08:54 / 06.04.2020
17740

Сафоев: «Ўз вақтида чоралар кўрилмаса, Иккинчи жаҳон урушидагидан ҳам кўпроқ зарар кўрилиши мумкин»

Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида ҳукумат коронавирусга қарши барча чораларни кўзда тутгани ва максимал даражада ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Дарҳақиқат, бугун муаммо ҳақида қанча гапирсак ҳам кўп бўлмайди. Вазият мураккаб. Нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда вазият жуда оғир.

Коронавирус билан кураш бу ҳазилакам гап эмас. Курашимиз жиддий бўлиши керак. Ҳукумат барча вазифаларни қилмоқда. Шундай бир оғир вазиятда давлатимиз раҳбари ўктамлик ва жасорат билан қарорлар қабул қилмоқда», деди сенатор.

Содиқ Сафоев кутилаётган иқтисодий зарар миқдори ва ҳукумат томонидан йўналтирилган маблағ масаласига ҳам тўхталиб ўтди. 

«Агар биз ўз вақтида чораларни кўрмасак, иккинчи жаҳон урушидагидан ҳам кўпроқ зарар кўришимиз мумкин. Ўзбекистон ҳукумати ажратган маблағ айрим бой давлатларнинг коронавирусга қарши кураш учун ажратган пулдан кўп бўлса кўпки, асло кам эмас. Ҳукумат коронавирусга қарши барча чораларни кўзда тутган ва максимал даражада ҳаракат қилмоқда», - деди Сафоев.

Сенатор шундай мураккаб вазиятда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатларига гуманитар ёрдам кўрсатишининг аҳамиятига тўхталди.

«Марказий Осиёдаги вазият шундайки, қўшнилар тинч бўлмаса, бу Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Чунки, давлатлар ўртасида қўшнилик ва қариндошчилик муносабатлари бор.

Халқаро ҳамжамият Ўзбекистонга коронавирус учун курашда ёрдам бермоқда», деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top