11:11 / 07.04.2020
28959

Уруш, ўлимлар ва коронавирус. Қиролича қандай пайтларда фавқулодда мурожаат қилган?

6 апрель куни Буюк Британия қироличаси Елизавета II бирлашган қироллик фуқароларига навбатдан ташқари мурожаат қилди.

Фото: BBC

Қироличанинг бу чиқиши ҳам аввалгилари каби жуда таъсирчан бўлди. У яхши кунлар яна келишини айтди.

93 ёшли монарх 68 йилдан буён Британия қироличаси ҳисобланади ва бу вақт давомида у британияликларга фақат тўрт марта навбатдан ташқари мурожаат қилган.

Бешинчи мурожаат 6 апрель куни коронавирус муносабати билан амалга оширилди. Олдинги ҳолатлар қачон содир бўлган? Бу воқеаларнинг нимаси Британия учун муҳим бўлган?

«Саҳродаги бўрон»

1990-1991 йиллардаги Форс кўрфази урушидан кейинги ғалаба парадида / GETTY IMAGES

Елизавета II ҳар йили одатий тарзда Рождество муносабати билан британияликларга мурожаат қилади. Унинг навбатдан ташқари (фавқулодда деса ҳам бўлади) илк мурожаати 1991 йил 24 февраль куни амалга оширилади. Ўшанда Ироқ Кувайтга бостириб киргач, АҚШ ва Британия бошчилигидаги халқаро коалиция Ироққа 1991 йил 15 январгача ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиш талабини қўяди. Саддам Ҳусайн бошчилигидаги ироқликлар талабни бажармагач, коалиция ҳаво зарбалари беришни бошлайди.

24 февралда қуруқлик қўшинлари ҳарбий ҳаракатларни бошлайди. Бу ҳужумда британиялик аскарлар ҳам қатнашади ва унга «Саҳродаги бўрон» деб ном берилади. Шу сабаб бош қўмондон қиролича Британия халқига навбатдан ташқари мурожаат қилади: «Жамиятни бирлаштириш учун «Биз биргамиз», дейишнинг ўзи кифоя эмас. Бу учун чиндан бирга бўлиш керак. Халқимиз бизнинг қуролли кучларимиз билан фахрланади.

Иттифоқчиларимиз билан бирга ҳарбийларимиз тезда муваффақият қозонишади ва имкони борича кам йўқотиш ва қийинчиликлар билан ортга қайтишади. Ҳарбийларимиз муносиб бўлган мукофотлари — тинч ва адолатли дунёга эришадилар деб умид қиламан», деганди ўшанда қиролича.

Ироқ ва Кувайт ўртасидаги урушда Британия аскарлари нима қилиб юрганди дейсизми? Саддам Ҳусайн Кувайтга бостириб кириб, БМТ резолюциясини бузгач, «дунё эгалари» сифатида АҚШ ва Британия халқаро коалиция сафида мувозанатни бузган Ироқни жазолашга киришганди. Бу жангларда Британия армиясининг 24 нафар ҳарбийси ҳалок бўлади. Шунингдек, қироллик армияси Ироқдаги урушда 2та танк ва 8та самолёт йўқотади.

Диананинг вафоти

Chris Jackson/Getty Images

Қиролича британияликларга иккинчи марта 1997 йил фавқулодда мурожаат қилади. Ўшанда малика Диана фожиали тарзда ҳалок бўлганди. Диананинг вафоти тарихдаги энг сирли ўлимлардан бири бўлиб қолади. У қотиллик қурбони бўлгани ҳақида кўп гапирилган ва суриштирувлар ҳам ўтказилган, аммо расмий маълумотларда ўлим сабаби ўзгармаган - бахтсиз ҳодиса.

Яқинда қонидан коронавирус аниқланган шаҳзода Чарльз эсингиздами? Диана унинг рафиқаси эди. Чарльз қироличанинг тўнғич ўғли, Диана эса қироличанинг келини, яъни Британия маликаси бўлган. 16 йил давомида қироллик маликаси деган шарафли номни кўтариб юрган Диана 36 ёшида ҳалокатли ўлим топганди. Ҳозирда малика Диананинг тарихи ҳақида гапирмоқчи эмасмиз, гап унинг ўлими ва буни Британия қандай қабул қилгани ҳақида.

