Жаҳон | 17:58 / 20.05.2020
18044
2 дақиқада ўқилади

«Дунёни ўзгартириш навбати сизники» — таниқли шахслар пандемия даври битирувчиларига тилак билдирди

Пандемия сабабли ўқувчи ва талабалар ўқув муассасаларини виртуал тарзда, уйда битиришига тўғри келмоқда. АҚШда мавжуд анъанага мувофиқ, бир қатор таниқли шахслар 2020 йил битирувчиларини табриклаш билан бирга, пандемия билан курашда қўллаб-қувватлаб чиқишди.

АҚШнинг 44-президенти Барак Обама ёшларни ҳозирги инқироз давридан тўғри хулоса чиқариб, дунёни яхшилаш учун ҳисса қўшишга чақирди.

«Сизлар бошқа авлодларга қараганда тезроқ улғайишингизга тўғри келяпти. Чунки пандемия дунёни ўзгартиряпти. У давлатларнинг чуқур илдиз отган муаммоларини кўрсатди, иқтисодий нотенглик юзага келди, ирқий камситишлар давом этмоқда, баъзиларда тиббий хизматдек ҳаётий муҳим эҳтиёжини қондириш иложсиз. Бу муаммолар учун кўрсатилган аввалги ечимлар ишламаяпти.

Aгар атрофингиздагилар касал ва оч бўлса, сизнинг қанча кўп пул топишингиз аҳамиятсиз. Демократик жамият биз фақат ўзимизни ўйлашни тўхтатиб, бир-биримизга ғамхўрлик қилсаккина мавжуд бўлади.

Ҳар бир инқироздан кейин мамлакат кучлироқ бўлади. Янги авлод, ёшлар ўтмиш хатоларидан хулоса чиқариб, ҳаётни яхшилаш учун ечим излайди», дейди у.

Покистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, тинчлик учун Нобел лауреати Малала Юсуфзай инқироз ривожланмаган мамлакатларда қизлар таълимига салбий таъсир кўрсатишини қайд этиб, бунга эътиборсиз бўлмасликка чақирди.

«Ривожланмаган давлатларда кўплаб қизлар мактабга қайта бора олмаслиги мумкин. Инқироз туфайли уларни эрта турмушга узатишади. Ёки оилани боқиш учун кам маош билан ишлашга мажбур бўлишади. Мактаблар яна очилганда уларнинг партаси бўшаб қолади.

Улар – тенгқурларимиз, улар ҳам биз каби таълим олиш ҳуқуқига эга. Дунёни ўзгартирмоқчи бўлганингизда уларни ҳам эсдан чиқармаслигингизни истардим.

Уларни ёлғизлатманг. 2020 йил нималарни бой берганимиз билан эмас, балки синов қаршисида ўзимизни қандай тутганимиз билан белгиланади», дейди у.

Шунингдек, бир қатор жамоат фаоллари, актёр ва спортчилар ҳам битирувчиларни табриклаб ва қўллаб-қувватлаб чиқишди.

Мавзуга оид