17:26 / 19.04.2020
9345

Марко ҳаммага қарши. Муҳаббат ва нафрат чегарасидаги Матерацци

Фото: AFP/Getty Images

2002 йил 5 майда, қандайдир икки соат ичида А Сериянинг пешқадами уч марта ўзгарди. «Интер» ўшанда икки марта пешқадамга айланган, аммо иккинчи бўлимда Эктор Купер жамоаси пароканда ўйин намойиш этади ва учинчи ўринга тушиб кетади. Миланлик юлдузларни тушуниш мумкин эди, ҳаммаси тушкун, Роналдо йиғлаган... Ўша пайтда эса, Марко Матерацци Алессандро Нестага ташланиб, бўғаётганди: «Сенга икки йил олдин Скудеттони ютиб бергандим», – деб бақирарди у, - «қўйиб берсанг бўларди-ку!»

Марко ўшанда икки йил олдин Перуджада ўтган учрашувни ёдга олганди. 2000 йилнинг 14 майида «Ювентус»нинг маҳаллий жамоага мағлубияти «Лацио»ни чемпионга айлантирганди. Ўша пайтлар Матерацци «Перуджа» сафида ўйнарди, лекин нима бўлганда ҳам «Биз «Ювентус»ни ютиб бергандик, энди, сен қўйиб беришинг мумкин эди», дейиш ғалати мантиқ. Лекин Матерацци учун бу оддий ҳол...

France Football журнали 2016 йилда муштарийлари ўртасида сўровнома ўтказган ва «Қайси футболчи сизда кўпроқ нафрат уйғотади?» деган саволни қўйганди. Гап бутун футбол тарихидаги футболчилар ҳақида эди, шунда ҳам 80-йилларнинг қўпол дарвозабони Тони Шумахер ғолиб бўла олмади. Осонлик билан Марко Матерацци шоҳсупага чиқди. Расман футбол тарихидаги энг кўп нафратга дучор бўлган футболчи – Марко Матерацци.

У 28 ёшида «Интер»га келгунча, ҳеч қачон топ-клуб сафида тўп сурмаганди. Футболни ташлаши ҳам мумкин эди. Ўн етти ёшида отаси бошқарган «Мессина Пароло» жамоасида ўйнаган, лекин клуб молиявий инқироз туфайли банкрот бўлиб, Марко ҳаваскор футболчига айланди.

У орада бир муддат баскетбол билан ҳам шуғулланиб юради. Шу пайт, учинчи дивизиондаги «Трапани» жамоаси скаутлари ёш ҳимоячи билан қизиқиб, профессионал шартнома таклиф қилишади. Тўғри, атиги C Серия, аммо ҳақиқий клуб. У ердан Марко B Серия вакили «Перуджа»нинг назарига тушади. 

Ҳаваскор мураббийнинг шогирди

«Перуджа» ҳозир унутилиб кетган, аммо аср бошларида «Перуджа» хабарлар лентасини портлатиб турарди. Клуб хўжайини Лучани Гаучи ноодатий қарорлари билан ном чиқарган, ҳатто асосий жамоа мураббийи учун конкурс ҳам эълон қилганди. Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган мухлис Серсе Косми ўша конкурсда ғолиб чиқиб, «Перуджа»ни бошқариш ҳуқуқини қўлга киритганди.

Бироз ғалати, лекин Марко айнан ўша инсонлар ичида улғайди.

«Косми доим менга ёрдам берарди. У ўйинларимни қаттиқ танқид қилар, аммо «Интер»га трансферим дастлаб бекор бўлганида, айнан у биринчи бўлиб мени юпатганди», – деб эслайди футболчи. 

Матерацци «Интер» эътиборига анча аввалроқ тушган бўлса-да, юлдузли жамоага ярашмагандек туюларди ва асосий трансфер мақсад бўлмаган. У 2001 йилда, 28 ёшида «Интер»га ўтди ва биринчи мавсумдаёқ Скудеттони ютишга жуда яқин келганди. Кейин ўша, юқорида эсланган «Лацио» сафари рўй беради. Марко мағлуб бўлишни умуман ёқтирмасди, «Интер»га ҳам айнан шу хислат етишмас, айнан Марко сингари футболчилар лозим эди.

