Жамият | 16:30 / 30.08.2023
19987
2 дақиқада ўқилади

Андижонлик ўқитувчи Буюк Британия олийгоҳлари битирувчилари орасида ўтган танловда 1-ўринни олди

Буюк Британия олийгоҳларини битириб, ватанида ишлаётган битирувчилар ўртасида танлов ўтказилди. Унда Андижондаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати инглиз тили ўқитувчиси Искандар Саттибоев "Маданият ва ижодкорлик" йўналишида 1-ўринни эгаллади.

Ҳар йили Буюк Британиядаги 120дан ортиқ олийгоҳларни тамомлаб, ватанида ишлаётган собиқ битирувчилар ўртасида танлов ўтказилади. 2023 йил ўтган танловда Андижондаги 1-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати инглиз тили фани ўқитувчиси Искандар Саттибоев "Маданият ва ижодкорлик" йўналишида 1-ўринни эгаллади. Унда 100га яқин мамлакатлардан 1200дан ортиқ иштирокчи, 4та номинация бўйича беллашган.

Маълумот учун, Искандар Саттибоев бакалавриатни 2003 йилда Андижон давлат чет тиллар педагогика институтида тугатган. 2008 йил эса Буюк Британиядаги Эдинбург университетининг “Қиёсий ва умумий адабиётшунослик” йўналиши бўйича магистратурани битирган.

У она тилидан ташқари жами 7 та тилда (инглиз, немис, араб, дат, турк, форс ва рус тиллари) мулоқот қила олади. 2006 йилда IELTS’дан 8 баллни қўлга киритиб, 2022 йилда "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланган.

Соттибоевнинг 10дан ортиқ илмий мақолалари халқаро журналларда, шунингдек, бутун дунё чет тиллари ўқитувчилари орасида катта нуфузга эга бўлган Америка Қўшма штатларидаги “Multilingual” журналида ҳам чоп этилган.

Шунингдек, у Android ва iOS интернет тизимида ишловчи инглиз тилини мустақил ўрганишга мўлжалланган “SpeakEng” деб номланган мобил илованинг яратилишида илмий жамоага раҳбарлик қилган.

Мавзуга оид