08:10 / 01.05.2020
3494

Туркий кенгаш мамлакатлари транспорт вазирларининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилди

Йиғилишда юк ташувлари ва логистикани самарали мувофиқлаштириш ҳамда долзарб муаммоларга тезда ечим топиш мақсадида томонларнинг транспорт ва савдо вазирликлари ҳамда божхона бошқармалари вакилларидан иборат мақсадли гуруҳ тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

2020 йилнинг 30 апрель куни Туркий кенгаш мамлакатлари транспорт вазирларининг видеоконференция шаклидаги навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш Ўзбекистон президентининг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг коронавирус пандемиясига қарши курашишга бағишланган навбатдан ташқари саммитида илгари сурган ташаббусларини амалга ошириш доирасида ташкил этилди.

Тадбирда Озарбойжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия, Ўзбекистон, Венгриянинг тегишли вазирликлари раҳбарлари ҳамда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби иштирок этди.

Коронавируснинг янги турига қарши кураш шароитида транспорт операциялари узлуксизлигини таъминлаш йўллари муҳокама қилинди.

Вазирлар «Шарқ-Ғарб» Транскаспий халқаро транспорт йўлаги орқали юкларни ташишда енгилликлар яратиш ва глобал пандемия оқибатларининг минтақа давлатлари иқтисодига салбий таъсирини бартараф қилиш учун зарур чораларни кўриш имкониятини муҳокама қилдилар.

Онлайн-учрашув қатнашчилари транспорт квоталари, транзит ҳужжатлари, аъзо давлатлар ўртасидаги йиғимлар ва ҳайдовчилик визалари йўналишларида ўзаро имтиёзлар тақдим қилиш имкониятини кўриб чиқишга келишиб олдилар.

Каспий денгизи бўйича Ro-Ro йўналишида йиғимларни пасайтириш, зарур қўшимча транзит ҳужжатларини тақдим қилиш ва бир-бирларининг ҳудудларидан ўтиш учун тўловларни ўзаро бекор қилиш ҳам муҳокама қилинди.

Йиғилишда юк ташувлари ва логистикани самарали мувофиқлаштириш ҳамда долзарб муаммоларга тезда ечим топиш мақсадида томонларнинг транспорт ва савдо вазирликлари ҳамда божхона бошқармалари вакилларидан иборат мақсадли гуруҳ тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Top