08:13 / 29.05.2020
3688

Бостон марафони 124 йиллик тарихи давомида илк бор бекор қилинди

Дунёнинг энг нуфузли ва узоқ йиллик тарихга эга марафонларидан бири бўлган Бостон марафони коронавирус пандемияси сабабли бекор қилинди. Бундай ҳолат марафоннинг 124 йиллик тарихи давомида биринчи марта юз бермоқда.

Фото: Nicolaus Czarnecki / ZUMA Press / Global Look Press

“Бизнинг асосий устувор вазифа жамият, ходимларимиз, иштирокчилар, кўнгиллилар, томошабинлар ва мухлислар соғлиғини асраш ҳисобланади”, деб айтган марафон ижрочи директори Том Грилк.

Дастлаб жорий йилдаги марафон 20 апрелда ўтказилиши керак эди, бироқ кейинроқ уни 14 сентябрга кўчиришга қарор қилинганди.

Марафонда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтганларга кириш бадалларига сарфланган пул тўлиқ қайтарилади. Бундан ташқари, исталган одам марафоннинг виртуал версиясида иштирок этиши мумкин бўлади. Бунинг учун марафон масофасини югуриб ўтиб, бунинг тасдиғини тақдим қилиш керак. Виртуал марафонда иштирок этган барча спортчилар Бостон марафонининг расмий дастури, иштирокчи футболкаси ва медал олади.

Бостон марафони биринчи марта 1897 йилда ўтказилган. 2013 йилги марафон вақтида теракт содир этилиши оқибатида 3 киши ҳалок бўлган, 282 югурувчи жароҳат олган эди.

Top