18:35 / 05.05.2020
44407

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири ишдан кетди. Мамлакатда вирус юқтирганлар сони 300га яқинлашган

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазири Насим Олимзода лавозимидан озод этилди. Энди унинг вазифасини «Истиқлол» клиникаси директори Жамолиддин Абдуллазода бажариб туради.

Насим Олимзода / Фото: president.tj

Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза вазири Насим Олимзода Хўжа ўз лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вазирликда ўтказилган фавқулодда йиғилиш чоғида Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода маълум қилган. 

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон вазирни истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармонини имзолаган.

Энди вазирликка «Истиқлол» клиникаси директори Жамолиддин Абдуллазода вақтинчалик раҳбар этиб тайинланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, бугун Тожикистонда яна 63 кишида вирус аниқланган ва жами зарарланиш ҳолатлари сони 293тага етди.

Шунингдек, ўтган бир кун давомида яна икки киши коронавирусдан вафот этди ва жами ўлим ҳолатлари сони бештага етди.

4 май куни Тожикистонда биратўла 102 кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилганди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи бошида Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чўлпонбоев лавозимидан озод этилганди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top