

ҳар йили "Биотехнология", "Генетик ва ҳужайра муҳандислиги", "Геномика", "Биоинформатика" фанлари бўйича ўқув дастурларини жаҳон илм-фанининг ривожланиш тамойилларига мувофиқ равишда янгилаб бориш;

ўқув жараёнида “Фудомикс”, “Хемометрика”, “Метаболомика”, “Биологик хавфсизлик” ва “Генетик модификацияланган организмларнинг хавфини баҳолаш» ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

биотехнология мутахассислиги бўйича магистрлик диссертациялари ҳимоя қилишнинг лойиҳавий ҳимоялаш (бизнес-режалар тузиш) тизимини жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги биринчи раҳбарларига қуйидагилар учун шахсий жавобгарлик юклатилади:

қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган биотехнологик маҳсулотлар улушини 2022 йилга келиб 25 фоизга ва 2025 йилга келиб 50 фоизга етказиш, 2025 йилга келиб, агробиотехнологияга жалб қилинган биотехнологик компаниялар улушини 5 баравар ва 2030 йилга келиб 10 баравар ошириш;

кимё, нефть-газ ва тоғ-кон саноатининг биотехнологик маҳсулотларидан фойдаланиш ҳажмини 2025 йилда 25 фоизга орттириш ва бу кўрсаткични 2030 йилга келиб 50 фоизгача етказиш;

маҳаллий ишлаб чиқарилган тиббий биотехнологик маҳсулотлардан фойдаланиш улушини 2022 йилда 25 фоизга ошириш ва уни 2025 йил охирига қадар 50 фоизгача етказиш.

Белгилаб қўйилишича, 2020 йил 1 июндан бошлаб:

дори воситаларидан ташқари барча турдаги биотехнологик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни лицензиялаш бекор қилинади;

ишлаб чиқарилган биотехнологик маҳсулотларни сертификатлаш/рўйхатдан ўтказиш тизими ваколатли органларда белгиланган тартибда жорий этилмоқда;

пестицидлар, гербицидлар ва бошқа заҳарли кимёвий моддаларни ишлаб чиқариш ёки олиб кириш билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектлар тегишли стандарт намуналарининг реализация қилинишини таъминлайди.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб қуйидаги тартиб белгиланади:

а) республикага импорт қилинган, ишлаб чиқарилган ва экспорт қилинган барча озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида генетик модификацияланган организмларнинг мавжудлиги мажбурий равишда текширилади;

б) республикага импорт қилинган, ишлаб чиқарилган ва экспорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида генетик модификацияланган организмларнинг мавжудлиги мажбурий равишда маркировкалаштирилади;

в) таркибида генетик модификацияланган организмлар ва/ёки унинг таркибий қисмлари мавжуд хом ашё тўғрисидаги маълумотлар, маҳаллий ёки хорижий етказиб бериш, ишлаб чиқариш ва генетик модификацияланган маҳсулотларини сотиш асносида товар-транспорт ҳужжатларига киритилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Инновацион ривожланиш ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш фондига йилига 10 фоиз индексация қилинган ҳолда, ҳар йили 20 миллиард сўм маблағ ажратилишини таъминлайди.

Белгилаб қўйилишича, Инновацион ривожланиш ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, шунингдек, қуйидагиларни молиялаштириш учун йўналтирилади:

илмий стартап лойиҳалари;

50 фоизи биргаликда молиялаштириши шарти билан тажриба-саноат ишлаб чиқаришларни яратиш ва ривожлантириш лойиҳаларга;

маҳаллий ва хорижий биотехнологик корхоналарнинг илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун қилган харажатларининг бир қисмини қоплаш;

биотехнология саноатини ривожлантириш учун илмий ва лаборатория ускуналарини харид қилиш;

соҳага янги замонавий технологияларни, инновацион ғоя ва ишланмаларни жорий этиш;

ёш мутахассисларнинг чет элларда амалиёт ўташи билан боғлиқ харажатларни қоплаш, хорижий мутахассислар ва маслаҳатчиларни жалб қилиш.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top