Футболчининг характерини статистик кўрсаткичлар орқали намоён қилиш унча осон эмас, лекин Матераццига келганда, қийинчилик туғдирмайди. 1998 йилнинг ёзида у «Эвертон»нинг назарига тушган ва Англияда ўзини синаб кўришга ҳам улгурган.

«Унинг тажовузкор услуби АПЛда мослашиш учун анча ёрдам беради», – деб ҳисоблаганди «Эвертон»нинг ўша вақтдаги устози Уолтер Смит.

Смит адашганди. Матерацци 27 ўйинда майдонга тушди ва тўрт марта қизил карточка олди. Унинг ўйини ҳатто Англия учун ҳам ҳаддан ташқари бўлиб чиққанди. Йил ўтиб Марко «Перуджа»га қайтди ва А Сериядаги 12 голи билан жавоб берди, жамоаси эса мавсум стартида ҳеч кимни аямай мағлуб этарди.

Буффон, Тюрам, Каннаваро, Алмейда, Консенсайу, Аморозо, Милошевич, Ди Вайо кабилар билан юлдузли «Парма» дастлабки 20 дақиқадаёқ уч гол ўтказди. «Милан»дан эса мавсумда 6 очко олишга муваффақ бўлинди. Матерацци ҳимоячи бўлса-да, ўша жамоанинг пенальтисти ва энг яхши тўпурари эди. Мавсум тугагач унинг «Интер»га трансфери амалга ошди.

«Интер»даги дастлабки йиллар

Матераццининг ўзига хослиги шунда эдики, энг иложсиз вазиятларда ҳам совуққонликни сақлаб қолар, ҳужумчининг зарбасига халақит бериш мумкин бўлмаган пайтларда ҳам подкат билан вазиятни ўз фойдасига ҳал қила оларди. Шунингдек, Марко стандарт вазиятларда ҳам ўз жамоаси ҳудудида, ҳам рақиб жарима майдонида жуда фойдали эди.

Аммо унинг рискли услуби шунга мос шерикни тақозо қиларди. Шунинг учун ҳам у Италия терма жамоасида Каннаваро ёки айниқса, Неста билан тандем бўлганида жуда самарали бўларди. Ана шунда Марконинг темир оёқлари ҳимоя пойдеворини ясашда таянч бўларди. «Интер»да эса, худди ўзига ўхшаган Иван Кордоба бўлар, шунинг учун бу икки ҳимоячи шерикликда, худди, тишига пичоқ қистириб, лекин ўз кемасини ташлаб келган қароқчи тўдасини ёдга солиб юборишарди.

Эктор Купер ўрнига Манчини келди ва жамоа таркиби йилдан-йилга кучайтира борилди. Бир-икки йил ўтиб «Интер» шу даражада кучайдики, Матераццининг ҳам унча кераги қолмаганди. Энди ҳимоя марказида Кордобадан ташқари Синиша Михайлович, Карлос Гамарра ва Николас Бурдиссо бор эди, бунинг устига 2005 йилнинг ёзида Миланга Мадриддан Вальтер Самуэль ҳам келиб қўшилди. Ҳимояга бу қадар эътибор берилишининг сабаби «Интер» катта ўйинларда кучсиз ўйнаши эди.

Милан дербиси аср бошларида нафақат шаҳарда ёки Италияда, балки бутун Европа учун ҳам катта воқеа бўларди. 2003 йилда бу икки клуб Чемпионлар Лигаси ярим финалида орани очиқ қилишди, 2005 йилда эса, чорак финалда. Ўша ўйинлар «Интер»га натижа олиб келмаган бўлса-да, қуйидаги сурат тарихда қолди. 

Ҳар икки жамоа таркибидаги юлдуз футболчилар шу қадар кўп эдики, асосий таркибга сиғдиришнинг иложи бўлмаган. «Интер» сафида Вьери, Адриано, Станкович, Камбьяссо, Верон, Дзанетти, «Милан» таркибида эса, Гаттузо, Пирло, Зеедорф, Кака, Шевченко, Креспо, Руи Кошта, Кафу...

