15:26 / 10.04.2020
35843

«Ҳозир айбдорни излаш вақти эмас». Чин элчиси АҚШ-Хитой муносабатлари ҳақида

Дунёдаги икки йирик иқтисодиёт эгалари – Хитой ва АҚШ коронавирус пандемиясига қарши курашда ҳамжиҳатлик йўлидан бориши керак, деб ҳисоблайди Хитой Халқ Республикасининг АҚШдаги элчиси Цуй Тянькай.

Хитойнинг Вашингтондаги элчиси коронавирус пандемияси фонида икки мамлакат алоқалари ҳақидаги мулоҳазаларини билдирди. Унинг мақоласи The New York Times`да чоп этилди.

«Нью-Йорк – АҚШда мен энг яхши кўрадиган шаҳар. Мен у ерда яшадим, ишладим, Хитойнинг АҚШдаги элчиси сифатида фаолият бошлагандан кейин ҳам тез-тез меҳмон бўлдим.

Цуй Тянькай, Хитойнинг АҚШдаги элчиси
Фото: Xinhua News Agency/Getty Image

Бутун дунёни забт этаётган COVID-19 бу тунги бедор, шовқинли мегаполисда ҳам ҳаётни тўхтатиб қўйгани ачинарли ҳол. Вирус муаммоси шунчалик катта масштабдаки, у миллат, ирқ танламайди.

Яқиндагина пандемиядан зарба кўрган Хитой америкаликларнинг вазиятини яхши тушунади. Биз вирусга қарши курашда катта қурбонлар бердик. У билан кураш АҚШда ҳам, умуман, дунёнинг бирон нуқтасида осон кечмайди. Оғир дақиқаларда бизнинг дўстларимиз, шу жумладан, америкаликлар, нью-йоркликлар ёрдам қўлини чўзишди. Хитой буни ҳеч қачон унутмайди.

Энди навбат бизники: ёрдам беришга тайёрмиз.

Тан олиш керак, пандемия масаласида Хитой ва АҚШ ўртасида унча ёқимли бўлмаган мулоқотлар ўтди. Аммо ҳозир айбдорни излаш вақти эмас. Ҳозир ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам, ҳамкорлик вақти.

100 нафардан зиёд хитойлик тиббиёт экспертларини ҳаётларни қутқариш учун хорижга йўл олишга ундаган мақсад – ўзаро ёрдам. АҚШ ва бошқа давлатларда беморлар билан тўлиб кетган шифохоналарга ёрдам учун тест тўпламлари, ҳимоя ниқоблари, тиббиёт ускуналарини юборишдан мақсад – ҳамжиҳатлик. Вирус ҳақида турли саволларга жавоб излаётган давлатлар билан ўз тажрибамизни бўлишишдан мақсад – ҳамкорлик.

Яқинда президент Трамп билан бўлган телефон мулоқотида Хитой раҳбари Си Цзиньпин ҳамжиҳатликнинг аҳамиятини таъкидлади, имконият доирасида ёрдамга тайёрлигини билдирди.

Хитой касаллик ҳақидаги маълумотлар, у билан курашиш бўйича ўз тажрибаси ҳақида узлуксиз ахборот бериб бормоқда. Худди шу мақсадда вирус ҳақида онлайн маълумотлар базаси – COVID-19 яратилди, барча мамлакатлар ундан бемалол фойдаланиши мумкин.

Хитойлик ва америкалик соғлиқни сақлаш экспертлари ўзаро алоқаларни ушлаб туришибди, билим ва малака алмашишяпти.

Хитой бошқа давлатлар қатори АҚШга ҳам имконият доирасидаги барча ёрдамни кўрсатмоқда. Қўшма Штатлар пандемиясининг эпицентри – Нью-Йорк Хитой ёрдамининг асосий йўналиши саналади. АҚШ ҳукуматига Хитойда ишлаб чиқарилган шахсий ҳимоя воситаларини харид қилишда ёрдам кўрсатяпмиз. АҚШнинг турли нуқталаридан медикамент воситаларга тушаётган буюртмаларни бажариш учун Хитой заводлари максимал даражада ишлаяпти. Хитой провинция ва шаҳарлари америкалик биродарларга ёрдамга шай. Хусусан, мамлакат бизнес секторидан ҳам ёрдамлар келиб тушмоқда.

Huawei Нью-Йорк, Вашингтоннинг Колумбия округига бир неча ўн минг шахсий ҳимоя воситалари – ниқоб, қўлқоп, кўзойнак хайрия қилди. Умумий ҳисобда, Хитой компаниялари АҚШга 1,5 млн дона ниқоб, 200 минг тест тўплами, 180 минг дона қўлқоп ва бошқа тиббий буюмлар хайрия қилди. Нью-Йорк губернатори Эндрю Куомо Жозеф ва Клара Цай фондига 1000та сунъий нафас ускунаси, Жек Ма фондига ҳимоя кўзойнаклари учун миннатдорлик билдирди.

Шанхайдаги «Dasheng Health Products Manufacture Co» ниқоб ишлаб чиқариш фабрикаси
Фото: Yang Hui/Global Times

Америкадаги хитойликлар ҳам маҳаллий шифохоналарга моддий ва молиявий ёрдамларини кўрсатишмоқда.

Ҳамжиҳатлик ҳар доимгидан ҳам муҳим бўлган айни кунларда мамлакатлар ўртасида ирқчилик, ксенофобияни қўзғатишга қаратилган ҳаракатларга совуққонлик билан ёндашишимиз зарур. Қизиққонлик икки миллат ўртасидаги ҳамкорликка путур етказибгина қолмай, конфронтацияда ҳам гумон пайдо қилади. Бу эса бутун дунёни вирус ва унинг оқибатидаги иқтисодий муаммолар нишонида қолдириши мумкин.

Йирик иқтисодиётга эга икки давлат сифатида Хитой ва АҚШ жаҳон ҳамжамиятнинг вирусга қарши ҳаракатига бошчилик қилиши керак. Тиббиёт суст ривожланган мамлакатларга ёрдам кўрсатишимиз, глобал соғлиқни сақлаш тизими яхшиланишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

Шунингдек, биз макроиқтисодий сиёсатни бозорларни стабил ҳолатда сақлаш, инсонлар ҳаёти ва тараққиёт учун керакли воситаларнинг мавжудлигини таъминлаш, глобал саноат ва етказиб бериш тизимларини очиқ, стабил ва хавфсиз ҳолатда сақлашга қаратишимиз керак. Ўтган ой охирида G20 («Катта йигирмалик»)нинг виртуал саммитида Си Цзиньпин асосий эътиборини қаратган масала ҳам шу эди. Барча мамлакатлар глобал ҳамжамиятга дахлдор ва умумий келажакка эга.

Катта йигирмалик виртуал саммити. 27 март 2020 йил
Фото: Daily Mail

Нью-Йорк бу инқироздан чиқиб кета олишига шубҳам йўқ. Яқинда шаҳар аҳолиси пандемияга қарши курашаётган тиббиёт ходимларини балкон ва деразалардан олқишлагани ҳақидаги хабар шаҳарнинг ҳажмиҳатлигини, жасоратини кўрсатади. Ҳамжиҳатлик мураккаб даврдаги умид нурига ўхшайди.

Нью-Йоркка яна саёҳат қилиш, унинг кўчаларида шаҳар қатъиятини ҳис қилиб кезишга умид боғлайман. Бу кунлар тез орада келади», – деб ёзади Цуй Тянькай.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top