09:03 / 25.03.2020
6757

МИЗ иштирокчилари томонидан тўланган ҚҚСни республика бюджетидан қоплаб бериш тартиби очиқланди

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини республика бюджетидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини республика бюджетидан қоплаб бериш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низомнинг амал қилиши ҚҚС тўловчиси ҳисобланган махсус иқтисодий зоналар иштирокчиси мақомини олган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Низом махсус иқтисодий зона иштирокчиси мақоми бекор қилинган, махсус иқтисодий зоналар ҳудудида иштирокчи мақомисиз фаолият юритувчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва қарорлари билан белгиланган солиқ ва божхона тўловларидан имтиёз муддатлари тугаган юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Солиқ тўловчиларга белгиланган турдаги ишлаб чиқарилган маҳсулотлар реализация қилинганда тўланган ҚҚСни республика бюджетидан қоплаб бериш имконияти давлат солиқ хизмати органлари томонидан берилади.

Солиқ тўловчилар томонидан тўланган ҚҚС суммасини республика бюджетидан қоплаб бериш схемага мувофиқ амалга оширилади.

Тўланган ҚҚСни қоплаш, солиқ тўловчининг электрон солиқ хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали солиқ органларига солиқ суммасини қайтариш бўйича тақдим этиладиган ариза асосида амалга оширилади.

Ариза солиқ тўловчи рўйхатга олинган жойдаги давлат солиқ органлари томонидан, йирик солиқ тўловчи ҳисобланган солиқ тўловчилар Ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси томонидан кўриб чиқилади.

Солиқ тўловчиларга тўланган ҚҚС қоплаб берилиши махсус иқтисодий зона иштирокчилари томонидан қуйидагиларни ишлаб чиқаришда (хизмат кўрсатишда) татбиқ этилади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилиб олиб киришда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, қарор ва баёнлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан солиқ ва божхона тўловларидан имтиёзларга эга хом-ашё, бутловчи қисмлар ва ускуналар (хизматлар);

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси коди бўйича якуний маҳсулот товар позициясининг дастлабки тўртта белгилари мос келган маҳсулотлар (хизматлар).

Солиқ тўловчи томонидан тўланган ва қопланадиган ҚҚС суммасига тайёр маҳсулотлар (хизматлар):

реализация қилинганда қўшимча қўшилган қиймат миқдоридан келиб чиқиб тўланган ҚҚС суммаси;

ишлаб чиқариш (хизматларни кўрсатиш) мақсадида солиқ тўловчи томонидан харид қилинган, шу жумладан чет давлатларидан импорт қилинган барча турдаги хом-ашё, бутловчи қисмлар, материаллар ва хизматлар учун тўланган ҚҚС суммаси киради.

Солиқ тўловчилар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга (кўрсатилган хизматларга) нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилиб олиб киришда солиқ ва божхона тўловларидан имтиёзлар берилганлиги тўғрисида асос ҳужжатлар аризада кўрсатиб ўтилади.

Солиқ тўловчилар томонидан ишлаб чиқарилган якуний маҳсулотлар (кўрсатилган хизматларга) Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси коди бўйича товар позициясининг дастлабки тўртта белгилари мос келганлиги тўғрисида хулоса зарур ҳолларда ташқи иқтисодий фаолиятининг товар номенклатураси бўйича товарнинг кодини аниқлаш борасидаги ваколатли орган томонидан берилади.

Аризада кўрсатилган солиқ суммасининг асосланганлигини текшириш учун солиқ органи аризада қопланиши учун кўрсатилган солиқ суммасини асослантирилганлиги юзасидан камерал солиқ текширувини ўтказади.

Камерал солиқ текшируви давлат солиқ органининг текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруғисиз ўтказилади.

Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи томонидан ариза тақдим этилган кундан кейинги келувчи кундан бошланади.

Камерал солиқ текшируви ўтказиш муддати 5 иш кунидан ошмаслиги керак.

Камерал солиқ текширувини ўтказиш жараёнида солиқ органи зарур ҳужжатлар мавжудлигини ўрганиш юзасидан сайёр солиқ текширувини тайинлаш ҳамда учинчи шахслардан тегишли ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга.

Камерал солиқ текшируви якуни бўйича солиқ органи солиқ суммасини (тўлиқ ёки қисман) қоплаш ёки солиқ суммасини қоплашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Солиқ суммасини қисман қоплаш ёки қоплашни рад этиш тўғрисида қарор, қоида тариқасида, солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда, ҳуқуқни суиистеъмол қилиш белгилари, қалбаки ёки кўзбўямачилик учун битимлар тузилганлиги, солиқ базасини (яшириш) камайтириш фактлари ҳамда бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар аниқланганда қабул қилинади.

Давлат солиқ органи томонидан қабул қилинган қарор солиқ тўловчига унинг шахсий кабинети орқали, ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан 1 иш кунидан кечиктирмай юборилади.

Давлат солиқ органи томонидан солиқ суммасини қисман қоплаш ёки қоплашни рад этиш тўғрисида қарор солиқ тўловчига юборилганда, рад этиш учун асос ҳисобланган сабабларни аниқ ва батафсил ёритиб беради.

Top