09:00 / 28.05.2020
49995

Кластер ҳоким билан судлашмоқда: Ҳокимлик «Султонтекс»ни нималарда айблаган ва айбловлар қанчалик асосли?

Қарши шаҳрида фаолият кўрсатаётган, ип йигирув ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган «SULTONTEX GROUP»  МЧЖ шаклидаги хусусий корхонасининг Қарши туманида пахтачилик кластери тугатилаётгани интернетда шов-шув келтириб чиқарди.

Kun.uz сайтида аввалроқ бу илғор кластер тугатилаётгани ҳақида мақола эълон қилинган эди. Бироқ, қашқадарёлик мутасаддилар ушбу материалга тайинли муносабат билдира олишгани йўқ.

«SULTONTEX GROUP»  хусусий корхонаси Қарши туманидаги жами 15 минг гектарда пахта етиштирувчи 500дан зиёд фермерлар билан шартнома имзолаган. Унинг ўзи ҳам 1300 гектар майдонга эга.

Кластер пахта етиштирувчи фермерларга механизация, ўғит, дори, ёқилғидан ёрдам беради, уларнинг етиштирган пахтасини пахта териш машиналарида йиғиб олади. Ҳосилни ўзи қайта ишлаб, тола ва чигитини ажратади. Чигитдан ёғ чиқаради, толадан эса ип йигириб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариб, экспорт қилади.

Кластер барча ишлаб чиқариш циклларини тўлиқ қамраб олган. Республикада бундай кластерлар бармоқ билан санарли. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Қашқадарё вилоятига сафари давомида бу кластер фаолияти билан шахсан танишган.

Барчаси нимадан бошланганди? Кластер фаолияти нега тугатиб юборилмоқда?

Айни дамда «SULTONTEX GROUP» Қарши туман ҳокимлигининг айрим ёлғон маълумотлари юзасидан туман маъмурий судига мурожаат қилган, иш судда кўриб чиқилмоқда.

Суд қандай якуний қарорга келади, бундан бехабармиз, унга таъсир ўтказиш ниятимиз ҳам йўқ, бироқ ўқувчиларимизга «SULTONTEX GROUP» кластерининг ёпилишига нималар сабаб бўлгани, умуман, унинг ёпилиши адолатли ё ундай эмаслиги ҳақида хулоса чиқаришлари, мушоҳада қилишлари учун вазиятни яқиндан ўрганиш мақсадида Қаршига бордик.

Кластер раҳбари Нурбек Эргашевнинг ҳикоя қилишича, Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноевнинг 20 март куни Косон туманида Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида ўтказган йиғилишидан кейин унда муаммолар юзага кела бошлаган.

Йиғилишдан кейин тузилган баённомада Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, «Агробанк» АТБ, Марказий банк вилоят Бош бошқармаси ва тижорат банкларининг ғаллани минерал ўғитлар билан озиқлантириш ва кимёвий препаратлар билан ишлов бериш учун етишмайдиган маблағларни тижорат кредити, пахта-тўқимачилик кластерларига ажратиладиган пахта имтиёзли кредит маблағлари ва фермер хўжаликларининг устав фондига жамғариладиган маблағлар ҳисобидан қоплаш тўғрисидаги ноқонуний таклифлари маъқулланган.

Нега ноқонуний? Чунки пахтачиликка ихтисослашган кластер ғалладан умуман даромад қилмайди, чунки ғаллани қайта ишламайди. Бунинг учун ғаллачилик кластерлари тузилган. «SULTONTEX GROUP» кластерига ўзи бир тийин даромад қилмайдиган ғаллачилик соҳаси учун «Агробанк» томонидан тўғридан тўғри ўз соҳаси бўлган пахтачиликка ажратиладиган кредит маблағлари ҳисобидан қарийб 550 минг АҚШ долларига тенг миқдордаги пул ўтказиб бериш вазифаси нега юкланади? Ахир бу соғлом ақлга зид-ку?

Табиийки, кластер раҳбари бундай қила олмаслиги, банк маблағларидан мақсадсиз фойдалана олмаслигини айтганидан сўнг муаммолар бошланган.

«Жазо» ҳам узоқ куттирмаган. 2020 йил 8 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари — кластерлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» мавзусида ўтказилган йиғилишда республикада самарасиз фаолият кўрсатаётган ва тугатилиши лозим бўлган 16та кластер корхоналари рўйхати тасдиқланган. Уларнинг орасида «SULTONTEX GROUP» МЧЖ ҳам бор.

