Ўзбекистон | 09:43 / 27.07.2023
9185
2 дақиқада ўқилади

«Энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси» танлови ғолибига бериладиган мукофот пули миқдори маълум бўлди

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси”ни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа билан:

  • “Йилнинг энг намунали маҳалла ёшлар етакчиси”ни аниқлаш бўйича республика танлови туман (шаҳар), ҳудудий саралаш ва республика финал босқичларида 10 та йўналиш асосида ташкил этилади ҳамда ўтказилиши;
  • танловда маҳалладаги ёшлар етакчи лавозимида камида олти ой амалий иш тажрибасига эга маҳалладаги ёшлар етакчилари иштирок этиши;
  • танловнинг республика босқичи ғолиблари бир марталик тўланадиган 25 миллион сўм, 2-ўрин совриндори 20 миллион сўм, 3-ўрин совриндори 15 миллион сўм ва қолган 11 та номинация ғолиблари 10 миллион сўм пул мукофоти билан рағбатлантирилиши;
  • танловнинг республика босқичи ғолиб ва совриндорлари ҳар йили “30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан ўтказиладиган асосий байрам тадбирида тантанали равишда эълон қилиниши ҳамда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланиши;
  • танловнинг республика босқичи ғолиби кадрлар захирасига киритилиши, бунда ушбу маҳалладаги ёшлар етакчиси тизим ташкилотларида юқори лавозимларга ўтказилиши белгиланмоқда.

Билдирилишича, лойиҳанинг қабул қилиниши ўзининг шахсий фазилатлари билан ёшларга намуна бўлаётган маҳалладаги ёшлар етакчиларини рағбатлантириш, юксак билимли ва профессионал касб маҳоратига эга бўлган истеъдодли ёш кадрларни аниқлаш ҳамда раҳбарлик лавозимларига тайинлашни таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид