16:30 / 02.04.2020
26682

Тошкентда карантин қоидаларини бузаётганларни аниқлаш бўйича махсус рейд ўтказила бошланди

Тошкент шаҳрининг Бунёдкор шохкўчасида карантин қоидаларини бузган автомобиллар ва ҳайдовчиларни аниқлаш мақсадида махсус рейд ташкил этилди. Kun.uz мухбири ушбу рейд жараёнини бевосита кузатди. 

Шаҳар ИИББ, Миллий гвардия ва СЭОББ томонидан ташкил этилган қўшма амалиётда, карантин муносабати билан белгиланган тақиқларга қарамай, йўловчи ташиётган такси автомобиллари, рухсатномаси бўлган ҳолда йўловчилар билан ҳаракатланаётган автомобиллар ёхуд рухсат этилмаган шахсий автомобилларида ҳаракатланаётган автомобиллар аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. 

Бундан ташқари, рухсатномаларни қалбакилаштирган ҳайдовчиларни аниқлаш чоралари ҳам кўрилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий  марказлари ва Тошкент шаҳрида 30 мартдан махсус рухсатномасиз шахсий автомобиллар ҳаракати тақиқланди. Бундан ташқари, стикер бўлгани ҳолда куръерлик хизматлари ва йўналишсиз такси автомобилларига фақатгина куръерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилиши белгиланди. 

Шу билан бирга, Маъмурий ҳуқуқбузарлик кодексининг 54-моддасига қўшимча киритилиб, карантин қоидаларини бузганларга нисбатан жарималар миқдори тасдиқланди. Унга кўра, жисмоний шахсларга – 4 млн 460 минг сўмдан – 6 млн 690 минг сўмгача, юридик шахсларга – 6 млн 690 минг сўмдан 11 млн 150 минг сўмгача этиб белгиланган. Бундан ташқари, рухсатномани қалбакилаштирган ҳайдовчиларга нисбатан жиноий иш қўзғатилади.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top