12:45 / 28.05.2020
12177

Тошкент вилоятида юк машинаси ва эшак арава иштирокидаги ЙТҲда 2 киши вафот этди

Жиноят иши Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” бандига қайта малакаланган. 

Фото: Тергов департаменти

2020 йилнинг 26 май куни соат 06:00да ҳайдовчи, 28 ёшли Қ.Ж. МЧЖга тегишли “HOWO” русумли оғир юк машинани М-39 “Тошкент-Термиз” халқаро автомобиль йўли орқали “Тошкент-Чиноз” томонга бошқариб, мазкур йўлнинг Тошкент вилояти Янгийўл тумани Мустақиллик кўчасида ҳаракатланиб кетаётган бўлган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, шу вақтда ўзи билан бир йўналишда йўлнинг ўнг қисмида эшак аравани бошқариб кетаётган фуқаро, 24 ёшли Х.В. ва турмуш ўртоғи 20 ёшли О.В.ни автомашинанинг ўнг олд қисми билан уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Натижада, Х.В. ва унинг турмуш ўртоғи О.В. олган тан жароҳатлари билан тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган, О.В.га кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Янгийўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

2020 йил 27 май куни Х.В. ҳам кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан олган оғир тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган. 

Жиноят иши ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми “а” бандига (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) қайта малакаланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top