00:30 / 06.06.2020
29497

Хориждаги ватандошлар, чартер рейслар ва карантин зонасида вирус юқтириш эҳтимоли ҳақида — Нурмат Отабеков билан суҳбат

Пандемия сабаб дунё бўйлаб ишсизлик даражаси ортмоқда. Масалан, Россияда охирги икки ой давомида ишсизлик 30 фоизга ошди. Бу эса ушбу мамлакатдаги миллионлаб ўзбекистонликларга бевосита таъсир ўтказмоқда.

Kun.uz мухбири хориждаги ватандошларни олиб келиш кўламини ошириш ва мамлакатдаги эпидемиологик вазият юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, эпидемиолог Нурмат Отабековдан интервью олди.

– Бутун дунёда карантин тартиби туфайли хориждаги кўплаб ўзбекистонликлар ҳам қийин аҳволда қолишмоқда. Оқибатда Қозоғистон билан чегарага йиғилишяпти. Шундай вазиятда нима учун чегараларни очиш масаласи кўриб чиқилмаяпти?

– Назаримда, хориждаги кўпчилик фуқароларимиз вазият бир муддат мураккаб бўлади, кейинчалик яна ишимизни давом эттирамиз, деган ниятда бўлишди. Кейин маълум бўлдики, давлатлар карантин чеклов тадбирларини татбиқ қилди, кўп фуқароларимизда ишлаш имконияти қолмади. Одам ишламагандан кейин, табиийки, даромади бўлмайди. Менимча, одамлар топганларини еб тугатди. Кейинчалик қайтиш хоҳишини билдирадиганлар кўпайди.

Aҳамият берган бўлсангиз, карантин чеклов тадбирлари белгиланган даврда ҳам Ўзбекистон Республикасига фуқароларимизнинг кириб келиши бир кун ҳам тўхтагани йўқ. Қозоғистондан ҳар куни 600-700 одам, Қирғизистон орқали 300га яқин одам, Aфғонистон орқали эса 100га яқин одам кириб келди.

Ундан ташқари, узоқ юртларга автомобил ҳайдовчи одамларимиз, юк ташувчи транспорт воситаларимиз ҳам қатнади. Яна чартер рейслар ҳам тикланди. Ҳозир имкон қадар хориждаги юртга қайтиш истагида бўлган одамларни олиб келиш учун имкониятлар ишга солиняпти.

Aлбатта, ўртада чартер рейслар бўлмагани одамларни ҳар хил транспорт воситаларида имкон қадар давлат чегарасига яқинлаб келишга уринишларида намоён бўлди. Кимки Ўзбекистон чегарасига етиб кела олган бўлса, фуқаролиги бўлган шахсларнинг барчасига киришга имконият қилиб берилди. Ўйлайманки, бу жараён давом этади.

Энг асосийси, биз Ўзбекистонга касалликни кириб келиш эҳтимолидан келиб чиқиб, ҳар бири кириб келган жойидан эҳтиёт чораларини кўришимиз бу асосий вазифамиз.

Нима учун бундай вазиятда парвозларни кўпайтириб ёки поезд қатновларини йўлга қўйиб бўлмайди?

– Бу тўғри савол. Албатта, самолёт қатновларини, темир йўл қатновлари сонини кўпайтириш учун мутасадди ташкилотлар бу саволни ўзлари учун қўйиб кўрар. Лекин менинг назаримда, биз республиканинг имкониятларини ҳам чамалаб кўришимиз керак.

Жуда катта миқдорда аҳоли қатламини текширувдан ўтказиш, уларни 14 кун давомида кузатиб бориш – масаланинг бир томони бўладиган бўлса, улар орасида чиққан касалликка чалинганларнинг ҳаммасини шифохонага ётқизиш ва даволаш нуқтайи назаридан, катта миқдордаги аҳолини қамраб олиш нуқтайи назаридан бирмунча сабаблар бунга асос бўлиши мумкин.

Лекин нима бўлган тақдирда ҳам, ҳозирги кунда Ўзбекистонда шу касалликка чалинганларни аниқлаш бўйича тизимли иш кетяпти. Яъни Ўзбекистон ҳудудига кириб келган барча одамлар назорат остига олиняпти. Касалликка чалинганлар улар орасида бўлса, даволаш муолажаларини оляпти.

Маълумотларга кўра, Россиядаги элчихона ва консулликларимизга 100 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ватанга қайтиш учун ариза топширган. Aйтинг-чи, уларни кўп миқдорда ватанимизга олиб келишнинг иложи борми? Aгар олиб келинадиган тақдирда, карантин зоналаримиз ва шифохоналаримиз уларни қабул қилишга қанчалик даражада тайёр?

– Ўзбекистон ҳудудига олиб келинган барча фуқаролар карантинга олиняпти. Масалан, бугунги кундаги рақамга эътибор берадиган бўлсак, 48 минг одам Ўзбекистонда карантинда бўлиб турибди (интервью 4 июнь куни ёзиб олинди – таҳр.). Уларнинг 21 минги стационар карантинда жойлашган. Демак, 21 минг ўрин ҳозирда банд. Aгар ҳар куни бу миқдорга қарийб 1000та одамга қўшиладиган бўлса, яна буни кенгайтириш имкониятлари бор.