Йиғилиш баёнида «SULTONTEX GROUP» МЧЖга қуйидагича айбловлар қўйилган:

1 . Пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлашнинг тўлиқ циклни қамраб олган қайта ишлаш қувватлари мавжуд эмас. Ҳолбуки, тўлиқ цикл мавжуд.

2. 2020–2021 йиллар учун аниқ ҳисоб-китобларга асосланган лойиҳалар ишлаб чиқилмаган. Ҳолбуки, умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳалар тасдиқланган ва президентга тақдимот қилинган.

3. Агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширишга амалий ёрдам кўрсатилмаслиги оқибатида пахта етиштиришда ҳосилдорлик паст бўлиб, 2019 йилда 19,4 центнерни ташкил этган ва 2018 йилга нисбатан 10,9 центнерга пасайтириб юборилган. Бу ҳам ёлғон. Қарши туманида ўтган йили ҳосилдорлик пасаймаган, ошган.

4. Фермер хўжаликларига етказилган моддий ресурслар ва кўрсатилган хизматлар нархларини оширилган қийматда тақдим этиб келган. Оқибатда, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги таъминланмаяпти. Биз суҳбатлашган фермерлар эса буни тасдиқлашмади.

Хулосага кўра, «SULTONTEX GROUP» пахта-тўқимачилик кластери фаолияти тўхтатилиб, ўрнида фермер хўжаликлари кооперацияси ташкил этиш буюрилган, энди тумандаги фермерлар ўша кооперация билан шартнома имзолашга мажбурланмоқда.

Биз 20 май куни Қарши туман маъмурий судида судья А.Расулов раислигида давом этаётган очиқ суд мажлисининг иккинчисида қатнашдик.

Нурбек Эргашев Қарши туман ҳокими вазифасини бажарувчи Мақсуда Мустафоеванинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва улар келтириб чиқарган оқибатлар борасида судга мурожаат қилганини гапириб берди.

Суд мажлиси бошлангунча кўчада йиғилиб турган айрим фермерлар билан ҳам гаплашдик. Судда гувоҳлик бериш учун келган ва бизга рўпара бўлган фермерлар ўтган мавсумда кластер билан ишлашганидан мамнун эканликларини, барча иш жойида бўлганини, айни пайтда кластер билан шартнома бекор қилиниб, фермерлар кооперация билан шартнома имзоланганидан сўнг муаммолар бошланганини гапириб беришди.

Хусусан, ўтган мавсумда кластер билан ишлашда ўғит, техника, ёқилғи, ОВХ масаласида муаммолар бўлмагани тилга олиб ўтилди.

Фермерларга туман ҳокимлиги томонидан «SULTONTEX GROUP» тугатилди, деган хабар берилган ва уларда кооперация билан шартнома имзолашдан ўзга чора қолмаган. Айримлар маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва ички ишлар органлари ходимлари томонидан шартнома имзолашга мажбурланган.

Фермерлардан бири кластер дастлабки йил ишлашда тажрибасизлик қилиб, айрим хато ва камчиликларга йўл қўйганини таъкидлади, лекин алдов йўли орқали кооперация билан ишлашга фермерларни мажбурламаслик, кластер ё кооперациядан бирини танлашни фермерларнинг ихтиёрига қўйиб бериш кераклигини айтиб ўтди.

Энг қизиғи, кластер янгича усулда, янги технологиялар билан чигит қадаб берган фермерларга ҳам бундан буёғига кластер билан ишламаслик шарти қўйилмоқда. Яъни, фермерларларга хизмат кўрсатувчи мехназациялашган техника воситалари фақат «SULTONTEX GROUP»да бор. Лекин фермерга «SULTONTEX GROUP»га пул ўтказиб, техника хизматидан фойдаланишга изн берилмаяпти.

Суд залида гувоҳлик кўрсатмаси берган фермерлар ҳам кластер билан ишлаш улар учун манфаатли ва фойдали бўлганини қайд этиб ўтишди.

