23:11 / 18.04.2020
27977

Тимур Ишметов: «Аҳолига тўғридан-тўғри пул тарқатишда оила тамойили бўйича ёндашиш керак»

Таниқли иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Youtube порталидаги ўзининг «Ҳошимов иқтисодиёти» лойиҳасида иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ва молия вазири Тимур Ишметов билан онлайн интервью уюштирди.

Беҳзод Ҳошимов, Тимур Ишметов ва Жамшид Қўчқоров.
Фото: Hoshimov Iqtisodiyoti / YouTube

Интервьюда коронавирус инфекцияси тарқалган шароитларда пайдо бўладиган молия ва иқтисодиётга доир муаммолар, уларни ечиш йўллари муҳокама этилди. Жумладан, карантин вақтида аҳоли бандлиги ва ишсизликка қарши кураш масалаларига ҳам урғу берилди.

Жамшид Қўчқоров, бош вазир ўринбосари:

— Биринчидан, мактабларимиз, боғчаларимиз, шунингдек, маданият, спорт билан боғлиқ ташкилотлар ишламаяпти. Лекин уларнинг иш ҳақи бериб келинмоқда.

Иккинчи масала — иш ўрнини йўқотган ва ишсизларга имкон доирасида маълум бир енгилликлар яратишга ҳаракат қиляпмиз. 19 мартда президент фармони қабул қилиниб, имтиёзлар белгиланди, инқирозга қарши кураш жамғармаси тузилди.

Фармонга кўра, жамғарма ичидаги харажатларга назар ташлайдиган бўлсак, жамоат ишларини ташкил қилишга қўшимча 400 млрд сўм ажратилмоқда. Биз яқинда жамоат ишларининг ташкил қилинишини ўргандик. Ҳақиқатан ҳам, шу соҳада жуда кўп ишлар қилишимиз мумкин.

Фарғона водийсининг бир туманида турли тиббиёт бирлашмаларида, ҚВПларда кўплаб сингилларимиз, қизларимиз, пенсияга чиққан опаларимиз 0,25 ставкада ишлайди. Уларни қишлоқларда одамларга санитария-гигиена қоидалари, пандемиядан қандай сақланиш йўлларини тушунтиришга жалб қилиб, уларга маълум бир миқдордаги иш ҳақи тўлашган.

Бу — бевосита одамларни қандайдир иш билан банд қилиш. Яна бири — яқинда, ўтган ҳафтада президентимиз банклар билан йиғилиш ўтказди. Унда бир жиддий ўзгариш бўлди. Банкларимиз энди йирик лойиҳаларни молиялаштириши эмас, қандайдир иш ўрни яратадиган, камбағалликка қарши йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириши бўйича келишиб олинди.

Бир катор топшириқлар берилган, тижорат банклари бўйича ишлаяпмиз. Жойларда кичик, лекин кўпроқ одамларни иш билан банд қиладиган лойиҳаларга эътибор қаратмоқчимиз.

Шу йўналишни асослантириш, ишлаб чиқиш ҳам керак. Шундай таклиф бор: 100 гектар сув чиқмайдиган жойга бюджет ҳисобидан фоизсиз ссуда ажратиб, кооперация ташкил қилиб, ўша жойга сув чиқариб, ярим гектардан сабзавот, полиз маҳсулотлари экиш учун ишлайман деган, биринчи навбатда муҳтож ва камбағал оилаларга бўлиб берилса, 200 та оила ишли бўлади. Шунга ўхшаш кўплаб лойиҳаларни назарда тутмоқдамиз.

Яна бир йўналиш — кичик саноат зоналари. Бизда тадбиркорларга ер, мулк ёки бир бинони ажратиш механизмлари кўнгилдагидек ташкил қилинмаган. Улар биринчи навбатда ер, инфратузилмага уланиш масалаларини қўйишмоқда. Кичик саноат зоналарини ривожлантириш масаласи олдинга чиқмоқда. Шунинг учун бу масалаларни ишлаб чиқишда давом этяпмиз. Қўшимча қилишим мумкинки, эртага шу масалалар бўйича банклар ва ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари билан телеконференция шаклида муҳокама ўтказамиз.

