18:03 / 24.03.2020
15495

Сурхондарёдаги қишлоқларни қийнаётган муаммоларга сенатор томонидан ечим топилмоқда

Kun.uz сайтида «Сариосиёдаги охиригача обод бўлмай қолган маҳалла: Шароит йўқлигидан қариялар қийналишмоқда» сарлавҳаси остидаги танқидий мақолада Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани «Гулобод» маҳалласидаги муаммолар ёритилган эди.

11–13 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқарувчи раиси Абдуғани Сангинов Сурхондарё вилоятининг Денов, Сариосиё ва Узун туманларида бўлиб, аҳоли мурожаатларини ўрганиш мақсадида жойларда сайёр учрашувлар ва қабуллар ўтказди.

Сенаторнинг аҳоли билан учрашуви айнан Kun.uz’даги мақолада муаммолари ёритилган Сариосиё туманидаги «Гулобод» маҳалласидан бошланди. Сенатор томонидан ҳолат ўрганилганда аҳолининг мурожаатлари асосли экани аниқланди. Энг характерлиси, сенаторнинг ўзи ҳам шу маҳаллада туғилиб ўсган.

Сенатор Абдуғани Сангинов Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов билан биргаликда мурожаат қилган маҳалладошлари билан учрашди, уларни қийнаётган муаммолар бартараф этилишига ваъда берди ва маҳаллага 400 кВ қувватга эга янги трансформатор нимстанцияси ўрнатиб бериладиган бўлди.

(Қайд этиш керак, сенатор билан учрашувдан сўнг ўтган вақт ичида маҳаллада янги симёғочлар ҳам ўрнатилди, симёғочларга кўчаларни тунда ёритиш чироқлари ўрнатиш ишлари бошланган, янги трансформатор ҳам ўрнатилган. Маҳаллада чироқ ўчмайдиган бўлди. Туман ҳокими томонидан табиий газ тармоғига ҳам улаш ваъда қилинди).

Шундан сўнг сенатор ўзи таҳсил олган 12-сонли умумтаълим мактабидаги мавжуд шароитлар билан танишди.

Маълум бўлишича, мактабдаги шароитлар бугунги кун талабига жавоб бермайди. Сенатор томонидан мактабдаги камчиликлар аниқланиб, мактабга замонавий кутубхона, ошхона ва фаоллар учун алоҳида зал қуриб бериш лозимлиги таъкидланди.

Сенаторга мурожаат қилган Хуфар қишлоғи аҳли маҳаллада болалар боғчаси йўқлиги ва қишлоққа олиб борувчи йўл таъмирталаб бўлиб қолганини билдиришди. А.Сангинов ушбу қишлоқда 150 ўринли МТТ қурилиши ва қишлоққа олиб борувчи йўлни таъмирлаб берилишини маълум қилди.

Газараксой дарёсининг «Боғистон» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида дарё ўзани тўлиб қолиб, экин майдонларини сел босиш хавфи бор эди. Аҳолининг мурожати бўйича муаммо жойига бориб ўрганилди ва сел хавфи олдини олиш учун дарё соҳилида ҳимоя тўғони барпо этилмоқда. Бундан ташқари, «Турмушобод» маҳалласидаги ичимлик суви билан боғлиқ мурожаат ҳам сенаторнинг аралашуви билан ечим топди.

Шунингдек, тумандаги «Биллур» маҳалласи таркибидаги Қалаштепа ва Эркин қишлоқлари оралиғидаги 4 километрлик йўл таъмирлаб берилди.

Шундай сўнг, сенатор ва аҳоли ўртасидаги учрашувлар Узун туманида давом эттирилди. Тумандаги «Мустақиллик» маҳалласида жойлашган икки қишлоқни бир-бирига боғловчи кўприк йиллар давомида сел туфайли яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди. Мазкур кўприк сенатор томонидан тўлиқ таъмирлаб берилмоқда. Ҳозирги кунда кўприкнинг сув келувчи қисмида бетонлаш ишлари амалга оширилмоқда. Махсус техникалар ва ишчилар ишлаётган кўприк қурилишида якуний ишлар олиб борилмоқда.

Абдуғани Сангинов ушбу маҳаллада қурилаётган 53-сонли умумтаълим мактабидаги қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишди. Узун туманининг чекка ҳудудида жойлашган ушбу мактаб биноси жуда ачинарли ҳолатга келиб қолган эди.

Маҳалла аҳлининг мурожатидан кейин сенатор ташаббуси билан янги мактаб қуриладиган бўлди. 190 ўринга мўлжалланган янги мактаб биноси замонавий лойиҳа асосида бунёд этилади. Ҳозирги кунда янги мактаб қурилиши бошлаб юборилди.

Сайёр учрашувда Сангинов мактаб лойиҳаси билан танишди. Қурилиш ишларини ўз вақтида сифатли ва тўлиқ бажариш лозимлиги юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Тумандаги 27-сонли мактабга қатнаётган ўқувчилар пиёдалар йўлакчасининг йўқлиги учун катта йўл ёқасидан юришга мажбур бўлиб келаётган эди. Сенатор томонидан ушбу муаммо тегишли тартибда ўрганилди ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 1,4 километр узунликдаги пиёдалар йўлакчаси бир ҳафта муддатда қуриб берилди.

Сенатор А.Сангинов томонидан Денов туманидаги аҳоли мурожаатлари ўрганиб чиқилиб, тумандаги «Ҳолчаён» МФЙда жойлашган 21-сонли қишлоқ оилавий поликлиникасини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Мазкур оилавий поликлиника 15 минг аҳолига тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Аммо ҳозирда маъмурий бино аянчли аҳволга келиб қолгани сабабли у тўлиқ фаолият кўрсатмаётган эди. Сенатор томонидан тиббий муассасани таъмирлаш, моддий-техника базасини шакллантириш ва жиҳозлаш борасида билдирилган таклифдан маҳалла аҳли хурсанд бўлди.

Сенатор томонидан ишлаб чиқилган амалий чора-тадбирлар натижасида тумандаги «Пожур» маҳалласига олиб борувчи 8 километрлик ички йўл таъмирланиб, асфальт ётқизиш ишлари бошлаб юборилди.

Шу билан бирга, сенатор «Лўпон» маҳалласи аҳолисининг шу ҳудудида жойлашган 18-сонли оилавий поликлиникасини янгидан қуриш борасида мурожаатини ўрганди ҳамда қурилиш объекти лойиҳаси билан танишди.

Сенаторнинг аралашуви билан «Гулобод» ва «Ўзбекистон» маҳаллалари оралиғида жойлашган сув айирғичда катта сел олдини олиш учун 500 метрли ҳимоя дамба деворларини қуриш ишлари якунига етказилди.

Тумандаги электр таъминотини яхшилаш, симёғочлар ўрнатиш борасида амалий ишлар бошлаб юборилган бўлиб, Сангинов томонидан 5та трансформатор етказиб берилди. Шунингдек, 10 км узунликдаги электр симларини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.

«Бу каби эзгу ва хайрли ишларни амалга ошириш, аввало, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш, уларга муносиб шарт-шароитларни яратиш ҳар бир мутасаддининг вазифасидир», дейди сенатор.

Ўз мухбиримиз.

Top