Жаҳон | 06:24 / 22.04.2020
18742
1 дақиқада ўқилади

Бердимуҳамедов велосипедга атаб қурилаётган монументни велосипедда юриб кўздан кечирди

19 апрелда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов велосипед сайрини ўтказиб, Ашхободнинг жанубий қисмида барпо этилаётган объектларни кўздан кечирди.

Маълум қилинишича, президент сайрни аҳалтака оти Ёнардоғ шарафига бунёд этилаётган ҳайкални кўздан кечиришдан бошлаган. Ушбу от Туркманистон гербида тасвирланган.

Бердимуҳамедов, шунингдек, Халқ маслаҳати аппарати бинолари мажмуаси, конгресс-марказ, меҳмонхона ҳамда “Туркманбоши” ва “Санагат” банклари бинолари қурилишига ташриф буюрган. 

Бундан ташқари, Туркманистон президенти велосипедга атаб барпо этилаётган монументни ҳам кўздан кечирган. Уни май охирида, Велосипед куни олдидан очиш режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, Бердимуҳамедов 20 кмча йўл босиб ўтиб, велосайрни Бетарафлик монументи ёнида якунлаган.

Таъкидланишича, президент шу объектларни 9 апрелда ҳам кўздан кечирган ва шахсан ўзи безак материаллари дизайнини тасдиқлаган ва лойиҳаларга тузатишлар киритган.

Туркманистон вазирлар маҳкамасининг 3 апрелдаги йиғилишида Бердимуҳамедов инқироз ва даромадлар пасайиб кетгани сабабли қурилишларни қисқартириб, энг муҳим объектларнигина қуришни буюрган.

Мавзуга оид