Беҳзод Ҳошимов, бошловчи:

— Ўзбекистонда расмий бандлар 5,6 миллион, меҳнатга лаёқатлилар сони 19 миллион нафар. Меҳнат вазирлигига кўра, 5,5 миллион киши норасмий секторда банд. Кунбай ишлайдиган мардикорлардан тортиб, такси ҳайдовчиларигача норасмий секторда банд бўлганлар иқтисодий фаолият тўхтагани сабабли ҳозир анча қийналиб қолишган. Яъни расман давлатдан маош оладиганлар ва норасмий секторда ишлайдиганлар сони тенг. Лекин кейингилари даромадсиз қолишди. Боз устига, хориждан меҳнат муҳожирларимиз юбораётган пуллар ҳам камайяпти. Чунки бошқа давлатларда ҳам иқтисодий инқироз рўй бермоқда.

Кўпгина ривожланган мамлакатлар ва ривожланаётган мамлакатлар инқироздан чиқиб кетиш учун аҳолига тўғридан-тўғри пул ажратмоқда. Масалан, АҚШ 1200 доллардан, Ҳиндистон, масалан, ҳар бир фуқаро учун 2 ҳафтада 7 доллар ажратиш чораларини ўйлашмоқда. Тўғридан-тўғри пул бериб, иқтисодиёт занжирларини қайта тиклаш борасида иқтисодчи сифатида фикрларингиз қандай?

Жамшид Қўчқоров, бош вазир ўринборсари:

— Бу масала медиа ресурсларда жуда кўп кўтарилмоқда. Бу ҳақида март ойининг ўрталарида ҳам ўйлаб кўрганмиз. Турли вариантларни кўриб чиққанмиз. Шу кунгача биз бир хатога йўл қўйдик: журналистлар билан деярли мулоқот қилмадик.

Пул тарқатиш масаласига келсак, айтганимдек, бу нарсани ўйлаб кўрганмиз. Иқтисодчи сифатида сизга жавоб берадиган бўлсам, бу таклифга ижобий қарайман. Фақат бу ерда бир мураккаб савол ўртага чиқади: қандай қилиб ва кимга? Пандемия эмас, бошқача ҳолат бўлганида эди, нақд пулни уйма-уй юриб тарқатсак. Лекин бошқа мамлакатлар тажрибаси кўрсатмоқдаки, қоғоз пулнинг ўзи ҳам вирус ташувчи экан. Биз буни бироз кеч тушуниб қолдик.

Хуллас, кимга ва қандай қилиб тарқатиш мумкин, деган масала бор. Ҳозир сиз легал ишлаб, солиқ ва тўловларни тўлаганлар нима бўлади, деган саволни берасиз.

Сиз келтирган тоифадаги одамларнинг асосий қисми, дейлик, 80 фоизи легал секторда ишлаганида эди, уларга пул тарқатиш борасида бирор муаммо бўлмас эди. Кимдир кўпроқ маош олган, кимдир камроқ. Бунга қараб ўтирмасдан шартта белгиланган маълум бир миқдордаги маблағни барча ишловчиларга тарқатиб чиқиларди.

Аввало кимларга, деган саволга гипотетик жавоб: 14 ё 16 ёшгача бўлган болаларга. Яна ҳали фарзанд кўрмаган, мустақил оила қуриб яшаётган ёшларга. Қанийди имконият бўлса, шуларни биринчи навбатда қўллаб-қувватласак. Ҳозир легал ишлаб турганларга тўласак, буни беркитишнинг ҳожати йўқ, бозорлар ё дўконларда ишлаётган йигит-қизлар, ресторан ё кафеларда ишлаётган ошпаз ё унинг ёрдамчиси, официант бўлиб, умуман, иқтисодиётнинг кўплаб секторларида нолегал тарзда ишлаб юрган йигит-қизлар нима бўлади, деган савол юзага чиқади ва бунга биринчи йўлимиз жавоб бермайди.

