Президент қарори билан айрим норматив ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.Хусусан, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар томонидан сотиб олинганда ҚҚС суммаси қайтариб бериладиган айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига қуйидагилар киритилди:
- ун;
- шакар;
- дори воситалари ва тиббий хизматлар.
Бунда қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш ойига БҲМнинг 10 бараваригача бўлган харидлар суммаси доирасида амалга оширилиши белгиланди.
Маълумот учун, 2023 йил 1 майдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар чакана савдо объектларидан айрим товарларни сотиб олганда харид суммасидан 1 фоиз миқдордаги кешбэк ўрнига 12 фоиз ҚҚС қайтарилиб келинмоқда.
Шу пайтгача ҚҚС қайтариб бериладиган маҳсулотлар рўйхатида қуйидаги маҳсулотлар бўлган:
- қўй гўшти;
- парранда гўшти;
- мол гўшти;
- тухум;
- ўсимлик ёғи.
Кешбэк қайтариш тартиби қандай?
ҚҚСни қайтариб олиш учун “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”даги истеъмолчи “Солиқ” мобил иловасини юклаб олиб, Face-ID орқали рўйхатдан ўтиши ҳамда иловада харид чекининг QR-кодини сканерлаши лозим.
ҚҚС қайтарилиши учун қуйидаги шартлар бажарилиши керак:
- харидор “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлиши;
- сотиб олинган маҳсулот ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар рўйхатига кириши;
- тадбиркорнинг ҚҚС тўловчи сифатида рўйхатдан ўтгани.
Реестрдаги истеъмолчи:
- ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар билан бирга бошқа турдаги маҳсулотларни харид қилиб, чекни рўйхатдан ўтказганда, ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар учун 12 фоиз, бошқа турдаги маҳсулотлар учун 1 фоиз кешбэкка эга бўлади;
- ҚҚС тўловчиси бўлмаган тадбиркорлик субъектидан ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар сотиб олганда, ҳозиргидек 1 фоиз кешбэк қайтарилади.
















