15:34 / 22.05.2020
23022

«Ёзда бешта китоб». Билл Гейтс нима ўқияпти? 

Осушвит тажрибаси, чигал сюжетга эга роман, Disney бошқаруви, «буюк грипп » ва камбағаллар учун иқтисодиёт. Дунёнинг энг бой кишиларидан бири кейинги уч ойда мана шу мазмундаги китобларни ўқишни тавсия этади.

Фото: GatesNotes.com

Билл Гейтс мутолаа қилган ёки ўқишни режалаштирган китоблар рўйхатини анъанага кўра ўз блогида эълон қилди. У кўпинча ўқиш учун тавсия этадиган китоблар рўйхатини йилнинг май ва декабрь ойида эълон қилади. 

«Сўнгги пайтда учрашув ва суҳбатлар COVID-19 масаласига боғлиқ бўлмоқда. Инфекция тўлқинини тўхтатиб қолиш устида бош қотирмоқдамиз», – деб ёзади пандемияга қарши кураш фронтида илғор бўлаётган Gates Foundation жамғармаси асосчиси Билл Гейтс. 

Унинг таъкидлашича, жорий масалаларга қарамай, атрофдагилар ундан мутолаа учун тавсиялар кутмоқда. Қуйида Гейтс 2020 йил ёз ойларида ўқишни тавсия этган китоблари рўйхати келтирилади.

Эдит Ева Эгер. «Танлов. Одамнинг ички кучи ва эркинлиги ҳақида» 

Америкалик психотерапевт ва ёзувчи Эдит Ева Эгер Ҳолокост воқеаларининг сўнгги тирик гувоҳларидан бири ҳисобланади. 1944 йили,  венгер яҳудийларини оммавий қирғин қилиш даврида, 16 ёшли Ева ота-онаси ва синглиси билан Осушвитга сургун қилинади. Унинг ота-онаси вафот этади, бироқ опа-сингиллар бир неча қийинчиликларни бошдан кечириб тирик қолган. Еванинг айтишича, унинг концлагердаги ўликлар орасида чалажон ётганини америкалик аскар пайқаб қолади.

Уруш якунига етиб, орадан бир неча йиллар ўтгач, Ева АҚШда доимий истиқомат қила бошлади. У тиббиёт йўналишида психология факультетини тамомлаб, Сан-Диего шаҳрида ўз касби бўйича аҳолига хизмат кўрсата бошлади.

Ева 90 ёшида «Танлов» китобини ёзган. Гейтснинг фикрича, ушбу китоб шунчаки мемуар асар эмас, балки жароҳатлар билан ишлашда қўл келадиган йўриқномадир. Муаллиф қийин вазиятлар, тушкунликдан қутулиш йўллари ҳақида яхши маслаҳатлар беради, деб ёзади Билл.

Дэвид Митчелл. «Булутли Атлас»

Билл Гейтс Митчелл китоби ҳақида кўп бора фикр билдирган. У китоб сюжети ўта оғир, мазмунан мураккаб эканини тан олади.  «Булутли Атлас»  китоби олтита ўзаро боғлиқ ҳикояни бирлаштиради. Воқеалар эса бир неча юз йиллар ичида содир бўлади.

Миллиардер китобхонга «Булутли Атлас» нинг биринчи ҳикояси ёқади: у америкалик ёш докторнинг саргузаштларидан сўйлайди. Шахснинг барча ёмон ва яхшилиги ҳақида билишни истасангиз, «Булутли Атлас» ни қўлга олинг, дея тавсия беради Билл Гейтс.

Роберт Айгер. «Ҳаёт йўлидаги пойга»

Боб Ай гер - америкалик машҳур ишбилармонлардан бири, 2005 йилдан буён The Walt Disney Company директори ва президенти лавозимида ишлаб келади. Айнан Айгер компанияда катта ислоҳотларни ўтказган, хусусан унинг бошқарув даврида қилинган биринчи қарорлардан бири «Пиксар»ни сотиб олиш бўлганди.

 Гейтснинг таъкидлашича, Айгернинг «Ҳаёт йўлидаги пойга»  китоби у сўнгги йилларда ўқиган бизнес ҳақидаги энг яхши асарлардан бири саналади.

Жон Барри. «Буюк грипп»

Биз умуман мураккаб даврни бошдан кечиряпмиз, –деб сўз бошлайди Гейтс,  аммо жараёнларни яхшироқ англашни истасангиз, 1918 йилда юз берган «испан гриппи» ҳақида кўпроқ билиш зарур. 

«Бизни ўша воқеадан 100 йил ажратиб турса-да, Жон Баррининг китоби дунёга хавф солиб турган кўп таҳдидларни аниқ айтиб бера олади»,  –  деб ёзади Гейтс.

Абҳижит Банержи ва Эстер Дуфло. «Ёмон давр учун яхши иқтисодиёт»

Абҳижит Банержи ва Эстер Дуфло  2019 йилда иқтисодиётга қўшган ҳиссаси учун Нобел мукофотига лойиқ кўрилган. Улар камбағалликка қарши кураш лабораторияси асосчилари ҳисобланади. Муаллифлар китобда кўп йиллар ўрганилган тадқиқот ва рақамларни таҳлил этади. 

Улар камбағалликдан самарали қутулиш йўллари ҳақида билимлар билан ўртоқлашади. Шу билан бирга, китобда билдирилган фикрлар авом учун жуда жўн тилда баён этилган.

Top