“Навоий КМК” ДКда давлат органлари вакиллари, халқаро ва мустақил консультантлар, аудиторлар ва баҳоловчилар иштирокида:

а) қуйидагилар:

Ҳисоб ва ҳисобот бўйича халқаро стандартлар (ISAR) принциплари ва талабларига мувофиқ корпоратив маълумотларни ошкор қилиш тизимини жорий этиш;

Глобал ҳисобот ташаббусига (GRI) мувофиқ, шу жумладан иқтисодий, ижтимоий ва экологик масалалар бўйича ҳисоботларни чоп этиш;

Қидирув натижалари, минерал ресурслар ва маъдан захиралари тўғрисида ҳисобот юритишнинг Австралия кодекси (JORC Code) стандартларига мувофиқ захираларни қайта баҳолаш бўйича ишлар бошланган;

б) “Навоий КМК” ДК мулки ва мулкий ҳуқуқлари рўйхатини тасдиқлаган ҳолда корхонанинг мол-мулкини хатловдан ўтказиш якунланган.

“Навоий КМК” ДК, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг қуйидаги таклифлари маъқулланди:

а) “Навоий КМК” давлат корхонаси номланишини табиий уран ва нодир металларни қазиб олиш ва қайта ишлаш корхонаси - “Навоийуран” давлат корхонасига ўзгартириш;

б) бир ой муддатда “Навоий КМК” ДК мол-мулкининг қисми негизида:

қимматбаҳо металларни қазиб олувчи ва ишлаб чиқарувчи, акциядорлик жамияти кўринишидаги “Навоий КМК” акциядорлик жамияти (“НКМК” АЖ) ишлаб чиқариш корхонасини;

“НКМК жамғармаси” давлат муассасасини таъсис этиш.

Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда “Навоий КМК” ДКнинг:

эмулсиявий-портловчи моддалар ишлаб чиқарувчи мулкий комплексни “НКМК” АЖ тасарруфига берилишини инобатга олган ҳолда, “НКМК” АЖ таркибига бериладиган;

“НКМК жамғармаси” ДМга бериладиган объектлар, шу жумладан агроучасткалар ва ёрдамчи объектлар, меҳмонхоналар, ҳаммом ва тозалаш хўжалиги объектлари, ишлаб чиқариш цехлари, омборхона иншоотлари, шунингдек, бошқа тижорат объектлари ва қимматбаҳо қоғозлар (асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган объектлар) ва ижтимоий инфратузилма, жумладан тиббий-санитар хизматлар, маданият ва спорт, дам олиш ва соғломлаштириш, умумий овқатланиш, уй-жой коммунал хўжалиги объектлари ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳлари, хизмат турар жойлари ва ётоқхоналари (ижтимоий инфратузилма объектлари) рўйхатини тасдиқлайди.

“Навоий КМК” ДК ўз кузатув кенгаши ва Агентлик билан биргаликда бир ой муддатда “Навоий КМК” АЖ акциялари қийматини тўлашда бадал сифатида қўйилиши лозим бўлган “Навоий КМК” ДК мол-мулки ва мулк ҳуқуқларини Ўзбекистон Республикаси мол-мулкни баҳолаш миллий стандартларига мувофиқ баҳолашни якунлайди.