15:17 / 05.06.2020
11456

Греция нефть ва мигрантлар туфайли Туркия билан урушга тайёрлигини маълум қилди

Аввалроқ истеъфодаги вице-адмирал Диакопулос Греция Туркия билан муносабатлар кескинлашиши ортидан вазиятнинг ҳар қандай кўринишдаги ривожига тайёрланаётганини айтганди. 

Фото: Milos Bicanski / Getty Images

Греция Туркия билан сиёсий низони ҳарбий йўл билан ҳал қилишга тайёр. Бу ҳақда Греция мудофаа вазири Никос Панайотопулос маълум қилди, деб ёзади «Катимерини» нашри.

«Охирги вақтда Туркиянинг ўзини тутиши анча тажовузкор бўлди. Мен Греция учун буни ҳал қилишнинг ягона йўли дипломатик воситалардан фойдаланиш, иккинчи йўли эса қуролли кучларни кучайтириш деб ҳисоблайман», — деди у. 

Журналистлар ундан бош вазирнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Александрос Диакопулоснинг Греция ҳарбий низога тайёрлиги ҳақидаги сўзларини тасдиқлаши мумкинлиги ҳақида сўрашганида, мудофаа вазири «ҳа» деб жавоб қайтарган.

Аввалроқ истеъфодаги вице-адмирал Диакопулос Греция Туркия билан муносабатлар кескинлашиши ортидан вазиятнинг ҳар қандай кўринишдаги ривожига тайёрланаётганини айтганди. 

«У биз ҳар қандай ҳолатга тайёрланаётганимизни айтди. Ҳарбий иштирок ҳам шулар қаторига киради. Биз буни истамаймиз. Аммо суверен ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз», — деди Панайотопулос.

28 февралда Туркия Суриянинг Идлибида вазият кескинлашганидан кейин мигрантлар ва қочқинлар оқимини тўхтатиб тура олмаслигини билдирди ва ЕИ билан чегарасини очиб юборди. Шундан сўнг юз мингдан ортиқ қочқинлар Греция ҳудудига ўтди. Греция бош вазири Туркияни мигрантлар контрабандачиси деб атади

Бундан ташқари, Туркиянинг "Фотиҳ" бурғулаш кемаси ЕИнинг санкциялар таҳдидига қарамасдан Кипр соҳиллари яқинидаги углеводород конларида геология-разведка ишларига киришди

Top