Шу куни Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева мазкур судга чақирилганига қарамасдан суд ишига келмади. Бизга интервью беришни истамаган (кейинроқ суд залида у журналистлардан ўзини 5 марта интернетга чиқаришганига эътироз ҳам билдирди) туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Акром Арипов суддаги чиқиши асносида саволларга жавоб бера туриб, Нурбек Эргашевнинг бош «айб»ини айтди. Унинг сўзларига кўра, Н.Эргашев манмансираган, туман раҳбарларининг телефонини кўтармайди ва мажлисларда қатнашмайди.

Шунингдек, Акром Арипов ғалла учун кластерлардан пул талаб қилинганини ҳам тан олди. Буни эса ҳукумат топшириғини қонун деб билиши ва уни бажаришга интилиши билан изоҳлади.

Қизиқ вазият юзага келмоқда: вилоят ҳокимлиги, «Агробанк»нинг вилоят бўлими кластер учун зиёнли бўлган ноқонуний таклифни ўртага ташлайди, у ҳукумат раиси ўринбосари баённомасига киритилади, уни қонун ўлароқ қабул қилган тумандаги раҳбарлар ўзлари тайёрлаб берган маълумотлар асосида тайёрланган топшириқларни бажаришга интилишади.

Тан олиш керак, «SULTONTEX GROUP» кластеридан норози фермерлар ҳам йўқ эмас, лекин улар ҳам асосан кластер раҳбарини турли селектор ва мажлисларга келмасликда айблашган.

Хўп, «SULTONTEX GROUP» кластери ёмон экан, ҳозир у туманда пахтачиликка аралашмай турибди, ундан қутулишди; халқ депутатлари туман кенгаши қарори билан кооперация тузилган, бояги фермерлар бемалол кооперация билан ишлайвериши мумкин-ку? Йўқ, бу фермерлар гап-сўзлари билан туман ҳокимлиги позициясини қўллаб туришибди. Ҳолбуки, ўтган мавсумда кластер билан ишлаш оқибатида қандайдир зарар кўрган бўлишса ёки кластернинг қандайдир қарзи бўлса бемалол иқтисодий судга мурожаат қилишлари мумкин эди-ку?

Бу борада пахтачиликдан четлаштирилган «SULTONTEX GROUP» кластерининг 300дан зиёд, умумий қиймати 8,5 миллион долларлик яп-янги техникалари гаражларда турибди.

50ger50g08.jpg (922×591)

Уларнинг орасида замонавий тракторлар, культиваторлар, ғўзага дори сепиш ускуналари, ҳаттоки АҚШдан келтирилган пахта териш комбайнлари ҳам бор. 2020 йил ҳосил учун минерал ўғитлар ва кимёвий дори воситалари ҳам омборларда «яроқлилик муддати тугаши»ни кутиб ётибди.

«SULTONTEX GROUP» раҳбари қишлоқ хўжалигини тушунадиган барча кадрлар етарли эканлигини таъкидлаб ўтди, кластер лабораториясида пахта зараркунандаларига қарши курашиш учун 17 минг гектарга етадиган личинкалар етиштириб қўйилганига гувоҳ бўлдик.

Кластер, шунингдек, пул сарфлаб, далаларга чув чиқарган, коллекторларни таъмирлаган, томчилатиб суғориш технологиясини туманга секин-аста жорий этаётган эди.

Бош вазир ўринбосарига ёлғон ва хато ахборотлар берган туман ҳокимлиги эса асосий саноат корхоналари Қарши шаҳрида жойлашган кластерни туманда ишлатмоқчи эмас. Ва бу машмашаларнинг барчаси кластерга алоқаси бўлмаган ғалла учун 5,636 миллиард сўм бермагани оқибатидан келиб чиқмоқда.

Кластер раҳбари бўлиб ўтаётган ишлардан тушкун аҳволда. «Барчасини тармоққа янгилик яратиш, пахтачиликда ҳосилдорликни ошириш, унга замонавий технологияларни олиб кириш, кўпроқ иш ўрни яратиш учун қилган эдим», — деди у биз билан суҳбатда. Ишлаб чиқариш корхоналари Қарши шаҳрида бўлса ҳам ишчилар ўртасида Қарши туманидан қатнаб ишлаётганлари ҳам бўлган.

У банкдан олинган кредитларни ёпиш учун техникаларни сотувга қўйишга мажбур бўлган.

Ҳолбуки, Қаршида ип йигирув фабрикаси, ундан чиройли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, бир йил ичида қурилиб ишга туширилган тикувчилик фабрикаси фаолият кўрсатиб турибди.