Ёзда Манчини янгидан қайта қуришни бошлади ва жамоа характерини кучайтиришга урғу бера бошлади. Ғолиблик руҳиятини пайдо қилиш йўлида «Реал»дан Фигу ва Солари келди. Юқорида айтилган Самуэль ҳам келгач, Матерацци захира вариантига айланиб қолди. Шундагина Марко ҳам ўзгаришлар вақти келганини англаганди.

«Мен агентимга бошқа жамоа ахтаришни айтдим. Манчини очиқ-ойдин жамоада менинг келажагим йўқлигини билдирганди. «Милан» дарҳол қизиқиш билдирди, «Интер»га содиқ бўлсам-да, ўйнашим керак эди, ахир жаҳон чемпионатини таҳликага қўя олмасдим.

Келишув деярли ҳал бўлганди, лекин терма жамоа мураббийи Марчелло Липпи билан суҳбат ҳаммасини ўзгартириб юборди. У менга клубдаги ҳолатим қандай бўлишидан қатъи назар, мени мундиалга олиб кетишини айтди. Мен «Интер»да қолдим, у эса, ваъдасида турди», дея эслайди у.

Матерацци ростан ҳам асосий таркибдаги ўрнини бой берганди. Қишга бориб ҳимоя марказида Кордоба – Самуэль жуфтлиги аниқ эди. Захирада қолиб кетган бўлса-да, Матерацци Германияга, жаҳон чемпионатига йўл олди. Тўғри, у ерда ҳам Марко захира варианти бўлган, асосий ҳимоячилар Каннаваро ва Неста жуфтлигидан иборат эди.

ЖЧ-2006

Липпининг энг катта хизмати шунда эдики, терма жамоадаги муҳитга Кальчополи таъсир қилмади. Тергов ҳаракатлари айни ўша пайтларда ўтказилаётган, таркибдаги деярли ҳамма футболчилар воқеаларга алоқадор эди. «Ювентус»ни қуйи лигага тушириб юбориш ҳақидаги қарор чиққан куни Германия билан ярим финал ўйини эди. Ўшанда ҳам жамоа жипс, муҳит аъло бўлган.

Футболчилар турнирни қай даражада иштиёқ билан ўтказганини Липпининг мана бу сўзлари ҳам ифодалаб беради: «Одатда, гуруҳдаги сўнгги тур олдидан бош мураббий футболчиларга вазиятни аниқ тушунтириши ва уларда иштиёқ уйғотиши лозим бўлади. Ғалаба нима учун зарур экани, дуранг ҳам қониқтирса-да, кейинги босқич учун қандай ўйнаш кераклигини тушунтириши керак. Диққатни жамланглар, бўшашманглар, каби сўзлар билан. Аммо бизда ҳаммаси бошқача эди. Кийим алмаштириш хонасига кириб борар эканман, футболчиларнинг ўзи ғалаба шарт эканини бир-бирларига айтишар, ҳатто турнир сеткаси, плей-оффларда қийинроқ рақибга тушмаслик учун қандай натижа лозимлиги ҳақида қайғураётгандилар. Бу жуда яхши белги эди».

Гуруҳдаги сўнгги ўйинда, Чехияга қарши баҳсда Неста жароҳат олди ва 17-дақиқадаёқ унинг ўрнига Матерацци туширилди. Саккиз дақиқа ўтиб, Тотти бурчак зарбасини ижро этди – ҳаммадан баланд сакраган Марко Чех дарвозасини ишғол қилди. Саккиз дақиқада ғалаба голи, гуруҳда биринчи ўрин – ажойиб натижа, бундан кейин асосий таркибдаги ўрин кафолатланади. Лекин кейинги ўйиндаёқ ҳаммаси тугади.