Юмшоқ қилиб айтганда, хулқи борасида унчалик яхши ном чиқармаган Диана 1997 йил 31 август куни Парижда автоҳалокатга учраб, ҳалок бўлади. У машинада ёлғиз бўлмайди. Диана Парижда «дўсти» мисрлик Доди ал Файед билан бирга вақтини ўтказаётган бўлади. Улар кетаётган «Mercedes» S280 Париждаги Альма кўпригида ҳалокатга учрайди. Машинада бўлган малика Диана, Доди ал Файед ва ҳайдовчи ҳалок бўлади.

Уларнинг қўриқчиси бўлган Тревор Рис-Жонс эса омон қолади. Франция ҳуқуқ-тартибот органлари воқеа юзасидан 18 ой давомида суриштирув ўтказишади ва унинг хулосасида ҳалокат ҳайдовчи катта тезликда назоратни қўлдан чиқаргани оқибатида содир бўлгани айтилади. Додининг отаси мисрлик миллиардер Муҳаммад ал-Додининг ўзи ҳам мустақил тарзда суриштирув ўтказиб, бу қотиллик бўлгани, уни қироллик оиласининг буйруғига биноан Британия махфий разведка ташкилоти МИ-6 уюштирганини айтади. Бироқ бу айблов тезда рад этилади.

Елизавета II Диананинг ўлимида айбланаётган бир вақтда келинининг вафотидан эзилганини 1997 йил 5 сентябрдаги фавқулодда мурожаатига баён қилганди: «Айрилиқнинг азобини ифодалаб бўлмайди. Бу хабарни эшитганда дастлаб одамнинг хаёлида ҳар хил туйғулар аралашиб кетади: ишончсизлик, тушунмовчилик, алам... ва қолганлар ҳақида қайғуриш. Охирги кунларда биз мана шуларни туйдик.

У бошқача эди. Қийин дамда ҳам табассум қилишдан тўхтамасди. Уни бошқаларга ҳам хуш кайфият улашгани учун яхши кўрар, ҳурмат қилардим. Сизларга нафақат қироличангиз, балки набираларини овутиши керак бўлган буви сифатида мурожаат қиляпман. Ҳозир Уильям ва Ҳаррига бу оғир дардни кўтаришда ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз», деганди қиролича ўша мурожаатида.

Дарвоқе, қироличанинг мурожаатида таъкидланган бир сўз юқорида келтирилган шубҳалар ҳақида яна ўйлашга мажбур қилади: ишончсизлик.

Она қироличанинг вафоти

Қироличанинг навбатдаги фавқулодда мурожаати 2002 йилда бўлади. Ўша йили қиролича Елизавета II ’нинг онаси Елизавета Боуз-Лайон 30 март куни вафот этганди. 1900 йилда туғилган собиқ қиролича оз эмас, кўп эмас 102 йил умргузаронлик қилади. Ўлим сабаби сифатида кўплаб тиббий терминларни келтириш ўринсиз, бизнингча. Бир сўз билан айтганда, у ошини ошаб, ёшини яшаб ажали билан ўлганди. 16 йил давомида Британия қироличаси бўлган Елизавета 1952 йилда турмуш ўртоғи қирол Георг VI вафотидан сўнг ўз жойини қизига бўшатиб берган ва қизи билан бир хил унвонда бўлиб қолмаслик мақсадида қиролича эмас, она қиролича деб атала бошланди.

