08:40 / 19.05.2020
10128

Андижонда ноқонуний «хўроз ўйини»ни ташкил қилганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати

2020 йил 14 май куни соат 14:30ларда, Андижон вилояти ИИБ ЖҚБ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбирлар олиб борилган.

Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, Олтинкўл тумани, Уйғур МФЙда яшовчи фуқаро М.Х қурилиши битмаган янги ҳовлисида карантин вақтида бир нечта фуқароларни йиғиб, таваккалчиликка асосланган ноқонуний “хўроз ўйини”ни ташкиллаштирганлиги аниқланди.

Фуқаролар Т.Б, Х.Х, Х.М, И.М ҳамда Ю.Ж. ўзаро оғзаки тартибда 2.000.000 сўмдан келишиб, пул ютиш мақсадида хўрозларини уриштираётган вақтида ушланди. Иштирокчиларни ёнида бўлган жами 600.000 сўм пуллар ҳамда 2 дона “Дакан” хўрозлар холислар иштирокида баённома орқали расмийлаштирилиб, туман ИИБ ихтиёрига олинди.

Суриштирув давомида, ташкилотчи М.Х хар бир ўйиндан ўртага тикилган суммадан маълум миқдорда улуш олганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Олтинкўл тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top