Жаҳон | 09:20 / 02.03.2024
8139
3 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ кенгаши Украинага 50 млрд евро ажратишни маъқуллади 

Европа иттифоқи кенгаши Украина жамғармасини ташкил этиш ва Европа Иттифоқи бюджетидан Киевга 50 миллиард евро молиявий ёрдам кўрсатишни маъқуллади. 

Фото: Picture Alliance

Европа Иттифоқи миграция сиёсати ва бошқа ташқи сиёсат муаммоларига кўпроқ маблағ ажратади. Тегишли ўзгартиришлар 28 феврал куни ЕИга аъзо давлатлар вакиллари томонидан маъқулланган, Европа иттифоқининг узоқ муддатли бюджетини қайта кўриб чиқиш доирасида кўзда тутилган

Европа иттифоқининг 2021-2027 йилларга мўлжалланган кўп йиллик молиявий дастурига ўзгартиришлар Европа Иттифоқи бюджети доирасида Украина жамғармасини яратишни ва Украинага 50 миллиард евро миқдорида молиявий ёрдам пакетини тақдим этишни назарда тутади (17 миллиард грант ва 33 миллиард кредит шаклида). Шунингдек, Европа Иттифоқининг миграция ва мудофаа сиёсати учун қўшимча 11 миллиард евро ажратилади.

Европа Иттифоқининг инқирозларга чидамлилигини ошириш учун ажратилаётган маблағлар миқдори ҳам ортиб бормоқда. Ҳужжатда Украинага ёрдамни ҳисобга олган ҳолда, жами 64,6 млрд миқдорида аввал назарда тутилган харажатлар режалаштирилган. 

Европа иттифоқи пуллари нимага сарфланади?

Европа Иттифоқининг узоқ муддатли бюджетига ўзгартиришлар киритиш доирасида Украина учун 50 миллиард евро ажратиш тўғрисидаги қарор Европа Иттифоқи етакчилари томонидан 1 феврал куни Брюсселда бўлиб ўтган махсус саммитда қабул қилинди. Украина жамғармасининг ташкил этилиши ЕИ тарихида прецедент бўлди, чунки биринчи марта ташкилот бюджетидан унинг таркибига кирмайдиган давлатга ёрдам бериш учун бундай катта маблағ ажратилмоқда. Жамғарманинг мақсади - Украина давлат институтлари ва молия тизими барқарорлигини қўллаб-қувватлаш. Кредит бўйича фоиз ставкалари субсидияланади.

Украина жамғармаси учта асосий компонентдан иборат. Биринчиси, Украинанинг молиявий барқарорлигини қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади, иккинчиси Украинани тиклаш ва реконструкция қилиш учун давлат ва хусусий инвестицияларни жалб қилишга мўлжалланган, учинчиси эса - техник ёрдам учун.

Европа Иттифоқининг 2021-2027 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли бюджети ҳозиргача 1,1 триллион еврони ташкил қилган. Германия Европа Иттифоқининг энг йирик донори бўлиб, барча маблағлар деярли тўртдан бир қисми унинг ҳиссасига тўғри келади. Шу билан бирга, Берлин ҳукумати Германия Европа Иттифоқининг ягона бозоридан бошқа Европа иқтисодиётига қараганда кўпроқ фойда кўраётганини таъкидлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид