21:07 / 05.05.2020
7312

Ўзбекистонда йил бошидан бери солиқ тушумлари прогнози ортиғи билан бажарилаётгани маълум бўлди

5 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида карантин шароитини янада енгиллаштириш ва иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда бир қатор масалалар сирасида солиқ тушумларини таъминлашга ҳам тўхталиб ўтилди.

«Жорий йилнинг январь-апрель ойларида бу борадаги прогноз 102,7 фоизга бажарилган. Бундан буён бюджетга тушумлар сезиларли равишда ортиб бориши қайд этилиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди», – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Маълум қилинишича, йиғилишда карантиндан кейин иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлар барқарор фаолият юритиб кетиши учун шароит яратишни ҳозирдан бошлаш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига тармоқ раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ва банклар билан бирга 1 июнга қадар корхоналарга кўрсатиладиган ёрдам турлари ва миқдорини аниқлаб, ҳар бир корхона бўйича Инқироздан кейинги манзилли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилди.

Ушбу режада корхоналарга айланма маблағлар учун қўшимча кредитлар бериш, экспорт мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш, томорқа ва иссиқхоналар учун давлат томонидан бериладиган субсидиялар миқдорини оширишга устувор аҳамият берилади.

Top