18:22 / 19.05.2020
6074

Сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларда оптик толали алоқа линиялари тикланяпти

​​​​​​​Мудофаа вазирлиги иштирокидаги онлайн брифингда Сардобадаги сув тошқинидан зарар кўрган «Баҳористон» ва «Навбаҳор» маҳаллалари ўртасида 38 метрли кўприк ўрнатилиши маълум қилинди.

«Бузилган кўприкларни тиклаш бўйича вазирликнинг муҳандислик қўшинлари ўзларининг махсус техникалари ва мутахассислари иш олиб боришди. «Баҳористон» ва «Навбаҳор» аҳоли пунктлари ўртасида 38 метрли понтон кўприги ўрнатилди. Натижада, ушбу талафот кўрган аҳоли пунктларига қурилиш материалларини етказиш, аҳоли ҳаракатланиши, юк автомобиллари ҳаракатланиши учун тўлиқ шароит яратилди. Оғир механизациялаштирилган кўприклар ҳам аҳоли пунктларига олиб борувчи йўлларга ўрнатилди. Жумладан, Чинободда 2та, Дўстлик аҳоли пунктида 2та шундай кўприклар ўрнатилган.

Шунингдек, алоқани тиклаш бўйича Мудофаа вазирлигининг алоқа бош бошқармаси маҳаллий тегишли идоралари билан биргаликда Осиё ва Европа давлатларини боғловчи оптик толали алоқа линиялари тикланяпти. Оқолтин, Мирзаобод, Сардоба туманларида талафот етган 38та мобил узатувчи базавий станциялар қайта тикланди. 30 километрдан ортиқ оптик толали кабел тортилди. 14 километр ерости, 16 километр ҳаво линияси фолияти йўлга қўйилди», деди Зулфиқоров.

Унинг қўшимча қилишича, 18 май куни вазирлик алоқа бош бошқармаси маҳаллий тегишли идоралари билан ҳамкорликда барча вилоят ҳокимлари билан Сирдарё вилоятига сафарбар қилинган пудратчилари ўртасида видеоселектор тизими тўлиқ йўлга қўйилди. Бунинг натижасида вилоят ҳокимлари ўз пудратчилари фаолиятини онлайн режимда кузатиб, тегишли кўрсатмалар бериш имкониятига эга бўлишди.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top