Жаҳон | 20:00 / 02.11.2021
7676
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск йирик шартнома ҳали имзоланмаганини айтгандан кейин Tesla акциялари арзонлашиб кетди

Фото: AP Photo

Tesla асосчиси Илон Маск Twitter’да Hertz компанияси билан 100 мингта электромобил етказиш бўйича шартнома ҳали имзоланмаганини маълум қилди. Маскнинг ушбу твитидан кейин Tesla акциялари нархи 4,5 фоизга тушиб кетди.

Ўтган ҳафта автомобилларни ижарага берувчи Hertz компанияси Маск компанияси билан 2022 йил охиригача 100 мингта автомобил етказиш бўйича келишиб олганини маълум қилган. ОАВнинг баҳолашича, битим қиймати 4,2 млрд долларни ташкил қилади. Шу хабардан кейин Tesla акциялари 9 фоизга қимматлашиб, компания капиталлашуви тарихда илк бор 1 трлн доллардан, Маскнинг бойлиги эса 300 млрд доллардан ошганди.

Маск Twitter’да ўз компанияси акцияларининг охирги кунларда ўсиши графигига изоҳ бериб, агар бу динамика Hertz билан боғланган бўлса, шартнома ҳали имзоланмаганини маълум қилган. “Агар бу Hertz билан боғланган бўлса, шартнома ҳали имзоланмади. Tesla’да талаб таклифдан юқори, шу сабабли биз Hertz’га автомобилларни қолган мижозларга сотадиган маржа билан сотамиз. Hertz билан битим иқтисодиётимизга таъсир кўрсатмайди”, деб айтган Маск.

Hertz’да ҳозирча Маскнинг сўзларига изоҳ берилмаган.

Мавзуга оид