22:22 / 23.04.2020
20645

«Аксар ҳолларда қорни тўқлар учун дастурхонлар ёздик. Бугун шу хатоларимизни тўғрилашимиз жоиз» – Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида иштирок этган Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров бугунги синовли кунларда эҳтиёжманд оилаларга ёрдам қўлини чўзаётган саховатпеша одамлар ҳақида сўз юритиб, ушбу амаллари учун улар қандай савоб олиши ҳақида тўхталиб ўтди.

Фото: KUN.UZ

«Оиша онамиз айтадилар: «Саховат – бир дарахт, унинг томири жаннатда, шохлари эса дунёга тушган бўлади. Кимки унинг шохидан ушласа томири томон, яъни жаннатга ортади. Бахиллик ҳам бир дарахт, унинг томири дўзахда, шохлари эса ер юзида бўлади. Унинг шохидан ушлаганларни дўзах ўзига тортади». Демак, бугун ким саховат қилаётган бўлса, албатта у жаннатдан тушган дарахтнинг шохларини ушлаяпти.

Юртимизда қанча саховатли, ҳимматли инсонлар бор. Улар ҳаммаси жаннатдан тушган дарахтнинг шохини ушлаб турганлардир. Биз ҳозир тадбиркорларга кўп эътибор қаратяпмиз, Улар ўзининг номи билан тадбиркор. Бундай одамлар маблағини кўпайтиришнинг илмини яхши билишади, шу ишга моҳир бўлишади. Агарки тадбиркорларга ҳозир битта бизнес таклиф қилинса, бу ишдан етти юз маротаба кўпроқ фойда оласиз дейилса, табиийки, бунга йўқ дейдиган бирор тадбиркор топилмайди.

Мана шу ваъдани Аллоҳ бериб турибди. Мен Аллоҳнинг оятини етказмоқчиман. Қуръони Каримнинг “Бақара” сураси 261-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли, худди бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи зотдир”. Бу ерда қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилиняпти.

Агар битта буғдой донини экса, шундан етти бошоқ чиқса, ҳар бир бошоқда юзтадан дон қилиб қайтаради дейиляпти. Аллоҳ буни бизга мисол келтириб айтяптики, агар сизлар менинг йўлимда, яъни Аллоҳ йўлида бир сўм сарфласангиз, мен буни етти юз маротаба қилиб сизларга қайтараман деяпти. Бу ваъдани Аллоҳ беряпти. Қандай қилиб мўмин-мусулмон бўла туриб, Аллоҳнинг ваъдасини инкор қилиш мумкин?!», дея Нуриддин Холиқназаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг айтишича, камбағал-мискинларга ёрдам қилиб, унинг савобини ота-онасининг ҳаққига бағишлаш энг улуғ амаллардан бири ҳисобланади.

«Шу пайтгача ота-боболаримиздан келган саховат орқасидаги баракани ҳаммамиз кўрдик. Пайғамбаримиз алайҳиссалоти васаллам ростгўй зот эдилар. Одатда рост гапирадиган одам қасам ичмайди. Қасам шубҳани кетказиш учун ичилади. Лекин бир жойда пайғамбаримиз (с.а.в.) қасам ичиб айтган эканлар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасам ичиб айтаманки, ким Аллоҳ йўлида пулини ишлатадиган бўлса, Аллоҳ албатта унинг ўрнини тўлдириб қўяди”.

Шунинг учун бугун қўлимиздан келганича саховатимизни қилишимиз керак. Тўғри, ҳеч кимни мажбур қилинмаяпти. Лекин аслида мажбурият дин томонидан мусулмон бадавлат одамга юклатилган. Закот, фидя ва фитр рўза каби эҳсонлар – Аллоҳ томонидан бой мўмин кишининг гарданига юклатилган мажбурият. Закотни ўзбекчасига таржима қиладиган бўлсак, топилган даромадни ҳалоллаш. Араблар баъзида қўй сўйишниям закот дейди. Нима учун? Чунки ўша қўйни сўйиш билан унинг гўштини ҳалол қилишади. Демак, закот беришлик закот эгасининг тўплаган молини ҳалол қилишликдир. Шу сабабли ҳар бир мусулмон Рамазон ойида закотини беради. Закотидан ташқари, бу ойда инфоқу эҳсонларни қилади. Чунки Рамазон ойи бу – мағфират ойи, саховат ойи. Ана шунинг учун ҳам биз бугун ҳаммамиз саховат йўлига ўтишимиз керак.

Бир тадбиркор биродаримиз мендан сўраб қолди. Бир ажиб гап айтди-да, кўпчиликда бу нарса бор. Бу дунё бир кам дунё экан, қачон пули кўпайиб, иши юришиб ҳамма ёғи яхши бўлганда афсуски ота-она оламдан ўтиб қолади. Кўпчиликда шу армон бор. “Домла, давлатим кўпайди, орзу қилган ҳамма нарсам бор, лекин афсуски онам йўқлар. Ҳозир ҳаёт бўлганларида жоним фидо эди. Уларга яхшилик қилиш учун нима қилсам бўлади?”, деб кўп сўрашади. Ана ўшаларга пайғамбаримиз берган жавобни айтаман.