Австралияга қарши нимчорак финал. Италия ўйинни назорат қилар, биринчи бўлимнинг ўзидаёқ камида учта гол уриши мумкин эди. Кейин эса, ҳакамга навбат келди. Марк Брешиано Буффон дарвозаси томон ҳаракатланар, лекин бу тоза яккама-якка ҳолат эмасди. Замбротта уни таъқиб қилаётганди. Шу пайт Марко рақибга нисбатан қоида бузди. Қоида у қадар қўпол равишда бузилмаган бўлса-да, ҳакам ҳимоячини майдондан четлатди. Фақатгина сўнгги дақиқалардаги пенальти Италияни қутқариб қолганди.

Чорак финалдан бошлаб, Италия 4-3-3 схемасидан 4-4-2 схемасига ўтди. Ҳужумда ижрочилар етарли бўлса-да. юлдуз футболчилар захирага олинганда тўғри тушунишди. Бу ҳатто мураббийни ҳам ҳайрон қолдирган.

«Мен Тоттига энди захира футболчиси бўлишини айтдим. У менга, «яхши, жаноб» деди. Ҳаммаси катта футболчилар эди, ҳеч ким ўзини ўйламади, ҳамма жамоа учун қайғурарди», – дея эслайди Липпи. 

Матерацци дисквалификация қилинган ўйинда Барцальи ҳимояда ўйнади ва Украина устидан йирик ғалабага эришилди. Германияга қарши яримфиналда Марко яна таркибга қайтди. Ўйин Дортмундга белгиланганди, бу стадионда немислар тарихда ҳеч қачон мағлуб бўлмаган. Италия бутун ўйин давомида ўйин суръатини пасайтиришга уриниб, овертаймда эса, тўрт ҳужумчи билан ўйнай бошлади. 

«Энди майдон марказида ҳеч нарса содир бўлмаётганди. Ўйин ҳужумчилар ва ҳимоячилар баҳсига айланиб кетди. Ҳимоямиздан кўнглим тўқ эди – марказда Каннаваро ва Матерацци, қанотларда Гроссо ва Дзамбротта, таянч зонасида Гаттузо», – деб ўз қарорини тушунтиради мураббий.

Иккинчи қўшимча бўлимда Италия таркибида бир вақтда Тотти, Дель Пьеро, Якинта ва Жилардино бор эди ва хавфли вазиятларни фақат Италия яратаётганди. Ниҳоят ўйин охирларидаги икки гол майдон эгаларини мағлуб этди. Финалда Франция либосини кийиб олган жаҳон терма жамоасига қарши ўйин кутиб турарди.

Финал қаҳрамонимиз учун ёмон бошланди – унинг қўполлиги Италия дарвозасига пенальти билан якунланди. Еттинчи дақиқадаёқ Зидан французларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Аммо орадан ҳеч қанча ўтмай, Марконинг ўзи жавоб голини урди. Патрик Виейра билан ҳаво курашида ғолиб чиққан ҳимоячи Пирлонинг узатмаси ёрдамида ҳисобни тенглаштирди. Қизиқ ҳолат, шу тариқа Марко Матерацци икки гол билан ўша Италия терма жамоасининг тўпурари бўлганди. Лука Тони ҳам икки гол урган, лекин у 6 ўйинда қатнашган бўлса, Марконинг икки голига атиги 4 ўйин етарли бўлди.

Италия сал кучлироқ кўринаётганди. Бўлим охирида Пирлонинг навбатдаги узатмасидан сўнг, Тонининг бош билан зарбаси тўсинга тегди. Иккинчи бўлимда Тонининг голи офсайд туфайли ҳисобланмади. Фақат бўлим ўрталарида италияликлар қўпол хатога йўл қўйиб, Зиданни жарима майдонида ёлғиз қолдиришди. У боши билан гол уришга жуда яқин келганди.

109-дақиқада турнирнинг энг машҳур палласи келди. Матерацци Зиданнинг либосидан тортиб қолди, франциялик футболчи эса Маркога қарата «агар футболкам ёқиб қолган бўлса, ўйиндан кейин сенга бераман», – деди. Матерацци шу пайт нимадир-нимадир деди. Зидан аввал хотиржамлик билан орқага қайтаётганди, лекин бирданига қарорини ўзгартирди.

