Жаҳон | 20:31 / 24.04.2020
23938
2 дақиқада ўқилади

ОАВ Шимолий Корея етакчиси ўз вилласида коронавирусдан яширинаётганини маълум қилди 

Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари кўздан ғойиб бўлган Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Япон денгизидаги Шарқий Корея кўрфази соҳилида жойлашган хусусий виллада эканини маълум қилди.

Ким Чен Ин Фото: Pyeongyang Press Corps / Pool / Getty Images

Бу ҳақда Channel A телеканали хабар берган.

Маълум қилинишича, Ким Чен Ин Пхеньянни коронавирусга чалиниши мумкинлиги хавотирида тарк этишга қарор қилган. Таъкидланишича, коронавирус Ким Чен Инга яқин одамларда аниқланган. 

Шу сабабли Ким Чен Ин Пхеньянни ўтган ҳафта шахсий поездда тарк этиб, ўзига қарашли вилла жойлашган Вонсан-Кальма курортига йўл олган.

Маълум қилинишича, Ким Чен Ин қароргоҳида тиббий муассаса ҳам жойлашган.

21 апрелда CNN телеканали АҚШ разведкаси вакилларига таяниб Шимолий Корея етакчиси жарроҳлик амалиётидан кейин оғир аҳволда эканини маълум қилган. Кейинроқ Жанубий Кореянинг “Рёнхап” ахборот агентлиги бу маълумотни рад этган. Маълумот нотўғрилигини Жанубий Корея президенти маъмуриятидаги манба ҳам тасдиқлаган.  

Бу сафар Шимолий Корея ҳукумати ва оммавий ахборот воситалари Ким Чен Ин ҳақидаги маълумотларга муносабат билдиришмаган. Таъкидланишича, аввал улар бундай миш-мишларга тезкорлик билан муносабат билдирилиб, уларни инкор қилиб келишган.

Мавзуга оид