“Бир саҳоба келиб, йиғлаб туриб айтдики: “Ё, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, мен онамни шунақа яхши кўраманки, хизматларини қилишдан роҳатланардим, лекин оламдан ўтиб қолдилар. Нима қилсам яна хизматларини қилган бўламан?”, деганларида: “Онанг номидан битта қудуқ қазитгин, ўша қудуқнинг сувидан ҳамма фойдаланадиган қилиб қўйгинки, савоби онангга ёзилаверади. Шу йўл билан онангга хизмат қилган бўласан”, деган эканлар. Имом Бухорийда келади бу ҳадис. Саҳиҳ ҳадислардан бири. Оиша онамиз ривоят қилганлар. Саҳоба қудуқ қаздирди ва уни инсонларга ҳадя қилди.

Бугун тадбиркорларимиз битта ё ўнта камбағалнинг оиласини боқсинлар, йигирмата оиланинг таъминотини қилсинлар. Аллоҳ йўлида эҳсон қилиб, уйга кириб қўлингизни дуога очиб сўранг: “Мен бугунги қилган амалларимнинг савобини марҳума онамнинг ёки отамнинг дафтарига ёзиб қўй!” дейдиган бўлсангиз, қиёматда, яъни энг даҳшатли кунда ўзининг юзлаб камбағалларга қилган савобини кўргандаги ҳолатини бир тасаввур қилинг», дейди у.

Нуриддин Холиқназаров, шунингдек, исрофгарчилик ҳақида ҳам тўхталиб, мусулмонларни исроф қилишдан, карантин шароитида оммавий ифторлик маросимларини ташкиллаштиришдан қайтарди. Бундай маросимларга кетадиган пулни муҳтожларга эҳсон қилишга даъват қилди.

«Халқимиз бошидан урушларни, очарчиликларни ўтказган. Лекин ҳеч қачон қўшнисини ташлаб қўйган халқ эмас. Ҳатто бошқа миллат бўлса ҳам. Бугун эса биз битта миллатмиз. Битта кемада кетаётган одамлармиз. Агар бугунги синовли кунларда давлатимизга, халқимизга елкадош бўлмасак, бугун мусулмон фарзанди деган номимизни оқламаган бўламиз.

Мен яна бир нарсани даъват қилиб қолардим. Мусулмонлик, мўминлик вазифамиздан ташқари яшаётган юртимиздаги фуқаролик бурчимизни ҳам унутмаслигимиз керак. Мана шу юртнинг фарзандимиз. Модомики, юртни оила, ватанни онага қиёсланаркан, бирортамиз йўқки онамизга қийинчилик келганда жонимизни тикмайдиган. Бугун ватан, юрт ёрдамимизга, кўмагимизга, бир-биримизга саховатли бўлишимизга, кўп-кўп эҳсон қилишимизга муҳтож бўлиб турибди экан, албатта бунга елкадош бўлишимиз керак

Ҳаммага илтимос қиляпмиз. Келинг, бу йил оммавий ифторлик маросимларини қилмайлик, унинг пулини эҳсон қилайлик. Мен бадавлат инсонлардан илтимос қиламан. Агар ўтган, ундан олдинги йиллардаги ифторлик ва бошқа маросимларни кўз олдимизга келтирсак, бугун уяламиз. Қанча исроф бўлган, қанча дабдаба бўлган. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг битта гўзал ҳадислари бор. “Дунёдаги энг ёмон дастурхон бу қорни тўқлар учун ёзилиб, қорни очлар чақирилмайдиган дастурхондир”, деганлар сарвари коинот. Аксар дастурхонларимизда доим қорни тўқлар бўлди, Шунинг учун бугун биз ўша хатоларимизни тўғрилаб, Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилишимиз жоиз. Эҳсон қилиш учун тадбиркор ёки бой-бадавлат бўлиш шартмас аслида. Пайғамбаримиз яримта хурмо билан бўлса-да, эҳсон қилинг деганлар. Бугун нима қўлимиздан келса, шуни эҳсон қилсак, иншооллоҳ, бизга тушириб қўйилган дарахтнинг шохини ушлаб, жаннат томон интилган бўламиз. Аллоҳ бу кунларни биздан бартараф қилсин», дея қўшимча қилди у.

Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни ўтказилган видеоселекторда давлат раҳбари «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари суриб, унинг доирасида тадбиркорлар имкониятидан келиб чиқиб ўз ҳудудларидаги ёрдамга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган эди. Давлат томонидан эса бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилиши ҳам маълум қилинганди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top