21:40 / 27.03.2020
4789

Навоий кон металлургия комбинати ишчилари жамоат фондига 1,5 млрд сўм ҳисса қўшишди

 Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ ҳолат барчамизни хавотирга тушмасдан, янада огоҳ бўлиш, белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилиш, оғир дамларда бир-биримизга елкадош, меҳр-мурувватли бўлишга чорламоқда.

Фото: Jihoz-vent.uz

Халқимиз қадимдан бошига ташвиш тушган паллада борини юртдошлари билан баҳам кўрадиган, оғир пайтларда улардан меҳр-мурувватини аямайдиган, ҳамиша элга суянч бўладиган саховатли инсонлардир. Бардавом эзгу амаллар коронавирус пандемиясига қарши ҳамкорликда кураш ҳамда унинг олдини олишда янада кўпроқ намоён бўляпти.

Навоий кон металлургия комбинати ёшлари юртимизда кечаётган синовли кунларда хайрли ташаббус билан чиқишди. Ижтимоий тармоқлар орқали комбинат жамоасига мурожаат қилиб, халқимиз бошига оғир синов тушиб турган паллада янада жипслашишга, ихтиёрий равишда «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондини моддий қўллаб-қувватлашга чорлади.

Бу эзгу таклиф комбинат жамоасини бефарқ қолдирмади, ташаббус тўла маъқулланди, деб хабар бермоқда НКМК бош директорининг матбуот котиби А.Жўраев Kun.uz’га.

— Президент Шавкат Мирзиёевнинг 18 март кунги коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича халқимизга мурожаати биз ёшларни ҳушёрлик ва ҳамжиҳатликка даъват этди. Ташаббусимизни кўпминг кишилик жамоамиз якдил қўллаб-қувватлаганидан хурсандмиз. Айни пайтда комбинат ишчи-ходимларининг «Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат фондига қўшган ҳиссаси 1,5 млрд сўмдан ошиб кетди. Бу, шак-шубҳасиз, ҳамкасбларимизнинг саховатпешалиги, энг оғир дамларда халқимизга суянч ва таянч бўлишга тайёр эканлигидан далолат беради. Бу хайрли ишнинг савоби ҳаммамиз учун каттадир, — дейди НКМК ёшлар етакчилари Кенгаши раиси Санжар Ражабов.

Навоий кон-металлургия комбинати жамоаси республикамиз миқёсидаги барча ижтимоий ҳаракатлар, хайрли ишларда фаол иштирок этиб келган ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолади.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top