Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сунъий интеллект туфайли инсоният уч кунлик иш ҳафтасига ўтади – Билл Гейтс
Миллиардер сўзларига кўра, қачонлардир одамлар «бу қадар кўп меҳнат қилиши шарт бўлмаган» кунлар келиши мумкин.
Microsoft асосчиларидан бири, миллиардер Билл Гейтснинг фикрича, сунъий интеллектнинг (AI) ривожланиши инсониятга уч кунлик иш ҳафтасига ўтиш имконини беради. Бу ҳақда у 21 ноябр куни айтиб ўтди. Унинг сўзларини Business Insider келтирди.
Сунъий интеллектнинг ривожланиши иш жойларига таҳдид соладими деган саволга жавоб бераркан, Гейтс қачонлардир одамлар «бу қадар кўп меҳнат қилиши шарт бўлмаган» кунлар келиши мумкинлигини айтди. Унинг тахмин қилишича, «машиналар озиқ-овқат ва бошқа ҳамма нарсани ишлаб чиқарадиган» давр етиб келади.
«Агар якунда ҳафтасига атиги уч кун ишлаш керак бўлган жамиятга етиб борсак, менимча, бу жуда яхши», деди Гейтс.
Аввалроқ, Гейтс AI ривожланиши билан баъзи ишчилар қўллаб-қувватлаш ва қайта тайёрлашга муҳтож бўлишини, буни ҳукуматлар ва компаниялар ҳал қилиши кераклигини айтган эди.
«Мен сунъий интеллектнинг таъсири саноат инқилоби каби катта бўлади, деб ўйламайман, лекин бу, албатта, шахсий компютер пайдо бўлиши каби оламшумул воқеа бўлади», деди у.
Октябр ойида JPMorgan молиявий корпорацияси раҳбари Жейми Даймон ҳам сунъий интеллект ривожланиши билан иш ҳафтасининг давомийлиги қисқаришини айтган эди.
«Фарзандларингиз 100 ёшгача яшайди ва технология туфайли саратон касаллигига чалинмайди ва улар катта эҳтимол билан ҳафтада уч ярим кун ишлайди», деди у.
Турли ижтимоий сўровлар шуни кўрсатдики, кўпчилик сунъий интеллект туфайли ишсиз қолиши ёки маоши қисқаришидан қўрқади. Масалан, Қўшма Штатларда сўровда қатнашган ишчиларнинг 79 фоизи AI туфайли маоши камайиб кетишидан қўрқишини маълум қилди.
2023 йил март ойида Tesla бош директори Илон Маск, Apple асосчиларидан бири Стив Возняк ва мингдан ортиқ экспертлар умумий хавфсизлик протоколлари жорий этилгунга қадар илғор сунъий интеллектни ривожлантиришни камида олти ойга тўхтатиб туришга чақирувчи очиқ хатни имзолади. Билл Гейтс уларни қўллаб-қувватлашдан бош тортди ва бундай чақириқлар «муаммони ҳал қилмаслигини» ва AI инсониятга фойда келтиришини айтди.
Мавзуга оид
18:41 / 23.06.2026
Ғарб разведкаси СИ киберҳужумларининг янги таҳдиди ҳақида огоҳлантирди
14:38 / 23.06.2026
Наманганда сунъий интеллект соҳасидаги лойиҳалар тақдим этилди
17:04 / 22.06.2026
Сунъий интеллект ва билим иллюзияси: Нега ёш мутахассислар ўсишдан тўхтаб қолмоқда?
21:55 / 15.06.2026