09:17 / 17.05.2020
6544

Сирдарёдаги уч туманда 10 мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши мўлжалланган – Вазир ўринбосари

Янги қурилаётган массивларда, вилоятнинг учта туманида янги иш ўринларини яратиш бўйича 2,2 триллион сўмлик 323та янги лойиҳалар шакллантирилди. Бу ҳақда Халқаро пресс клубнинг Сардобадаги ҳалокатга бағишланган сессиясида Инвестиция ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов маълум қилди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Президентимиз томонидан Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазиятнинг биринчи кунидаёқ етказилган зарарни қоплаш баробарида янги иш ўринларини яратиш бўйича топшириқ берилди. Бу бўйича ишчи гуруҳ 11та тижорат банклари, вазирликлар, тармоқлар билан биргаликда 2та йўналишда ишланди.

Биринчиси, талафот етган тадбиркорларнинг зарарларини қоплаш, уларга енгиллик яратиш, яъни тадбиркорларимиз кредит олган бўлса, кредитлари муддатини узайтириб бериш, қандайдир имтиёзлар бериш бўйича ишланди.

Иккинчи йўналиш бу – янги қурилаётган массивларда, вилоятнинг учта туманида янги иш ўринларини яратиш бўйича 2,2 триллион сўмлик 323та янги лойиҳалар шакллантирилди. Лойиҳалар ишга тушиши натижасида 10 мингга яқин янги ишчи ўринлари яратилиши мўлжалланган. Бу бўйича ҳам 2та йўналишда ишладик.

Биринчиси, 22та йирик лойиҳалар. Бу лойиҳалар ҳозирда қурилаётган 3та массивларнинг ёнида жойлашган бўлади. Мазкур лойиҳалар тижорат банклари бошқарув раислари томонидан шахсан назоратга олиниб, тадбиркорлар билан биргаликда лойиҳалар ишлаб чиқилиб, ҳокимиятлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ишланди. Қулайлиги – корхоналар аҳоли яшайдиган массивларга яқин бўлади, аҳолидан келиб чиқиб, ишлашга имкони, хоҳиши бўлган ҳар бир одам у ерда ўз иш ўрнини топа олади. Жумладан, тикув-трикотаж фабрикаларини оладиган бўлсак, ҳар бир массивда 300-500 ўринлик фабрикалар аёллар учун мўлжалланган. Эркак фуқаролар учун у ерда иссиқхоналар, боғлар, саноат корхоналари барпо этилмоқда.

Бундан ташқари, президентимиз айтганларидек томорқалар сақланиб қолиняпти. Бу томорқаларда тадбиркорлар билан биргаликда кооперация усулида уй хўжаликларини ташкил қилиш ҳам режалаштирилган», дея Азиз Воитовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сессияда қайд этилишича, барча лойиҳалар жорий йилнинг сентябрь ойида ишга туширилиши таъминланади.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top