2002 йилги фавқулодда мурожаат шу муносабат билан бўлганди. Қиролича онасини йўқотганда анча позитив ва табиий оҳангда гапирганди: «Ҳаётим давомида кўплаб яқинини йўқотганларни кўрдим. Улар орасида яқинларини даҳшатли воқеаларда йўқотганлар ҳам бор эди. Шу боис бу борада менинг омадим бор экан, десам бўлади. Волидам узоқ умр кўрди. У ҳеч қачон яшашга бўлган умидини сўндирмаган. Умид қиламан, дафн маросимида барчамизнинг қалбимиздаги алам ўрнини шукроналик ҳисси эгаллайди ва кўплаб яхши дамларни эслаймиз».

Сулоланинг энг улуғвор вакили

Название

Ниҳоят тўртинчи навбатдан ташқари мурожаатни қиролича Елизавета II тахтга ўтирганининг 60 йиллиги муносабати билан йўллаганди. Шу ерда қиролича ҳақида икки оғиз. 93 ёшида ҳам дадил бўлган Елизавета II 1952 йилдан буён, яъни 68 йилдан бери Британия қироличаси ҳисобланади. Юқорида айтганимиздек, у бу лавозимни онасидан 25 ёшида қабул қилиб олган. Виндзор сулоласининг энг улуғвор вакили бўлган Елизавета II қироллик тахтида энг узоқ вақт қолаётган монарх ҳисобланади. Замонавий дунёда ҳам бу борада унга етадигани йўқ.

Япония каби давлатларда императорлар расман рамзий маънодаги раҳбар экани айтилса, Британияда бундай эмас. Кўпчилик Британияда ҳам шундай, мамлакатни аслида бош вазир бошқаради дейдиганлар, шошмасдан, баъзи манбаларни титкилаб кўрганлари маъқул. Давлатчилик тарихида узоқ вақтдан буён катта обрўга эга Британияни Виндзорлар сулоласи бошқариши факт. Яъни, катта битта оила. Қиролича эса бу оиланинг раҳбари.

Сулоланинг ҳеч бир вакили Елизавета II каби катта обрў ва ҳокимиятга эга бўлмаган. У ёшлик пайтида ҳукуматга келиб кўплаб катта ўзгаришлар вақтида ҳам монархлик обрўсини тушириб қўймади. Маълумот учун, қиролича Британияда расман қиролли кучлар қўмондони, 15та республикада эса расман монарх ҳисобланади. Улар орасида Канада, Австралия, Янги Зеландия, Ямайка каби катта давлатлар ҳам бор. Демак, тўлиқ исми Елизавета Александра Мария бўлган қиролича 2012 йил тахтга ўтирганининг 60 йиллиги муносабати билан халқига мурожаат йўллайди. Бу кун мамлакатда қироличанинг «олмос туғилган куни» сифатида нишонланганди.

Ўшанда парламентда чиқиш қилган қиролича ҳаммани кулдирганди: «Вестминстерга кўп келганман. Адашмасам, ҳозиргача 12 нафар бош вазирни гапларимга мафтун қилганман», деганди қиролича. Балки бу билан бош вазирларга сиз барибир кетасиз, мен эса қолавераман, дегандир. Ахир унинг даврида қандай инсонлар бош вазир бўлмади дейсиз: Уинстон Черчилль, Маргарет Тэтчер, Тони Блэр.

Дарвоқе, ўша нутқдан сўнг Британияда яна икки марта бош вазир ўзгарди. 2016 йилда Дэвид Кэмерон (2010-2016) ўрнига Тереза Мэй келди, 2019 йилда эса брексит масаласида бир қарорга кела олмаган бош вазир истеъфога чиқишга мажбур бўлиб, унинг ўрнига собиқ ташқи ишлар вазири Борис Жонсон келди ва Брексит амалга ошди. Айтганча, Жонсон 10 кундан буён коронавирус билан олишиб, охир-оқибат касалхонага ётқизилди. Қироличани эса 68 йиллик раҳбарлиги давомида 5-навбатдан ташқари мурожаатида шунчалик авайлашдики, коронавирус пандемияси муносабати билан сўзланган нутқни хонада фақат операторнинг ўзи ёзиб олган. У ҳам махсус кийимда бўлган. Балки шунинг учун қиролича 93 ёшида ҳам алифдек тик бўлса керак...

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top