14:54 / 23.05.2020
11827

Автомобилларни ижарага бериш бўйича дунёдаги энг йирик сервислардан бири банкрот бўлди

Автомобилларни ижарага бериш бўйича дунёдаги энг йирик сервислардан бири бўлган Hertz банкрот бўлганини эълон қилди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.

Фото: EPA/Vostock-photo

Компания коронавирус пандемияси сабабли юз берган иқтисодий пасайишнинг навбатдаги қурбонига айланди.

Компания баёнотида айтилишича, коронавирус пандемияси саёҳатлар ва автомобиллар ижарасига бўлган талабга кескин таъсир қилган, натижада даромад пасайиб кетган. Туристлардан ташқари, автомобили таъмирлашда бўлганлар ҳам сервис мижозлари ҳисобланади. Аммо COVID-19 боис кўпчилик уйида қолмоқда ва уларга машинанинг кераги йўқ. Hertz кўрсаткичлар қачон аввалги даражага қайтишини билмаслигини тан олди.

Аввалроқ АҚШда JCPenney, Neiman Marcus ва J.Crew кийим дўконлари тармоқлари, Whiting Petroleum ва Diamond Offshore Drilling энергетика компаниялари банкрот бўлганини эълон қилганди.

Hertz компаниясининг дунё бўйича 568 мингга яқин автомобили ва 12,4 мингга яқин ижарага бериш нуқталари бор.

Ушбу сервис 1918 йилда ташкил этилган ва ишини ўн дона "Форд" автомобили билан бошлаган. Компания Буюк тушкунлик, Иккинчи жаҳон уруши ва бир нечта нефть инқирозларидан омон чиққанди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top