Кластер ихтиёрида пахта тозалаш заводи, ёғ заводи ҳам бўлиб, ишлашга шай, ўз навбатини кутмоқда.

Ундаги сўнгги русумдаги дастгоҳлар Европадан келтирилган. Тайёр маҳсулотлар хорижга экспорт қилинмоқда. Кластер ўзи пахта етиштириб, фермерлардан пахтани сотиб олганида маҳсулот таннархи арзон бўлган бўлар эди. Президент ташаббуси билан кластер тажрибаси оммалаштирилганидан ҳам кўзланган бош мақсад шу эди. Энди биржа орқали тола сотиб олинса маҳсулотлар нархи ошишига олиб келади.

Хўш, бу машмашалардан ким ютади?

Энг қизиғи шундаки, воқеани холислик нуқтайи назаридан ёритишга уринган айрим блогерлар масаланинг моҳиятга тушунмасдан, «кластер монополия ўрнатган», «у мафия», «Тошкентда танкаси бор» деган бўҳтон фикрларни илгари суришмоқда ҳамда кластерга қарши бўлган фермерларнинг фикринигина олиб чиқишмоқда. Ўзингиз ўйланг, «Тошкентда танкаси бор» тадбиркорни маҳаллий раҳбарлар шу аҳволга сола олган бўлишармиди?

Яна бир жиҳат: кластер билан ишлашга розиман, деган фермерларни Қарши туман ҳокимлиги кластер билан шартнома имзолашга қўймаяпти ва фермерларга кооперация билан мажбурий шартнома имзолатяпти. Бу ҳолатда туманда энди кластер ўрнига кооперация монопол бўлиб қолаверади-ку?

Ҳолбуки кўплаб фермерлар вилоят ҳокими З.Мирзаев, туман ҳокимига кластер билан шартнома тузишга рухсат сўраб гуруҳ-гуруҳ бўлиб жамоавий хатлар йўллашмоқда. Уларнинг мурожаатлари ҳануз жавобсиз қолдирилмоқда.

Хўш, бу ҳолатда фермерлар учун энди нима яхши томонга ўзгаради? Кооперацияда замонавий техника ҳам йўқ, ўғит, культивация ва бошқа масалаларда кооперация билан шартнома имзолатилган фермерлар аллақачон муаммоларга дуч келишган.

Барчасига пахтачилик кластери ғалла ҳосилини йиғиб олиш учун учун пул кўчириб бермагани сабаб бўлмоқда. Буни расмийлар томонидан имзоланган ҳужжатлар ҳам исботлаб турибди. Ҳукуматга эса маълумотларни туман ҳокимлиги тайёрлаб берган.

25 май куни давом этган суд мажлисида туман ҳокими Мустафоева ҳам буни очиқ бўйнига олмади. «Нима бўлган бўлса ҳам мен ишга келишимдан олдин бўлган», деб таъкидлаган у. Ҳолбуки у 3 март куни ҳокимликка тайинланган ва барча воқеалар шундан кейин бошланган.

Боз устига, Мустафоева шу йил 10 апрель куни ўз имзоси билан Бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев, вилоят ҳокими Зоир Мирзаевга хат йўллаб, «SULTONTEX GROUP» туманда 2020 йил ғалла ҳосили учун азотли минерал ўғит ва кимёвий дори воситалар учун етишмаётган маблағларни қоплаш учун 5 миллиард 636 миллион сўмни ҳамон ўтказмай турганини ёзган.

Аслида гап буёқда. Туман раҳбарлари даладан бошқа ишлари ҳам бисёр бўлган кластер раҳбарини мажлисларга қатнашмагани учун айбдор қилишдан бошқа важ топа олишмаяпти.

Туман ҳокимлиги фермерларга зуғум ўтказмасдан, уларга ким билан шартнома имзолашни ўз ихтиёрларига қўйиб беришлари керак эмасми аслида? Майли, кластер билан ишлашдан норози фермерлар кооперация билан шартнома имзоласин, кластер билан ишлашга рози бўлиб турганлар эса кластер билан битим тузсин.  

Айнан мана шу ҳолатда сих ҳам куймасди, кабоб ҳам. Шунчалик қийинми шу нарсага қўйиб бериш? Қийин шекилли...

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири.
Фахриддин Ҳотамов, тасвирчи.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top