22:18 / 20.03.2020
24481

Ташқи ишлар вазирлиги “Внуково” ва “Шереметьево” аэропортларидаги вазият тўғрисида маълумот берди

2020 йил 19 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида  вақтинчалик бўлиш муддатини узайтиришлари мумкин.

Фото: avia.tutu.ru

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “Внуково” ва “Шереметьево” аэропортларидаги вазият тўғрисида маълумот берди.

“Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси берган маълумотга кўра, айни пайтда Москва шаҳрининг “Внуково” ва “Шереметьево” халқаро аэропортларида икки мамлакат ўртасида ҳаво, автомобиль ва темир йўл алоқаси тўхтатилгани туфайли мамлакатимизга парвоз қила олмаган ҳамюртларимиз мавжуд.

Элчихона томонидан “Внуково” аэропорти раҳбарияти билан ўтказилган музокаралар натижасида юртдошларимизнинг вақтинча қолиши учун “Б” терминали ажратилди. Бу ерда зарур шароитлар яратилган бўлиб, жумладан, тиббиёт пункти, ҳаммом ва ҳожатхоналар мавжуд, иссиқ овқат берилиши йўлга қўйилган, мебеллар (кресло, диванлар, стол ва стуллар) ўрнатилган. Қатор тушунтиришларга қарамай, фуқароларимиз махсус белгиланган ҳудудга боришдан бош тортиб, ҳали ҳамон “Внуково” аэропортининг рўйхатдан ўтиш жойида қолмоқдалар”, дейилади унда.

Юртдошларимиздан  мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда иложи борича тезроқ “Б” терминалга ўтишлари сўралмоқда.

Қайд этилишича, элчихона “Шереметьево” аэропортидаги вазиятни ҳам назорат остига олган ҳамда ҳозирда Россия ҳукумати билан бошқа давлатлардан Москвага транзит орқали учиб келган фуқароларимизни олиб чиқиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Ўзбек диаспораси вакиллари ва ҳомийлар билан биргаликда ватандошларимизни иссиқ овқат билан таъминлаш масаласи ҳам ҳал этилмоқда.

“Яна бир бор Россия ҳудудидаги ватандошларимизни хотиржамликка чорлаб, имкон қадар, эҳтиёт чораларига қатъий риоя қилган ҳолда доимий/вақтинчалик яшаш жойини тарк этмасликларини сўраймиз.

Аввал хабар қилинганидек, 2020 йил 19 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Россия Федерацияси ҳудудида  вақтинчалик бўлиш муддатини узайтиришлари мумкин. Бунинг учун улар ўзлари бўлган жойга энг яқин Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлимига тегишли ариза билан мурожаат қилишлари лозим”, дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Top