15:18 / 28.03.2020
9220

Эпидемия билан боғлиқ ташув фаолияти учун лицензия талаб этилмайди – Транспорт вазирлиги

Бугун, 28 март куни АОКА қошидаги махсус штабда ташкил этилган онлайн брифингда Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов хусусий такси хизматларида дезинфекция ишлари олиб борилиши ҳақидаги саволга жавоб берди. 

Наврўз Ашурматов / Фото: KUN.UZ

Наврўз Ашурматов фуқаро томонидан “Яндекс” компаниясининг такси хизматига буюртма берилганида ҳайдовчи дезинфекция ишлари олиб борилгани тўғрисидаги СЭС маълумотномасини тақдим эта олмагани, бундай автомобиллар вирус тарқатувчиси бўлиши, буни ким назорат қилиши ҳақидаги саволга қуйидаги фикрларни билдирди.

“Бугунги кунда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тузилмасига кирувчи 9та автобус паркларида нафақат қонуний асосда (лицензияга эга бўлган) йўловчиларни ташиш фаолиятини амалга оширувчилар, балки оддий фуқароларнинг ҳам автотранспорт воситалари бепул дезинфекция қилинмоқда.

2020 йил 26 мартдаги Ўзбекистон Республикасининг 613-сон қонуни бандига мувофиқ, эпидемияга қарши кураш билан боғлиқ қонунчилик қоидаларини бузиш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”, - дея маълумот берди Наврўз Ашурматов.

Бундан ташқари, лицензияга эга бўлган ҳар бир автомобиль учун лицензия ва ойлик тўловлар ҳақидаги саволга жавоб берилди.

“Йўловчиларни шаҳарда енгил автомобилларда ташиш учун бир йиллик лицензия нархи 669 минг сўмни ташкил этади.

300 минг сўм қийматидаги ойлик тўлов мажбурий солиқ тўловлари, ҳайдовчининг ойлик маоши, шунингдек, тиббий ва техник текширувдан ўтказишни амалга оширувчи ишчиларнинг маошидан келиб чиққан ҳолда ташувчи томонидан белгиланади”, - дея маълумот берди Транспорт вазирлиги матбуот котиби.

Унинг таъкидича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилнинг 31 июлдаги 636-сон қарорининг 1-иловаси 4-бандига мувофиқ, аҳоли ҳаёти ва саломатлигига хавф солувчи табиий офатлар, эпидемиялар, йирик авариялар оқибатларини бартараф қилиш билан боғлиқ ташув фаолияти учун лицензия олиш талаб этилмайди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top