Бу ҳақда бирор қарор йўқ, ҳозирча. Сиз мендан иқтисодчи сифатида фикримни сўрадингиз. Албатта, бу биринчидан иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, талабни кенгайтириш бўлса, иккинчидан, маълум бир чекланган миқдорда пулни тарқатиш талабни жудаям яхши рағбатлантиради. Ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий ижобий томонлари бор. Лекин пули масаласи-чи, дейилса собиқ молия вазири сифатида бунинг жуда мураккаб томонлари борлигини ҳам жуда яхши тушунаман. Шу сабабли микрофонни мамнуният билан Тимур Олимжонович Ишметовга бераман.

Тимур Ишметов, молия вазири:

— Жавоб беришдан аввал бир нарсага эътиборингизни қаратаман. Кўпроқ биринчи саволга тегишли. Иқтисодий инқироз ҳақида иқтисодчи сифатида гаплашмоқдамиз. Бутун жаҳон ҳамжамиятида иқтисодий инқироз бошланиб бўлгани тан олинган. Бошқа, анъанавий, классик инқирозлардан фарқли ўлароқ, бу инқирозга бутун жаҳон ҳамжамиятининг ўзи онгли равишда асос солган. Бу инқироз кимдир ёки қайсидир давлатнинг нотўғри хатти-ҳаракати, қайсидир соҳада нотўғри иқтисодий сиёсат оқибатида келиб чиқмаган. Бутун дунёда ҳукуматларнинг ўзлари иқтисодиётларини тўхтатишга қарор қилишди. Мақсад — ўз халқининг ҳаётини сақлаб қолиш.

Иқтисодчи сифатида иқтисодий асоратларни ҳисобга олишимиз керак, тўғри, лекин босаётган қадамларимиз бирламчи сабабни йўқ қиладими-йўқми, буни ҳам ҳисобга олишимиз керак.

Аҳолига тўғридан-тўғри пул тарқатиш масаласида иқтисодчи сифатида Жамшид Анварович каби тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Ҳаттоки 15 мартда илк йиғилиш бўлганида ҳам бу масала ўртага ташланган. Лекин ўшанда бу саволга аниқ жавоб бера олмаганман, чунки ўша пайтда иқтисодиётни қанча муддатга тўхтатиб қўйишимиздан бехабар бўлганман.

Мана, орадан бир ой вақт ўтди, ҳаракатларни чекловчи кўплаб қарорлар қабул қилинган, ҳозир тушуниб етдикки, аҳвол қанчалик жиддий. Ҳозир бу борада президентнинг иккита қарори қабул қилинган бўлса, ҳар икки қарорда бу масала акс этиб ўтган.

Биринчиси, нафақа олувчи оилалар 595 мингта бўлиб келган бўлса, қамров 10 фоизга оширилиши кўрсатилган. Бу яна салкам 60 мингта оила дегани. Президентнинг иккинчи қарорида нафақат олаётганларнинг нафақаси автоматик тарзда узайтириб берилиши белгиланган. Бу дегани — олиб турганлар олишда давом этаверишади, янги қўшилганларига ҳам берилади. Ҳисоб китобларга кўра, нафақа олаётган оилалар 60 мингтага эмас, 120 мингтага ошади.

Банкларга ҳам ходимларига ойлик маошлар бериб туриш учун хусусий секторга қисқа муддатли кредитлар бериш борасида топшириқ берилди.

Масалага администрация нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, шак-шубҳасиз, одамларнинг банк ҳисоб рақамига ёки пластик рақами балансига маблағ тушириб бериш йўли билангина амалга оширилади. Пул тарқатишда оила тамойили бўйича ёндашиш керак. Яъни ҳар бир оилага, унинг аъзолари сонига қараб пул бериш керак.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top