“Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам илмга шу қадар эътибор берганликларидан ҳатто душман томондан асирлар тушиб қолса, уларнинг ичида илмлилари бўлса, олимлари бўлса, ўшаларга шарт қўярдилар. Бизнинг илми йўқ мусулмонимизга илм ўргатсангиз, ҳарф ўргатсангиз сизларни озод қиламиз деганлар. Шунинг учун илм-маърифат учун хизмат қилишимиз керак. Чунки илм олиш фарзми, унга олиб борадиган нарсаларнинг ўзи ҳам фарз ҳисобланади.

Энди шу билимни бугунги кунда бизга нима ҳосил қилади? Мактаб, олийгоҳлар ва илм масканлари – мана булар биз учун жуда муҳим. Ҳозир тадбиркор, бой-бадавлат кишиларнинг кўпчилиги пулимизни қаерга сарфлайлик, нима қилиб берсак савоб бўлади, масжид қурайликми, деб бизга мурожаат қиляпти. Масжид қурсангиз савоб, мактаб қурсангиз, ундан ҳам кўп савоб бўлади деяпмиз.

Биродари азиз, мактаб, шифохона йўл қурсангиз, садақаи жория бўлади. Бу нима дегани? Пайғамбаримиз с.а.в. айтадиларки, бир инсон оламдан ўтса унинг амали кесилади, яъни унга энди савоб ёзилиши тўхтайди. Лекин 3 тоифа киши борки, унга савоб ёзилиб тураверади. Биринчиси садақаи жория қилган киши. Биров мактаб, шифохона, кўприк – кўпчилик фойдаланадиган иншоотларни қуриб Аллоҳ йўлига шундай ташлаб кетса, то ўша бино бузилиб йўқолиб кетгунча, ҳалиги инсон оламдан ўтиб кетганидан кейин неча юз йил бўлса ҳам дафтарига савоб ёзилиб туради. Ёки китоб ёзса, шогирдлар қолдириб кетса, ўша китоби ўқиларкан у одамга савоб ёзилади. Демак агар мактаб қурса ҳам у садақаи жория бўляпти, ҳам ўша жойда китоб ёзиляпти ва ўша одам учун жуда катта савоблар бориб туради”, – деди муфтий.