13:05 / 19.05.2020
25945

«Таълим тўғрисида»ги қонун янги таҳрирда қабул қилинди

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида 238 та нормага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

2020 йил 19 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Кун тартибидаги дастлабки масала — янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишдаги муҳокамаси қизғин кечди. Депутатлар 5-6 май кунлари бўлиб ўтган палата мажлисида қонун лойиҳасини моддама-модда, бобма-боб муҳокама қилган эдилар. Муҳокама давомида бир неча моддалар юзасидан бир фикрга келинмаганлиги сабабли улар устида ишларни давом эттириш ҳамда келгуси мажлисда ана шу моддалар атрофида тўхталиб ўтишга келишган эди.

Шундан сўнг масъул қўмита барча фракциялар, депутатлардан тушган таклиф ва мулоҳазаларни жамлаб, мутахассис ва экспертлар иштирокида қонун лойиҳаси устидаги ишларни давом эттирди.

Таъкидланишича, қонун лойиҳасини такомиллаштириш мақсадида масъул қўмита ҳамда ишчи гуруҳ томонидан бир неча бор муҳокамалар ўтказилди. Тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида лойиҳанинг қоида ва нормалари маромига етказилди. Норма ижодкорлиги талабларидан келиб чиқиб, лойиҳадан ҳаволаки тусдаги қатор нормалар чиқарилиб, тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритилди.

Қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида 238 та нормага тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Лойиҳадан идоравий руҳдаги бир неча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қисқартириш, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллашга таъсир этмайдиган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш оқибатида 123 та норма чиқариб ташланди. Уларнинг ўрнига 54 та янги тўғридан-тўғри амал қилувчи нормалар киритилди. Ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар ва тартибга солишнинг эскирган механизмларини бартараф этиш ҳисобига киритилган 7 та моддадан бутунлай воз кечилиб, аниқ соҳалардаги муносабатларни тартибга солувчи 9 та янги модда киритилди.

Қонун лойиҳасига инклюзив таълим тушунчаси ҳам сингдирилди. Бу ҳар бир боланинг таълим олишдаги тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш ҳар қандай дискриминация ва камситишларнинг олдини олишга хизмат қилади. Шунингдек, лойиҳада амалдаги қонунда, умуман, қонунчиликда кўзда тутилмаган янги қоидалар — юртимизда ёшидан қатъи назар, катта ёшдагилар умри давомида билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб бориш имкониятлари ҳам қонун билан мустаҳкамланяпти.

Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юбориладиган бўлди.

Top