09:00 / 15.03.2020
19842

Инновацион ривожланиш вазирлиги коронавирусга қарши кураш доирасида танлов эълон қилди

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистонда COVID-19 коронавирусга қарши самарали курашиш, касалликнинг республика ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида «Тиббиёт фанлари» йўналишида амалий лойиҳалар танловини эълон қилди. Амалий лойиҳаларни молиялаштириш учун жами 3,5 млрд сўм ажратилади.

Фото: Anadolu Ajansi

«Мавжуд ҳолат республикамизда коронавирусли инфекциялар патогенезини чуқур таҳлил қилиш асосида уларни даволаш технологияларини яратиш ҳамда коронавирус штаммларини аниқлаш учун молекуляр-генетик диагностикумлар яратишга эҳтиёжни юзага келтирмоқда.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб тарқалаётган коронавирус инфекциясининг (COVID-19) Ўзбекистонга кириб келмаслигини таъминлаш аввало мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими, профилактика ишларини янада юқори даражага кўтаришни тақозо этади», дейилади Инновацион ривожланиш вазирлиги хабарида.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги 133-сонли «Илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган талабларга мувофиқ ўтказилади.

Илмий лойиҳаларга давлат буюртмаси доирасида амалга ошириладиган амалий лойиҳалар мавзулари:

  1. «Коронавирусли инфекциялар патогенезини чуқур таҳлили асосида уларга қарши кураш ва даволаш технологиясини яратиш» бўйича бажарилиши икки йилга мўлжалланган амалий лойиҳа (умумий молиялаштириш ҳажми – 2 млрд сўм);
  2. «COVID-19 коронавирус штаммларини аниқлаш учун молекуляр-генетик диагностикум яратиш» бўйича бажарилиши бир йилга мўлжалланган амалий лойиҳа (умумий молиялаштириш ҳажми – 1,5 млрд сўм).

Танлов шартлари:

  • Тақдим этилган лойиҳалар www.fan-portal.uz веб-саҳифаси орқали электрон рўйхатдан ўтказилиши шарт. Электрон рўйхатдан ўтмаган, танлов мавзусидан ташқари мавзуларда тайёрланган лойиҳалар танловга қабул қилинмайди.
  • Қоғоз шаклда тақдим этилган лойиҳалар илмий-тадқиқот институтларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарлари, олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари томонидан тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари   имзолаган йўлланма хати асосида қабул қилинади.
  • Лойиҳа матни А4 форматдаги стандарт қоғоз варағининг икки томонида жойлашиши ва қоида тариқасида 1,15 қатор оралиғида ёзилиши лозим. Ҳар бир бет юқоридан ва пастдан 2 см; чапдан 3 см; ўнгдан 1,5 см ҳошияга эга; хатбоши 1,27 см.га тенг ва бир хилда бўлиши лозим.
  • Матнни компьютер воситасида босиб чиқаришда «Тimеs Nеw Rоmаn» 12 ўлчамли шрифтда «Мiсrоsоft Wоrd» матн редакторидан фойдаланиш тавсия қилинади.
  • Бетлар титул варағидан бошлаб охирги вараққача изчил кетма-кетликда рақамланади. Бетнинг тартиб рақами варақнинг пастки ўнг бурчагида 2 рақамидан бошлаб ёзилади. Титул варағига 1 рақами қўйилмайди.
  • Лойиҳа ҳар бир талаб қилинган ҳужжати ва бошқа таркибий қисмлари янги бетдан расмийлаштирилади.
  • Лойиҳа раҳбари ва иштирокчиларининг мезонларда талаб қилинган илмий ишлар рўйхати (охирги 3 йил давомидаги нашрлар қуйидаги хронологик тартибда келтирилиб, изчил кетма-кетликда рақамланади: монография; патент; илмий мақола; илмий тўпламлар ва бошқа нашр ишлари) 3.4-шаклга қатъий риоя қилинган ҳолда расмийлаштирилади ва муаллиф, илмий котиб томонидан имзоланади ва ташкилот муҳри билан тасдиқланади.
  • Электрон рўйхатдан ўтказилган лойиҳалар 2020 йилнинг 15 апрелига қадар шанба ва якшанба кунларидан ташқари ҳар куни соат 10:00дан 18:00 гача вазирлик биносида қабул қилинади.
  • Тақдим этилган лойиҳалар танлов талабларига қатъий риоя қилинганлиги, лойиҳа материалларининг ишончлилиги ва ҳаққонийлиги, кўчирмачиликка (плагиат) йўл қўйилмаганлиги, талаблар асосида шакллантирилганлиги бўйича дастлабки техник экспертизадан ўтказилади.
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 июлдаги ПҚ-3855-сон қарорига мувофиқ илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажарилган амалий ва инновацион тадқиқотлар натижалари улар якунланганидан сўнг тўлиқ тижоратлаштирилиши шарт.
  • Тақдим этиладиган лойиҳаларга тегишли вазирликлардан лойиҳа мавзуси, унинг бажарилиши ва ундан кутилаётган натижалар Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг тармоқ ва соҳаларини ривожлантириш учун зарурлиги таъкидланган ҳамда ташкилот Илмий (илмий-техник) кенгашлари томонидан тавсия этилганлиги ҳақидаги қароридан кўчирма илова қилиниши лозим.
  • Танлов ўтказилишининг объективлиги, адолатлилиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида лойиҳаларни қабул қилиш, экспертизасини амалга ошириш, махсус белгиланган хоналарда видеокузатув воситалари (камералар) орқали ёзиб олинади.
  • Тақдим этилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ишончлилиги ҳамда танлов ғолиблари томонидан илмий-техник лойиҳаларнинг натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган, кутилаётган натижаларни тўла ва ўз вақтида сифатли бажарилишига илмий лойиҳа раҳбарлари, илмий лойиҳани бажарувчи ташкилот раҳбарлари ва тегишли юқори турувчи ташкилотларнинг масъул ходимлари жавобгар ҳисобланади.
  • Белгиланган муддатда фан йўналишлари бўйича электрон ва қоғоз шаклларда тақдим этилмаган лойиҳалар танловга қабул қилинмайди.
  • Танловга битта лойиҳа келиб тушган тақдирда қайта эълонга берилади ва натижаси бўйича агар лойиҳа келиб тушмаса, дастлабки келиб тушган лойиҳа билан музокара ўтказилиб, салоҳиятига кўра ИТКга чиқарилади.
  • Дастлабки техник экспертизадан ўтмаган лойиҳалар танловнинг кейинги босқичига тавсия этилмайди.

Эслатма: Танловга тақдим этилган лойиҳаларнинг натижалари тўғрисидаги маълумот www.mininnovation.uz веб-сайтида «Танловлар» рукнининг «Танлов натижалари» интерактив» хизмати орқали очиқ маълумотлар тақдим этиб борилади.

www.fan-portal.uz веб-портали орқали электрон рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ техник масалалар бўйича Инновацион ривожланиш вазирлигининг қўллаб-қувватлаш хизмати: (71) 203-32-23 (620, 621) – Ахборот технологияларини жорий этиш бўлими.

  • 15 март ҳолатига кўра, бутун дунёда жами 156 738 кишида коронавирус аниқланган, ҳозиргача уларнинг 75 935 нафари соғайиб кетган, 5839 киши вафот этган.
Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top