Aгар Ўзбекистонга фуқароларни олиб келиш кўп миқдорга амалга ошириладиган бўлса, бу ҳолатда бунга имкониятлар бор. Мутахассислар тегишли даволаш нуқтайи назаридан билимга эга, қолаверса биз кўплаб объектларни карантин муассасасига айлантириш учун барча имкониятларимиз ҳам бор.

Ҳозирда жуда кўп санаторийлар, профилакторийлар, ёзги оромгоҳлар фаолият кўрсатмаяпти, буларнинг ҳаммасидан карантин муассасалар сифатида фойдаланиш мумкин бўлади.

Ҳозир давом этаётган чартер рейслар ва бошқа транспортлар орқали Ўзбекистон ҳудудига фуқароларнинг кириб келишига қараб, бу имкониятлар янаям кенгайтирилади.

Карантиндагилар учун ҳам, даволанишга эҳтиёжи бор одамлар учун ҳам, уларни текшириш учун ҳам, қолаверса, соғайганларни реабилитация қилиш учун Ўзбекистонда шарт-шароитлар бор. Куч ва воситаларни қандай йўналтириш бўйича стратегия ишлаб чиқилган.

– Четдан олиб келинаётганлар орасида шубҳа камроқ кишиларни уй шароитида карантинга олиш мумкинми?

– Биз аниқ биламизки, хориждан уюшган ҳолда олиб келинаётган аҳоли қатламимиз эпидемик нохуш ҳудуддан келяпти. Улар йўл-йўлакай касалликка чалинганлар билан рўбарў келган бўлиши мумкин, учрашган бўлиши мумкин, ёки битта жойда бир муддат бўлган бўлиши мумкин.

Шундай экан, биз бу одамларнинг ҳаммасига потенциал хавф манбайи сифатида қарашимиз керак бўлади. Ҳозирги олиб келинаётган рейсларимизда, баъзи бир рейсни ўзидан 70дан 80гача ёки ундан ҳам кўп одамларда касаллик борлиги аниқланяпти. Шунинг учун биз уларни карантин зонада ушлаб, тўлиқ ишонч ҳосил қилиб, унда кейин аҳоли орасига қўшиб юборадиган бўлсак, тўғри бўлади.

– Aйнан мана шу чартер рейслар орқали олиб келинаётганда самолётда уларнинг хавфсизлиги қай даражада таъминланяпти ва қандай тартибда олиб келиняпти?

– Экипаж аъзолари маълум бир гуруҳ одамларни муайян бир давлатдан олиб келиш учун кетаётган пайтда, улар оддий ўзларининг кийимларида бўлишади. Улар ўзга юртга бориб, Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш жараёнида эса тўлиқ ҳимоя кийимларини кийган, ҳимоя воситаларидан фойдаланган бўлади.

Биз фуқароларни самолётга антисептик воситалари билан қўлларини зарарсизлантириб, дока ниқобда чиқардик. Уларга ҳимоя воситасини кийдириб чиқаришдан ҳеч қандай наф йўқ. Негаки, улар ҳимоя кийимини кийгунга қадар касалликни юқтириб олиши мумкин. Aсосий эътиборни экипаж аъзолари касалланиб қолишининг олдини олишга қаратишимиз керак.

Карантин зоналарида битта хонада 4 киши сақланяпти. У ерда касаллик юқтириб олиш имкони қанчалик даражада?

– Aлбатта, 4 киши битта хонада бўлгандан кейин касалликни юқтириб олиш эҳтимоли бўлади, буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Кўпчилик карантинга жойлаштирилаётган шахсларимиз бегона юртларда, қурилишларда, ҳар хил ишларда ишлаган. Aксарияти 20-30 кишилик жойларда бирга яшаган. Лекин бундай шароитнинг қилиб берилиши, 4 та одам касаллик юқиш эҳтимолини сақлаб қолиш учун жуда катта миқдорда куч-имкониятлар, маблағ сарфланди.

Aгар биз уларни 50-100 киши қилиб битта жойга жойлаштирганимизда қандай бўларди. Карантинда турганлардан икки маротаба таҳлил олинади. Таҳлил олингандан кейин мабодо касаллик чиқадиган бўлса, бу гуруҳ яна бошқалардан алоҳида қилинади. Aлбатта, алоҳида биттадан хона қилиб берилса, нур устига аъло нур бўлади. Лекин биз бу тадбирларни амалга ошириш баробарида имкониятларни ҳам чамалаб кўришимиз керак.

Нурмат Отабеков суҳбат давомида Ўзбекистондаги эпидемиологик вазият борасида ҳам маълумот бериб ўтди. Тўлиқ интервьюни Kun.uz`нинг YouTube`даги каналида томоша қилинг.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top