Ўзбекистон | 12:25 / 08.02.2024
5338
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метросининг 2 та янги бекати қачон очилишига изоҳ берилди

Kun.uz сўровидан сўнг Транспорт вазирлиги “Турон” ва “Қипчоқ” бекатларидаги синов жараёнлари 15 мартга қадар ўтказилишини маълум қилди. Синов якунлангач ерусти метро линиясининг янги бекатлар участкаси фойдаланишга топширилади.

Фото: Транспорт вазирлиги

7 феврал куни Kun.uz ерусти метро линиясининг 2-босқичи доирасида қурилиб, салкам 2 ойдан бери текшириш жараёнлари якунланмаган “Турон” ва “Қипчоқ” бекатлари юзасидан хабар эълон қилганди. Унда масъуллар янги бекатлар қачон очилиши бўйича аниқ жавоб бермаётгани айтилганди.

Транспорт вазирлиги мазкур хабар бўйича расмий муносабат эълон қилди. Унга кўра, синов жараёнлари шу йилнинг 15 март кунига қадар ўтказилиши режалаштирилган. Ишлар якунлангач, ерусти метро линиясининг “Турон” ва “Қипчоқ” бекатларини ўз ичига олган участкаси фойдаланишга топширилади.

“Бугунги кунда ерусти метро линияларини қуриш, фойдаланишга топшириш, топшириш олди синов жараёнларини ўтказиш ўрганилган хориж тажрибаси натижаларидан келиб чиқиб, шунингдек, синов жараёнларини ўтказиш бўйича тасдиқланган меъёрий техник талаблар асосида амалга оширилмоқда”, – дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Қурувчилар даҳасидан Сергели мавзесигача бўлган “Турон” ва “Қипчоқ” метро бекатларининг қурилиши 2023 йил сўнгида якунланиб, 15 декабр куни поездлар ҳаракати синов тариқасида бошланган эди.

Қўйлиқдан Сергелигача бўлган ерусти ҳалқа йўли жами 7 та метро бекатини ўз ичига олган. Унинг қурилиши 2020 йилнинг декабрь ойидан бошланган. 2023 йил апрел ойида бекатларнинг 5 таси аҳолига фойдаланишга топширилганди.

Мавзуга оид