22:05 / 10.03.2020
0
8354

Талаба ОТМдаги ўқишини тугатгунча тахминан 150-160 марта коррупцияга дуч келиши аниқланди

Ўзбекистондаги давлат ОТМларида талабалар ўқиш давомида тахминан 150-160та коррупцион ҳолатга дуч келади. Бу ҳақда Бош прокуратура масъул ходими Сардор Маманов маълум қилди.

10 март куни Давлат тест марказида коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Бош прокуратура масъул ходими Сардор Маманов «Коррупциясиз соҳа» пилот лойиҳаси доирасида ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳақида маълумот берди.

«Олий таълим тизимида олиб борган ўрганишларимиз натижасида талаба ОТМга кириб то уни битиргунча бўлган даврда турли катта-кичик ҳолатларда тахминий 150-160та коррупцион ҳолатга дуч келиши аниқланди.

Булар орасида дарс қолдириш, давомат, семестр имтиҳонларини топшириш кабилардан тортиб, диплом ҳимоясигача бўлган жараёнлар ўрганилди», – деди Бош прокуратура вакили.

Унинг қўшимча қилишича, коррупцион ҳолатлар аниқланиши билан бирга уларнинг ечимлари ҳам тегишли вазирлик мутахассислари ва хорижлик экспертлар жалб этилган ҳолда кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда олий таълимдан ташқари қурилиш ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ҳам коррупциясиз соҳаларга айлантириш учун чоралар кўрилмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top