15:02 / 27.03.2020
6828

Хусусий лабораторияларга ҳам коронавирусни аниқлаш учун рухсат берилди – Нурмат Отабеков

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Cанитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековнинг айтишича, 26 мартдан бошлаб Ўзбекистонда хусусий лабораторияларда ҳам коронавирусни аниқлаш учун тадқиқотлар ўтказилишига рухсат берилган ва бундай текширувлар бепул амалга оширилади. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Отабеков бу ҳақда АОКАда ташкил этилган брифингда маълум қилди.

“Кечаги кунгача Ўзбекистонда фақат махсус лабораториялардагина коронавирус инфекциясига ташхис қўйиш мумкин эди. Бундан лабораторияларнинг сони республика бўйича 16 тани ташкил этарди.

Кечадан бошлаб хусусий лабораторияларда ҳам коронавирусни аниқлаш учун тадқиқотлар ўтказилишига рухсат берилди. Бунинг учун хусусий лабораторияларда керакли шароитлари бўлиши зарур.

Ўзида коронавирус бор-йўқлигини текширтирмоқчи бўлган шахслар қон топширишга паспорт билан боришлари талаб этилади. Чунки вирусга тест топширганлар рўйхатга олинади. Бундан ташқари, текширув натижасини хабар қилиш учун телефон рақамингиз ҳам ёзиб олинади”, деб айтган Нурмат Отабеков.

Мутасаддининг таъкидлашича, давлат лабораторияларида коронавирус бор-йўқлигини аниқлаб берувчи таҳлиллар бепул. Хусусий лабораторияларда эса бунинг учун белгиланган тарифлар асосида ҳақ ундирилади. Текширув натижаларини 1 сутка давомида олиш мумкин

Cанитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи аввалроқ хусусий клиникалар коронавирус ташхисини қўйиш учун жалб қилинмаганини маълум қилган эди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top