Матерацци ўша зарбани поп-хитга айлантириб юборди. Ток-шоулардан қатнашди, китоб ёзди. Парижда Зидан ва Матераццининг ўша ҳолатига хайкал қўйишди. Кейин эса, то 2017 йилда бор ҳақиқатни ошкор қилгунча, Зиданга айтилиши мумкин бўлган 250 вариант ҳақида ёзди. Аммо ўша ўйиндан кейинги илк талқин ҳаммасини тасдиқларди – бу худди ўша Нестага айтилган мантиқсиз эътироз каби Матераццига хос: «Мен Зиданнинг синглисини ҳақорат қилмадим. Унинг бемор эканини ҳам билмагандим».

Матерацци финалдаги пенальтилар сериясида ҳам имкониятидан фойдаланди. Ўйиндан кейин Жаҳон кубогига Италия байроғидан тикилган қалпоқни кийдириб ҳам қўйди. Ундан-да зиддиятлироқ шахсни футболда топиш мушкул.

Ўн йил ўтиб, у ўша финал оқшомида аҳмоқлик қилганини тан олади, аммо шу билан бирга, Зиданнинг жавоби ҳам тўғри бўлмаганини қўшимча қилди – «ҳа, мен аҳмоқона гап айтгандим, лекин майдонда бундан ҳам бадтар ҳақоратлар янграйди».

Сўнгги йиллар

Жаҳон чемпионатидан кейинги мавсумда Матерацци яна асосий таркибга қайтди ва Самуэль билан бирга ҳимоя марказини ташкил қилди. Бир мавсумда у 10та гол уришга муваффақ бўлди. «Интер»нинг пеналтисти Златан Ибраҳимович эди, Марко эса, ҳар қандай стандарт вазиятни хавфга айлантира оларди.

Моуриньо келгач, Марко майдонга кам туша бошлади, лекин жамоа ичидаги ўрни барибир катталигича қолганди. Футболчи Жозе билан танишувини ҳам ўзига хос тарзда ҳикоя қилиб беришни ёқтиради: «Унда менинг рақамим йўқ эди, зеро жамоадаги асосий юлдузлардан эмасдим. Лекин йўлини топиб, менга қўнғироқ қилди ва бирга ишлашни сабрсизлик билан кутаётганини айтди. Жозе инсонлар билан илиқ муносабат ўрнатишда беназир эди».

Жозе Моуриньо мағлубиятга учрашни билмайдиган футболчиларни яхши кўрарди. Марко ҳам мос шаклда жавоб берди – «Жозе учун ўлишга ҳам тайёрман».

«Интер»нинг шонли мавсумида Матерацци деярли ўйнамаган. Лекин жамоада шу қадар ўрин тутардики, финалда бир неча дақиқа майдонга ҳам туширишганди. Кейинчалик, Моуриньонинг танаффусдаги кўрсатмаларини ҳам ошкор қилган.

«Ҳаддан ташқари яхши ўйнаб юборяпсизлар. Ҳимояга эътибор беринглар, хотиржамроқ ҳаракат қилинглар. Шунда қарши ҳужумда уларни жазолашимиз мумкин», – деган экан португалиялик мутахассис.

Матерацци Жозедан кейинги мураббийлар билан чиқишмади. Бенитес ҳам, Леонардо ҳам Марконинг керакли фазилатларидан фойдалана олишмади. Қизиғи, иккала ҳолатда ҳам зиддиятлар расм туфайли юзага келган. Бенитес машғулот базасидан Матерацци ва Моуриньонинг биргаликда тушган расмини олдиртириб ташлаган бўлса, Леонардо Маркога совринлар билан бирга расмга тушишга рухсат бермади.

Кейинчалик Матерацци Бенитесни «Формула 1» автомашинасини миниб олган қўрқоқ полициячига ўхшатган ва ўз соясидан ҳам қўрқадиган мураббий сифатида гавдалантирган. Леонардони эса сотқинликда айблади. Балки шунинг учун жамоа ўйини бирданига пасайиб борди. Матерацци каби футболчилар билан ўзига хос тарзда муносабат ўрнатиш лозим эди.  

Top