14:37 / 19.04.2020
14940

Навоийдаги икки бозор мансабдорларига озиқ-овқат захираси учун ажратилган пулни ўзлаштиргани учун жиноий иш очилди – Бош прокуратура

Коронавирусга қарши штабда бўлиб ўтган навбатдаги брифингда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим бошлиғи Фарҳод Очилов карантин чоғида амалга оширилаётган ишлар, хусусан нарх-наво назорати бўйича маълумот берди.

«Департамент томонидан нарх-наво билан боғлиқ келиб тушган мурожаатлар зудлик билан алоҳида ҳолларда эса 2 кунлик муддатда жойига чиқиб ўрганиш тартиби жорий этилган. Натижада, келиб тушган мурожаатларнинг 819таси ёки 98 фоизи кўриб чиқилиши таъминланди.

256та мурожаат бўйича нархлар ошишига сабаб бўлаётган омиллар ўрганилиб 103та ҳолатда истеъмол бозорини арзон маҳсулотлар билан тўлдириш, 71та ҳолатда маҳаллаларда арзонлаштирилган ярмаркалар ташкил этиш, нархларни асоссиз оширган 28 нафар ҳуқуқбузарнинг эса маъмурий жавобгарлик ишлари юритилиши таъминланди.

Афсуски, текширувлар натижасига кўра мурожаатларнинг 563таси ёки 67,5 фоизи ўз тасдиғини топмаган. Бу эса ҳар бир ходим ва унинг вақти ҳисобда турган бир шароитда куч ва воситалардан бесамар фойдаланишга сабаб бўлаётганини айтиш ўринли деб ҳисоблаймиз», дейди у.

Маълум қилинишича, нархларни асоссиз равишда ошириш ва манипуляция қилишга ҳаракат қилган шахсларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда.

«Хусусан, айрим деҳқон бозорлари мансабдор шахслари захира яратиш ва ҳамёнбоп нархларни шакллантириш бўйича ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажармасдан, мансаб ваколатидан ғаразли ва паст ниятларда фойдаланиб, ноқонуний равишда бойлик орттиришга ҳаракат қилгани аниқланиб, уларга нисбатан кескин чоралар кўрилди.

Масалан, Навоий шаҳридаги «Саховат деҳқон бозори» ва «Elga Xizmat» МЧЖ мансабдор шахслари 2019-2020 йил қиш-баҳор мавсумида аҳоли эҳтиёжи учун қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захирасини яратиш учун ажратилган пуллардан 448,4 млн сўмини нақдлаштириб, захира яратмасдан ўзлаштирганликлари аниқланган. Бу деҳқон бозори мансабдор шахслари марказлаштирилган тартибда сотилаётган импорт картошкадан 77,2 тоннасини ёлланма харидорлар орқали арзон нархларда, яъни 2700-3500 сўмдан сотиб олишиб, назорат қилинмайдиган фойда олишни кўзлаб, 4500-5000 сўмдан қиммат нархларда қайта сотишга уринган пайтда жиноят устига қўлга олинган. Ҳозирда жиноят иши қўзғатилиб, улар тергов олдида жавоб бермоқда.

Самарқанд шаҳар «Сиёб деҳқон бозори»га қарашли Кўтара бозор филиали ҳудудида ўтказилган назорат тадбирларида фуқаро Маҳмудов давлат рўйхатидан ўтмасдан, қарийб 7 тонна картошка маҳсулотини бозорда қиммат нархда (4 500 сўмдан) сотиш ва нархларни манипуляция қилишга урингани аниқланиб, унга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилиши ҳамда маҳсулотлар мусодара қилиниб, ярмаркалар орқали аҳолига арзон нархда сотилиши таъминланди.

Товар хом ашё биржасидаги савдолар ҳам қатъий назорат остида бўлиб, «Когондонмаҳсулотлари» корхонаси томонидан савдога қўйилган ун маҳсулотлари 2400-2500 сўмдан сотилаётган бир вақтда Навоий вилоятида фаолият олиб бораётган айрим брокерлар буюртмачисиз ҳаракатланиб, нархларни манипуляция қилиш мақсадида уннинг нархини 2800 сўмгача оширганлик ҳолати аниқланди.

Нархларни асоссиз ошириш, ажиотаж талабни вужудга келтириш ва карантин талабларини бузишга қарши курашишга қаратилган тадбирларда 1095та ҳолатда жами 2,33 млрд сўмлик маҳсулотни қиммат сотиш аниқланди.

Хусусан, ҳуқуқбузарликларнинг 313таси картошкани, 25таси сабзи, 49таси пиёз, 27таси ун, 42таси ёғ, 34таси гўшт ва 364таси бошқа маҳсулотларни қиммат сотиш билан боғлиқ ҳолатлар бўлиб, ҳар бир ҳуқуқбузарга нисбатан қатъий чоралар кўрилди», деди Бош прокуратура вакили.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top