10:44 / 26.05.2020
4429

Мактаб дарсликларини такомиллаштириш бўйича кенг жамоатчилик фикрини олиш тизими йўлга қўйилди

Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни тайёрлаш, нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, уларда хато ва камчиликларга йўл қўйилишининг олдини олиш, давлат буюртмасига асосан тайёрланадиган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуалардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар Халқ таълими вазирлигига ўтказилди, деб ёзмоқда вазирлик ахборот хизмати.

Фото: Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, бугунги карантин шароитида дарсликлар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида Республика таълим маркази томонидан интернет тармоғида @darslikka_taklif_bot телеграм канали ишга туширилди.

Мазкур телеграм каналига бугунги кунда амалда бўлган барча мактаб дарсликлари ҳамда жорий йилда янгидан яратилаётган ва нашр этилаётган дарсликларга 3 та - ўзбек, инглиз ва рус тилларида таклиф юбориш имконияти мавжуд.

Дарсликларни такомиллаштириш бўйича ишга туширилган телеграм каналининг мақсад ва вазифаларини очиб бериш, ундан фойдаланган ҳолда таклифлар юбориш, ушбу жараёнга малакали мутахассис ва ўқитувчиларни жалб қилиш мақсадида Республика таълим маркази томонидан онлайн видеоконференция ўтказилди.

Онлайн видеоконференцияда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган фан методистлари, дарсликларга масъул мутахассислар иштирок этишди.

Бугунги кунда дарсликлар юзасидан келиб тушаётган ўринли таклиф ва мулоҳазалар Марказнинг фан методистлари томонидан ўрганиб чиқилиб, нашриётлар ва муаллифлар билан биргаликда дарсликларни нашрга тайёрлаш жараёнида инобатга олинмоқда.

Марказ томонидан янги ўқув йили учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни чоп этишдан олдин, доимий равишда кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, экспертлардан хулосалар олиш ва тажриба-синов ишларини тизимли амалга ошириш режалаштирилган.

2020-2021 ўқув йили учун нашр этиладиган дарсликларни кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш бўйича қўшимча маълумотлар телеграм интернет тармоғида @darslikka_taklif_bot орқали ёритиб борилади, дейилади маълумотда. 

Top