00:58 / 05.05.2020
9169

Саакашвили яқин кунларда Зеленский томонидан лавозимга тайинланишини маълум қилди

Украина ОАВнинг ёзишича, Саакашвилига ислоҳотлар бўйича миллий кенгаш таркибига кириш таклиф қилинган. 

Фото: ukranews.com

Грузиянинг собиқ президенти ва Одесса областининг собиқ губернатори Михаил Саакашвили яқин кунлар ичида Украина ҳукумати тузилмасида лавозимга тайинланади. Саакашвили бу ҳақда "Украина 24" телеканали орқали маълум қилди.

"Тайинлов тўғрисида президентнинг ўзи яқин кунларда эълон қилади. Мен у ва президент офиси ҳамда парламент етакчилари билан маслаҳатлашдим. Президент турли вариантларни кўриб чиқди, у бу ҳақда ўзи эълон қилади", - деди Саакашвили. Шу билан бирга, у қандай лавозимга тайинланишини айтмади.

22 апрель куни Украина президенти Владимир Зеленский Михаил Саакашвилига бош вазирнинг ислоҳотлар бўйича ўринбосари лавозимини таклиф қилгани маълум бўлди.

Ушбу хабардан сўнг Грузия бош вазири Георгий Гахария агар Михаил Саакашвили Украина бош вазири ўринбосари этиб тайинланадиган бўлса, Киевдаги элчи чақириб олинишини билдирди
   
Владимир Зеленский 2019 йил Саакашвилига Украина фуқаролигини қайтарганди. Унинг фуқаролиги 2017 йилда собиқ президент Петро Порошенко томонидан бекор қилинган. Сайловолди дастурида ҳам Зеленскийдан Саакашвили борасида фикрларини сўрашганди ва у Грузия собиқ президентини Европада демократияни таъминлаш учун курашган, коррупцияга қарши курашда тажрибаси бор, деб мақтаганди. 

Украина ОАВнинг ёзишича, Саакашвилига ислоҳотлар бўйича миллий кенгаш таркибига кириш таклиф қилинган. 

Ислоҳотлар бўйича миллий кенгаш Украина президенти ҳузуридаги стратегик режалаштириш бўйича махсус маслаҳат органи ҳисобланади. 

Top