15:26 / 25.05.2020
12991

Ўзбекистонда коронавирусдан даволаниб чиққанларда манфий натижа олиняпти - Нурмат Отабеков

Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков баъзи ҳолларда соғайганлар топширган тестларда ҳам мусбат натижалар олинаётгани, бемор соғайиб чиққанидан кейин вирус ташувчи бўлиб қолиши эҳтимоли бўйича саволга жавоб берди.

«Коронавирус касаллигига чалинган одам соғайганидан кейин вирус ташувчи бўлиб қолиши мумкин ёки мумкин эмаслиги тўғрисида ҳозирча аниқ бир фикр йўқ. Лекин энг асосийси бизда даволанаётган беморлар даволаш муолажаларини олиб бўлгандан кейин уларда лаборатория текширувида манфий натижа олиняпти.

Баъзи бир одамларда соғайиб чиққандан кейин ҳам мусбат натижали тестлар бўлиши мумкин. Бу шундай жиҳатки, масалан, ўлган вируснинг маълум бир заррачаси, бўлаги реагентлар билан англаб олинса, у ҳам мусбат натижа сифатида бериши мумкин. Баъзан ўлган вирусларнинг қолган қолдиқлари ҳам шубҳали натижа бериш эҳтимоли йўқ эмас.

Бу каби маълумотлар ҳали умумлаштирилади. Кейин бир тўхтамга келинади», деди Нурмат Отабеков.

Коронавирус касаллиги тасдиқланган одамлар қанча муддат даволаниши, республикада соғайиб шифохонадан чиқиб кетганлар ўртача қанча вақт даволаниши тўғрисидаги саволга ҳам жавоб берилди.

«Коронавирус касаллиги тасдиқланиб касалхонага ётқизилган беморнинг даволаниш муддати авваломбор касаллик даражасига, кечишига ва беморнинг умумий аҳволига боғлиқ. Республикамизда даволаниб соғайиб шифохонадан чиқиб кетганлар ўртача 25 кунни ташкил этади. Даволанишдан сўнг реабилитация марказларига ўтказилди», деган Отабеков.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top