21:04 / 04.05.2020
5151

Европа иттифоқи коронавирусдан вакцина ишлаб чиқилишига бир миллиард евро ажратди

Европа иттифоқи коронавирусдан вакцина яратиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларни молиялаштириш учун бир миллиард евро ажратди.

Фото: Reuters

Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен вакцинани яратиш учун маблағлар йиғилиши бўйича халқаро донорлик онлайн-анжуманини очиш вақтида маълум қилди.

“Мен Еврокомиссия халқаро саъй-ҳаракатларга бир млрд евро миқдорида ўз бадалини қўшаётганини эълон қилишдан хурсандман. Дунё вакцина яратилмагунча коронавирус билан яшашига тўғри келади, шу сабабли биз вакцина ва ташхислаш воситаларини яратиш учун кучларни бирлаштиришимиз лозим. Биз бу воситалар дунёнинг барча бурчакларига етиб бориши ва ҳар бир кишига тегишига эришишимиз лозим. Бу мақсадлар учун 7,5 млрд евро йиғишимиз керак, бироқ бу бошланиши, бугун маблағ йиғиш бўйича узоқ давом этувчи марафон бошланади”, деб айтган фон дер Ляйен. 

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш анжуман очилишида пандемияни тўхтатиш ва ундан даволаш воситаларини ишлаб чиқиш учун 7,5 млрд евродан камида 5 марта кўпроқ маблағ талаб этилишини таъкидлаб ўтган.

Маблағлар 2 ҳафта давомида йиғилади. Онлйн-анжуман ташкилотчилари Британия, Германия, Италия, Канада, Норвегия, Саудия Арабистони (Катта йигирматалик раиси сифатида), Франция ва Япония ҳисобланади. Бундан ташқари, 8 тузилма тадбир ҳамкорлари бўлиб, улар орасида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси, Вакцина ва эмлаш бўйича глобал альянс бор.

Март бошида Еврокомиссия коронавирусдан вакцина ва ташхислаш воситалари ишлаб чиқилишига 90 млн евро ажратган. Кейинроқ коронавирусга қарши курашга қаратилган 17 та лойиҳани молиялаштиришга яна 47,5 млн евро ажратилган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top